[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб icon

[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб

Название[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб
страница1/4
Дата конвертации10.07.2013
Размер0.53 Mb.
ТипДокументы
  1   2   3   4

Никоҳ китоби

[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]

1. Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб

2. Совчи қўйишга доир ҳукмлар ҳақидаги боб

3. Никоҳ ақди, унинг рукнлари ва шартлари ҳақидаги боб

4. Никоҳдаги кафоат (тенглик) ҳақидаги боб

5. Никоҳи ҳаром бўлган аёллар ҳақидаги боб

6. Никоҳдаги шартлар ҳақидаги боб

7. Никоҳдаги айблар ҳақидаги боб

8. Кофирларнинг никоҳлари ҳақидаги боб

9. Никоҳдаги садоқ (маҳр) ҳақидаги боб

10. Никоҳ тўйи – валима ҳақидаги боб

11. Ишратун-нисо (рўзғор тутиш) ҳақидаги боб

12. Аёлнинг нафақасини ва тақсимини соқит қиладиган нарсалар ҳақидаги боб

Таржимон: Ислом нури веб саифаси

www.Islamnuri.com

2013 - 1434

MyIslamicBooks.tk

بسم الله الرحمن الرحيم

Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб

Бу мавзу ҳам ғоят муҳим мавзулардан бўлиб, фуқаҳолар ўз китобларида унга кенг ўрин ажратганлар, унинг ҳукмларини батафсил баён қилганлар, унинг мақсад ва асоратларини кенг ёритиб берганлар. Чунки, у Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан машруъ бўлган.

Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар» (Нисо: 3). Уларга уйланиш ҳаром бўлган аёлларни зикр қилиб ўтгач, Аллоҳ таоло айтади: «Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди» (Нисо: 24).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам турмуш қуришга ундаганлар ва тарғиб қилганлар, «Эй йигитлар жамоаси, қай бирингиз уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Чунки (уйланиш) кўзни номаҳрамга тикишдан, авратни ҳаромдан (зинодан) сақлайди», деганлар (Бухорий (5066) ва Муслим (1400) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Яна айтганлар: «Қиёмат куни бошқа пайғамбарлардан умматимнинг кўплиги билан фахрланишим учун севимли ва серпушт аёлларга уйланинглар» (Абу Довуд (2050), Насоий (3227) Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Никоҳнинг ортида жуда кўп манфаатлар бор. Жумладан:

Инсон наслининг давом этиши, мусулмонлар сонининг кўпайиши, Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи ва динини ҳимоя қилувчи фарзандлар етиштириб чиқариш билан кофирларни ҳафа қилиш.

Жинсий аъзолар иффатини сақлаш ва уларни инсоний жамиятларни бузиб юборадиган ҳаром лаззатланишлардан сақлаш.

Эркак киши аёл устида раҳбар бўлиб, инфоқ қилиб туриши. Аллоҳ таоло айтади: «Эркаклар хотинлари устида раҳбардурлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир» (Нисо: 34).

Эр-хотин ўртасида кўнгил яқинлик ҳосил бўлиши ва ором-осойишталик пайдо бўлиши. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир» (Рум: 21), «У (Аллоҳ) шундай зотки, сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором-осойиш топсин деб унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди» (Аъроф: 189).

У инсоний жамиятларни ахлоқларни емирадиган ва фазилатларни вайрон қиладиган ахлоқсиз фаҳш ишларга тушишдан ҳимоя қилади.

Насл-насабларни асраш, ўзаро қариндош-уруғчилик алоқаларини боғлаш, меҳр-мурувват, силаи раҳм ва ҳаққа ёрдам кўрсатиш каби олийжаноб хислатлар ҳукм сурадиган шарафли хонадонлар барпо бўлиши.

Одамзотнинг ҳайвоний ҳаётдан улуғ инсоний ҳаёт сари юксалиши.

Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатлари асосида барпо бўлувчи улуғ ва покиза шаръий никоҳнинг башарият учун бундан бошқа ҳам кўплаб манфаатлари бор.

Никоҳ – эр-хотиннинг бир-биридан фойдаланишини ҳалол қилиб берувчи шаръий ақд-битимдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аёлларга яхши муомалада бўлинглар! Зеро, улар сизларнинг ҳузурингизда асиралардир» (Термизий (1163), Насоий «Ал-кубро»да (5/372, №9169) Ибн Можа (1851) Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Аёл киши эрининг ҳукми остида бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни асирага ташбеҳ қилдилар.) Бир ривоятда: «Уларнинг номусларини Аллоҳнинг калимаси билан ҳалол қилиб олдингизлар» (Муслим (1218) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Никоҳ ақди – эр-хотин ўртасидаги аҳду-паймондир. Аллоҳ таоло айтади: «Улар (яъни хотинларингиз) сизлардан қатъий аҳд-паймон олганларидан сўнг...» (Нисо: 21). У эр-хотиннинг ҳар бирини иккинчисига нисбатан унинг тақозосига кўра амал қилишини вожиб қиладиган битимдир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, аҳдларга (ўзаро келишган битимларга) вафо қилингиз!» (Моида: 1).

Имконияти бор бўлган ҳамда бировига оғиб кетишидан омонликда бўлган киши биттадан ортиқ аёлга уйланишига рухсат берилган. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг)» (Нисо: 3). Бу ерда талаб қилинган адолат – қилиш имконияти бор бўлган адолатдир, яъни, нафақада, кийим-кечакда, уй-жойда ва ётоқда аёллар ўртасида тенгликни вужудга келтиришдир.

Кўпхотинлиликка рухсат бериши шариатимизнинг гўзал сифатларидан ва ҳамма замону-маконларга яроқли эканидандир. Чунки, бунда эркакларга ҳам, аёлларга ҳам, бутун жамиятга ҳам жуда катта манфаатлар ҳосил бўлади.

- Зеро, аёлларнинг сони эркаклар сонига қараганда кўплиги маълум, бунинг устига урушлар, йўл ҳодисалари каби хатарлар одатда эркаклар устига тушиб, уларнинг сонлари яна ҳам камайиб, аёллар сони эса ортиб боради. Агар эркак кишини фақат битта аёлга чеклаб қўйилса, жуда кўп аёллар турмушсиз қолишига тўғри келади.

- Шунингдек, маълумки, аёл киши ҳайз ва нифос каби жинсий яқинликка имкон бермайдиган кунларни бошдан кечиради. Агар эркак кишини бошқа аёлга уйланишдан ман қилинса, кўп вақтларни жинсий қониш ва наслини кўпайтиришдан маҳрум қилинган ҳолда ўтказишига тўғри келади.

- Маълумки, аёл кишидан жинсий жиҳатдан тўла ва самарали фойдаланиш унинг ўтиш (климакс) даврига, яъни 50 ёшга етиши билан ниҳоясига етади. Эркак кишида эса ундай эмас, унинг жинсий активлиги ва насл қолдиришга қодирлиги мўйсафдлик ёшигача ҳам давом этади. Агар уни битта аёлга чеклаб қўйилса, кўп яхшиликлардан маҳрум қилинган, насл қолдириш ва фарзанд кўриш имконияти чеклаб қўйилган бўлади.

- Ундан ташқари, маълумки, аксарият жамиятларда ҳар доим аёлларнинг адади эркакларнинг ададидан кўп бўлиб келган. Агар битта эркакни битта аёлга чеклаб қўйилса, бу кўплаб аёлларни оиласиз қолишига олиб келади. Қолаверса, бу хулқий бузуқликларга ва кўплаб аёлларнинг зое бўлиб, оилавий ҳаёт лаззатидан фойдалана олмасликларига олиб келади.

Кўпхотинлиликка рухсат берилишида кўп етук ҳикматлар бор, Аллоҳ таоло бу йўлни тўсишга ва ушбу манфаатларни йўққа чиқаришга уринувчиларга ўзи кифоя қилсин.

Никоҳланиш ва турмуш қуриш – шаръий ҳукм жиҳатидан – беш турга бўлинади: у гоҳо фарз бўлади, гоҳо мустаҳаб бўлади, гоҳо мубоҳ бўлади, гоҳо ҳаром бўлади, гоҳо макруҳ бўлади.

- Агар турмуш қурмаса, зино қилиб қўйиш хавфи бўлган киши учун турмуш қуриш фарз бўлади. Чунки, никоҳ уни ҳаромдан пок сақлаш учун ҳалол йўлдир. Бу ҳолат хусусида шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар инсон турмуш қилишга муҳтож бўлса ва уни тарк қилиш билан ўзига машаққат етишидан қўрқса, турмуш қуришни фарз ҳаждан муқаддам қилади» (Ал-фатавал-кубро: 5/449). Бошқалар турмуш қуриш у учун нафл ҳаждан ва нафл намозу рўзадан афзал бўлади, деганлар. Уларга кўра, бу ҳолатда инфоқ қилишга қодир бўлиш билан ожиз бўлиш ўртасида фарқ йўқдир.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Аҳмаднинг ва аксариятнинг сўзларининг зоҳири қодирликни эътибор қилмасликдир. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзи беҳожат қилишни ваъда қилган: «Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур» (Нур: 32). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан ҳеч вақосиз тонг оттирардилар ва ҳеч вақосиз кеч киртирардилар (Бухорий (2566) ва Муслим (2972) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар), у зот темир узукка ҳам қодир бўлмаган бир кишини уйлантириб қўйганлар» (Бухорий (5087) ва Муслим (1425) Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

- Шаҳват (истак-майл) бор бўлиб, зино хавфи бўлмаган ҳолатда турмуш қуриш мустаҳаб бўлади, чунки бу кўпчилик эркак ва аёлларнинг манфаатларини ўз ичига олган бўлади.

- Шаҳват ҳам, уйланишга рағбат ҳам йўқ бўлган ҳолатдаги кишининг, масалан, жинсий заиф одам ва мўйсафиднинг турмуш қуриши мубоҳ (яъни, мумкин) иш бўлади. Баъзан эса айни шу ҳолдаги одамнинг уйланиши макруҳ бўлади. Чунки, бу турмуш аёл кишининг никоҳдан бўлган ғаразини рўёбга чиқармайди ва унга зарар келтиради.

- Мусулмон киши агар кофир ҳарб диёрида (яъни уруш ҳолатидаги кофир душманлар диёрида) бўлса, уйланиши ҳаром бўлади. Чунки, зурриётини хатарга қўйиш ва уларни кофирларнинг истилоси остида қолдириш хавфи бор бўлади, аҳли-аёли учун ҳам душмандан хотиржам бўлмайди.

Иффатли, асли тоза, диндор аёлга уйланиш суннатдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Aёл кишигa тўрт сaбaбдан бири учун, яъни, бoйлиги, нaсaби, ҳусни ёки дини учун уйлaнилaди. Шундaй экaн, сeн диндoригa уйлaнишгa ҳaрaкaт қил, барака топкур», дeганлар (Бухорий (5090) ва Муслим (1466) ривоятлари).

Аёл кишига динидан бошқа сабаб учун уйланишдан қайтариқ келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёлларга ҳусни учун уйланмангларки, ҳуснлари уларни ҳалок қилиши ҳам мумкин. Мол-дунёси учун ҳам уйланмангларки, моллари уларнинг туғёнларига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Уларга дин учун уйланинглар» (Ибн Можа (1859) шу маънода, Байҳақий (7/80) шу лафз билан Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизга уйланишга тарғиб қилганлар, Жобир розияллоҳу анҳуга: «Қиз болага уйланмабсизда, у билан ўйнаб-кулардингиз», деганлар (Бухорий (5247) ва Муслим (715) ривоятлари. Қизга уйланишда кўнгил яқинлик тўла-тўкис ҳосил бўлади, чунки у аввал бошқа эр кўрмаган ва дилида бошқа эркакнинг муҳаббати таъсири қолмаган бўлади.

Серпушт аёлга, яъни аёллари серфарзандлик билан танилган хонадон аҳлидан уйланиш суннатдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни бошқа пайғамбарлардан умматимнинг кўплиги билан фахрланишим учун севимли ва серпушт аёлларга уйланинглар», деганлар (Абу Довуд (2050), Насоий (3227) Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Шу маънода бошқа ҳадислар ҳам келган.

Уйланиш ҳукми шахсларнинг ҳолатлари фарқли бўлишига, уларнинг жисмоний ва молиявий куч-қувватларига ва оила масъулиятини кўтаришга бўлган ҳозирликларига қараб фарқли бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшларни эртароқ уйланишга ундаганлар. Чунки, улар бунга бошқалардан кўра муҳтожроқ бўладилар. У зот айтганлар: «Эй йигитлар жамоаси, қай бирингиз уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Чунки (уйланиш) кўзни номаҳрамга тикишдан, авратни ҳаромдан (зинодан) сақлайди. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин! Чунки, рўза унга (ҳаромга тушиб қолишидан) қалқондир» (Бухорий (5066) ва Муслим (1400) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Баъзилар «қодирлик»дан мурод жимоъ, дейишган, баъзилар никоҳ учун керакли нарсалар, дейишган. Ҳар икки сўз ўртасида қарама-қаршилик йўқ.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки тартибли иш орқали шаҳватга қарши курашиш ва унинг хатаридан сақланишга буюрдилар. Яъни, қодир бўлган одам уйланишига, қодир бўлмаган одам эса рўза тутишига буюрдилар. Бу эса инсон ўз нафсини хатар сўқмоқларида ташлаб қўймаслиги кераклигига далолат қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу-карами) кенг, билувчидир. Никоҳ (учун лозим бўлган мол-давлатни) топа олмаган кишилар то Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-бадавлат қилгунича ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!» (Нур: 32, 33).


Совчи қўйишга доир ҳукмлар ҳақидаги боб

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бир киши бирон аёлга харидор бўлса, ундан унинг никоҳига чорлайдиган бирон нарсани кўришга қодир бўлса, кўрсин», деганлар (Абу Довуд (2082), Аҳмад (3/334, №14586), Байҳақий (7/84) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бошқа бир ҳадисда: «Унга назар ташлагин, чунки бу ўрталарингга меҳр-муҳаббат солинишига лойиқроқдир», деганлар (Насоий (3235), Термизий (1087), Ибн Можа (1865) Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ушбу ҳадислар совчи қўйилаётган аёлнинг одатда кўриниб турадиган ўринларига назар ташлашга изн борлигига ва бу у аёлнинг хабари бўлмаган ҳолда ва у билан ёлғиз қолинмаган ҳолатда бўлиши лозимлигига далил бўлади.

Фуқаҳолар айтганлар: «Бир аёлга харидор бўлишни истаган ва унинг ижобат қилишига ишончи комил бўлган одам агар фитнадан омонликда бўлса, у билан ёлғиз қолмаган ҳолда, унинг одатда очиқ бўладиган ўринларига назар ташлаши мубоҳ бўлади».

Жобир розияллоҳу анҳу ҳадисида келганидек: «Мен уни яширинча пойлардим, ҳатто унинг никоҳига чорлайдиган баъзи нарсаларни кўрдим» (Юқорида келган ҳадиснинг давоми).

Бу эса у билан ёлғиз қолмаслик кераклигига ва у аёл бундан хабарсиз бўлиши кераклигига, шунингдек, одатда аёлнинг жисмидан очилиб турадиган ўринларгагина қараш жоизлигига ва бу рухсат ўша аёлга уйланиш гумони ғолиб бўлган киши учун хос эканига далил бўлади. Агар ўзи кўриши имкони бўлмаса, бирон аёлни унинг ёнига юбориши, у бориб кўриб келиб, унга айтиб бериши мумкин. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Сулаймни бир аёлни кўриб келишга юборганлар (Аҳмад (3/231, 13424) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Қай бир кишидан хотиб (яъни, бировга совчи қўяётган эркак) ёки махтуба (яъни, унга совчи қўйилаётган аёл) ҳақида маслаҳат сўралса, айбу камчилиги бўлсин, бошқаси бўлсин, яширмай, рўйи рост айтиши лозим бўлади, бу нарса ғийбат ҳисобланмайди.

Иддада ўтирган аёлга: «Мен сизга уйланишни хоҳлайман» деб, очиқ лафз билан харидор бўлиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «У аёлларга (яъни, эрлари ўлиб, идда сақлаб турган аёлларга) совчиликни шама қилишингизда ёки ичларингизда (совчилик ҳақида) ўйлашингизда сизлар учун гуноҳ йўқ» (Бақара: 235). Яъни, иддада ўтирган аёлга таъриз – яъни, шама йўли билан харидор бўлишга рухсат берди. Яъни, масалан: «Мен ҳам сизга ўхшаган бир аёлга уйлансам, дегандим» ёки «Турмуш қилиш ниятингиз бўлса, биз ҳам бехабар қолмайлик» деганга ўхшаш. Бу тасриҳ – яъни, очиқ лафз билан харидор бўлмасликка далолат қилади. Чунки, тасриҳда никоҳдан бошқа мақсад тушунилмайди ва аёл киши турмушга чиқишга қизиққан бўлса, иддаси тамом бўлмасидан туриб тамом бўлди деб хабар бериши эҳтимолидан омонликда бўлинмайди.

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Иддада ўтирган аёлга очиқ совчи қўйишни ҳаром қилди ва гарчи, идданинг тамом бўлиши муддати аёлга боғлиқ бўлмаса ҳам, эри вафот қилган аёлнинг иддасида ҳам буни ҳаром қилди. Чунки, совчи қўйишга рухсат бериш баъзан аёл кишининг ижобатга шошилишига ва иддаси тугагани ҳақида ёлғон ахборот беришига олиб келиши мумкин» (Иъламул-муваққиъийн: 3/140).

Идда сақлаб ўтирган аёлга уни уч талоқдан бошқа боин талоқ билан талоқ қилган киши (яъни, ўзининг эри) очиқ ҳам, шама йўли билан ҳам харидор бўлиши мумкин. Чунки, у иддаси ичида ҳам уни қайта никоҳлаб олишига рухсат бордир.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Идда сақлаб ўтирган аёлга унинг иддаси ичида ҳам уйланиши мумкин бўлган киши томонидан тасриҳ ва таъриз билан харидор бўлиш мубоҳдир» (Ал-фатавал-кубро: 5/449).

Мусулмон киши мусулмон биродарининг совчилиги устига совчи қўйиши ҳаром бўлади. Ким бир аёлга харидор бўлган ва унга ижобат қилинган бўлса, то унга тегишга рози бўлгунича ёки рад қилгунича бошқа бировнинг унга совчи қўйиши ҳаром бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир киши биродарининг совчилиги устига – то у (биродари ўша аёлга) уйланмагунича ёки уни тарк қилмагунича – совчи қўймасин», деганлар (Бухорий (5144), Насоий (4849), Муслимда ҳам шунга ўхшаш (1413) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривояти). Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Мўмин киши биродарининг совчилиги устига то у тарк қилмагунича совчи қўйиши ҳалол бўлмайди», дейилади (Саҳиҳ Муслим (1414), Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Бировингиз биродарининг совчилиги устига совчи қўймасин» (Бухорий (5142), Муслим (1412) ривоятлари). Бухорий ривоятида: «Бир киши бир кишининг совчилиги устига то ўзидан олдинги харидор (харидорликни) қўймагунича ё унга (совчи қўйишга) изн бермагунича совчи қўймасин» (Юқоридаги ҳадис).

Бу ва шу маънодаги бошқа ҳадислар мусулмон киши биродарининг совчилиги устига совчи қўйиши ҳаромлигига далолат қилади. Чунки, бунда биринчи харидорга нисбатан бузғунчилик ҳамда одамларнинг ҳақларига тажовуз қилиш ва улар ўртасида адоват ҳосил бўлиши келиб чиқади. Агар биринчи харидорга рад жавоби берилса ёки унинг ўзи иккинчи харидорга изн берса ё у аёлни тарк қилса, шундагина иккинчи харидор унга совчи қўйиши жоиз бўлади. Бу мусулмон кишининг ҳурматидан ва унга тажовуз қилишнинг ҳаромлигидандир.

Айрим одамлар бунга бепарволик қиладилар ва бир аёлга биров совчи қўйганини билиб туриб совчи қўядилар. Бу эса биродарининг ҳаққига тажовуз ва унинг битаётган ишини бузишга уриниш деб баҳоланади. Бундай қилиш қаттиқ ҳаромдир.

Мусулмон киши бундан огоҳ бўлиши ва мусулмон биродарларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиши лозим. Чунки, мусулмоннинг мусулмон биродари устидаги ҳаққи улкан, унинг совчилиги устига совчи қўймайди, байи устига бай қилмайди, унга бирон турдаги озор билан озор бермайди.


Никоҳ ақди, унинг рукнлари ва шартлари ҳақидаги боб

Никоҳ ақдидан олдин никоҳ ўқувчи киши ёки ҳозир бўлганлардан бирортаси «Ибн Масъуд хутбаси» деб аталган хутбани ўқиши мустаҳабдир. Унинг лафзи қуйидагича:

إن الحمد لله ، نحمده ، ونستعينه ، ونستغفره ، ونتوب إليه ، ونعوذ بالله من شرور أنفسنا وسيئات أعمالنا ، من يهده الله فلا مضل له ، ومن يضلل فلا هادي له ، وأشهد أن لا إله إلا الله ، وأشهد أن محمدا عبده ورسوله

(Маъноси: Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир) (Абу Довуд (2118), Насоий (3277), Термизий (1105), Ибн Можа (1892) Аҳмад (1/432, №4115) Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ушбу хутбадан кейин Қуръондан қуйидаги уч оятни ўқийди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنْتُمْ مُسْلِمُونَ آل عمران: ١٠٢

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبًا (النساء: ١)

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)!» (Нисо: 1).

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلًا سَدِيدًا (70) يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا الأحزاب: ٧٠ - ٧١

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70-71).

Никоҳ ақдининг рукнлари учта:

Биринчи рукн: Никоҳнинг яроқлилигини тўсадиган монеълардан холи бўлган эр ва хотиннинг мавжуд бўлиши. Яъни, масалан, аёл киши бу эркакка насаб, эмикдошлик, идда ё бошқа сабаблар билан никоҳланиши ҳаром бўлган аёллардан бўлмаслиги, шунингдек эркак киши кофир, аёл эса мусулмон бўлган ҳолат ва шу каби шаръий монеълар бўлмаслиги.

Иккинчи рукн: Ийжоб ҳосил бўлиши. Яъни, аёлнинг валийсидан ёки валий ўрнидаги одамдан эркакка: «Мен сенга фалончихонни хотинликка бердим ёки сени унга никоҳладим» деган лафз айтилиши.

Учинчи рукн: Қабул ҳосил бўлиши. Яъни, эр ёки унинг вакили «Бу никоҳни қабул қилдим» деган лафзни айтиши.

Шайхулислом Ибн Таймия ва шогирдлари Ибнул Қаййим раҳимаҳумаллоҳ ихтиёр қилган фикрга кўра, никоҳга далолат қиладиган ҳар қандай лафз билан никоҳ боғланади, фақат «хотинликка бериш» ё «никоҳлаш» лафзларига чекланмайди (Ал-қоваъидун-нурония: 107-б, Иъламул-муваққиъийн: 2/24).

Никоҳни юқоридаги лафзларга чеклаган кишилар фикрига кўра, шу икки лафз Қуръонда келган. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, қачонки Зайд ундан (яъни Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач (яъни уни талоқ қилгач), Биз сизни унга уйлантирдик» (Аҳзоб: 37), «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг!» (Нисо: 22).

Лекин, воқеъда бу фақат шу икки лафзга чеклашни англатмайди, валлоҳу аълам.

Соқов кишининг никоҳи ёзув орқали ёки тушунарли ишора билан амалга ошади.

Ийжоб ва қабул ҳосил бўлса, гарчи бу лафзни айтувчи киши ҳазиллашиб айтган ва унинг ҳақиқий маъносини қасд қилмаган бўлса ҳам, никоҳ ақди боғланган бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч нарсанинг – талоқ, никоҳ ва ражъа (талоқ қилган аёлини қайтариб олиш)нинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий», деганлар (Абу Довуд (2194), Термизий (1148) ва Ибн Можа (2039) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
  1   2   3   4




Похожие:

[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб iconТаржимон: Ислом нури www
Зироат ва суғориш ишларидаги шерикликка (музораъат ва мусоқотга) доир ҳукмлар ҳақидаги боб
[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб iconЗакот китоби [ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ] Таржимон: Ислом нури веб саифаси
Аллоҳ сизу бизни муваффақ қилсин, билингки, закотга доир аҳкомлар ва унинг шартлари тафсилотини ўрганиш, закот кимнинг зиммасига...
[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб iconҚасос ва Жиноятлар китоби
Шижож (бош ва юзнинг ёрилиши) ҳамда суякларнинг синдирилишига доир аҳкомлар ҳақидаги боб
[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб iconҚасос ва Жиноятлар китоби
Шижож (бош ва юзнинг ёрилиши) ҳамда суякларнинг синдирилишига доир аҳкомлар ҳақидаги боб
[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб iconТаржимон: Ислом нури www. Islamnuri
Аёл кишига ҳажнинг вожиб бўлиши шартлари ва бировнинг ўрнига ҳаж қилишга доир аҳкомлар ҳақидаги боб
[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб iconНамоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]
Жамоат намозини тарк қилган кишининг ҳукми ва жамоат намози неча кишидан ташкил топиши ҳақида
[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб iconНамоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]
Жамоат намозини тарк қилган кишининг ҳукми ва жамоат намози неча кишидан ташкил топиши ҳақида
[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб iconТалоқ китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]
Хулъ (ечиб ташлаш) деб аталишига сабаб, аёл бамисоли кийимни ечгандек ўзини эридан ечиб (ажратиб) олади. Чунки, эр-хотин бир-бирига...
[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб iconИсро ва Меърож [ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ] الشيخ صالح المغامسي الإسراء والمعراج Шайх Солиҳ ал-Мағомисий Таржимон
Унинг шериги ва тенги йўқ, деб гувоҳлик бераман. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканига ҳам гувоҳлик...
[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб iconМерослар китоби
Опа-сингилларнинг қизлар билан биргаликдаги мероси ва она томонидан бўлган ака-укаларнинг мероси ҳақидаги боб
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©cl.rushkolnik.ru 2000-2013
При копировании материала обязательно указание активной ссылки открытой для индексации.
обратиться к администрации
Документы