Қиёмат аломатлари ҳАҚида icon

Қиёмат аломатлари ҳАҚида

НазваниеҚиёмат аломатлари ҳАҚида
страница3/5
Дата конвертации25.05.2013
Размер0.7 Mb.
ТипДокументы
1   2   3   4   5

Абу Довуд ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набийимиздан кейин бирор нарса бўлишидан қўрқиб Набиюллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадик. Бас, у зот:

«Албатта, менинг умматимда Маҳдий бордир. У чиқиб беш ёки етти ёки тўққиз яшайди», дедилар.

«У нима?» дедик.

«Йиллар. Унга бир одам келиб «Эй, Маҳдий! Менга бер! Менга бер!» дейди. У унинг кийимига кўтаришга кучи етганичани ҳовучлаб солиб беради», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақларида мусулмон уламолар орасида қадимдан у кишининг охири замонда чиқишлари борасида кўпгина баҳслар ўтган. Бу баҳслар натижаси турлича бўлиб чиққан.

Шийъа мазҳабидагилар имом Маҳдийни - Маҳдий мунтазар-интизор бўлиб турилган Маҳдий дейишади.

Аҳли Сунна вал жамоа мазҳабидаги уламолар бу масалада ўзаро алоҳида баҳс юритганлар. Баъзи уламолар, бу борада келган барча ҳадислар заифдир, деганлар. Булар озчилик бўлиб, уларнинг кўзга кўрингани Ибн Халдундир.

Кўпчилик уламолар, Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақидаги ҳадиси шарифлар катта саҳобалардан улуғ муҳаддислар томонидан ривоят қилинган, дейдилар. Бу ҳақдаги ҳадиси шарифларни Имом Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Табароний, Абу Яъло, Баззоз, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, ал-Ҳоким ва бошқалар ривоят қилган.

Ана ўша ҳадиси шарифлардан бир қисмини юқорида ўрганиб чиқдик. Уларнинг баъзиларида имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг номлари очиқ-ойдин тилга олинган бўлса, бошқаларида ишора қилинган. Уларни солиштириб чиқадиган бўлсак, бир неча умумий хулосалар чиқаришимиз мумкин:

Охири замон бўлганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оли байтларидан, Ҳазрати Али ва Биби Фотима розияллоҳу анҳумоларнинг ўғиллари имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг наслидан имом Маҳдий розияллоҳу анҳу чиқадилар.

Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг чиқишлари қуйидагича бўлади: Бир халифа ўлганда мусулмонлар ўртасида ихтилоф бўлади. Аҳли Мадинадан бир киши Маккага қочиб чиқади. Бас, унинг олдига аҳли Маккадан одамлар келиб, ўзи истамаса ҳам уни чиқариб Рукн ва Мақом орасида унга байъат қиладилар. Ана ўша киши Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.

Имом Маҳдий розияллоҳу анҳуга қарши Шомдан аскар юборилади. Шомдан юборилган аскарларни Макка ва Мадина орасидаги сайҳонликда ер ютади.

Қачон одамлар ўшаларни ер ютганини кўрганларида Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг олдига Шомнинг Абдоллари - авлиёлари ва аҳли Ироқнинг яхшилари келадилар ва унга байъат қиладилар.

Сўнгра қурайшдан тоғалари Бани калбдан бўлган бир киши чиқади. Бас, Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу уларга қарши аскар юборади ва уларга ғолиб келади. Кейин Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни тақсим қилади.

Сўнгра Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу одамлар орасида Набийлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилади. Ислом ер юзида қарор топади. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу зулм ва жаврга тўлган ер юзини адолат ва инсофга тўлдиради.

Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни сочади, уни санамайди. У кишининг даврларида молу мулк кўпайиб кетганидан ва ўзлари сахий бўлганларидан шундоқ бўлади.

Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу халифа бўлган ҳолда етти йил қоладилар. Сўнг у киши вафот этадилар ва мусулмонлар у зотнинг жанозасини ўқийдилар.


Қиёматнинг кичик аломатлари

Қиёматдан олдин зоҳир бўладиган кичик аломатлар ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан кўпини «Ҳадис ва Ҳаёт» китобининг «Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби» деб аталган ўттиз саккизинчи жузида батафсил ўрганилган. Ҳозир эса қиёматнинг кичик аломатлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Шу билан бирга ушбу аломатлардан баъзиларини уламоларимиздан қисманлари қиёматнинг катта аломатларидан санаганлари ҳам борлигини айтиб қўймоқчимиз.

Ҳузайфа ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқиб келдилар. Биз гаплашиб ўтирган эдик. Бас, у зот:

«Нимани гаплашмоқдасизлар?» дедилар.

«Қиёматни гаплашмоқдамиз», дейишди.

«Албатта, у ундан олдинги ўнта аломатни кўрмагунингизча қоим бўлмас», дедилар ва Тутунни, Дажжолни, Доббани, қуёшнинг мағрибидан чиқишини, Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи ва салламни нозил бўлишларини, Яъжуж-Маъжужни, учта ер ютишни; машриқдаги ер ютишни, мағрибдаги ер ютишни ва араб жазирасидаги ер ютишни ва охири Ямандан чиқиб одамларни маҳшарга қувлайдиган ўтни зикр қилдилар».

Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда қиёматнинг катта аломатларидан бир нечтаси ҳақида сўз бормоқда;

Тутун.

Қиёматдан олдин бир тутун зоҳир бўлади. У кофирларнинг нафасини олади ва мўминлар учун тумовдек бўлади. Ўша тутун ер юзида қирқ кун туради.

Дажжол.

Добба.

Қуёшнинг мағрибидан чиқиши.

Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нозил бўлишлари.

Яъжуж-Маъжуж.

Учта ер ютиши; машриқдаги ер ютиш, мағрибдаги ер ютиш ва араб жазирасидаги ер ютиш.

Ямандан чиқиб одамларни маҳшарга қувлайдиган ўт.

Бу ўт-олов Адан шаҳри қаъридан чиқиши ҳақида бошқа ривоятлардан айтилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Албатта, қиёматнинг аломатларидан: Илмнинг кўтарилмоғи, жаҳлнинг зоҳир бўлмоғи, зинонинг тарқалмоғи, хамрнинг ичилмоғи. Аёллар кўпайиб, эркаклар озайиб элликта аёлга битта бошлиқ бўлмоғи», дедилар».

Бунга ўхшаш аломатлар анчагина бўлиб, улардан баъзилари воқеъликда пайдо бўлгандир. Қолганлари аста-секин пайдо бўлиб бораверади.


ҚИЁМАТ

Қиёмат сўзининг маъноси тик туришдир. Ўша кунда ҳамма гўридан тик туриб тирилиши учун қиёмат шу ном билан номланган. Қиёматнинг бундан бошқа, ҳисоб куни, охират куни, маҳшар куни каби бир қанча исмлари ҳам бор.

Бундан аввал қиёматнинг аломатлари билан танишган эдик. Қачонки, ўша аломатларнинг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса Аллоҳнинг иродаси билан бу дунёнинг ажали етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма нарса остин - устин бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир.

Ҳа, ичидаги барча нарсалари белгиланган ажалгача туриб кейин тамом бўладиган бу дунёнинг ҳам ажали етиб қиёмат қоим бўлади.

Ислом охират кунига иймон келтиришни ҳам иймоннинг рукн масалаларидан қилган. Иймон келтириши лозим нарсалар ичида бу масалага алоҳида эътибор берилади. Нима учун бундай қилинганини бугунги кунда яхши тушуниб турибмиз.

Охират кунига иймон бўлмаса ёки мазкур кунга иймон заиф бўлганида, инсоният таназзулга юз тутишини тажриба кўрсатди. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг зарра-заррасигача мукофот ёки жазо олишига иймони йўқ одамдан яхшилик чиқиши амри маҳол. Агар охират кунига иймон бўлмаса, ер юзида эзгулик ва адолатга эришиб бўлмайди.

Охират кунига иймон бўлмасдан, «Одам ўлгандан кейин чириб йўқ бўлади, қайта тирилмайди», деган фикр ҳоким бўлса, ер юзида кучли кучсизни еб битирадиган «ўрмон» қонунлари жорий бўлади. Золим беш кунлик дунёда ўз зулми юзасидан жавобгар бўлмай, маза қилиб қолиш пайидан бўлади. Ёлғончи-фирибгар бу дунёда ўз ёлғони, фириби билан давр суриб қолиш пайидан бўлади. Хулласи калом, ҳамма бу фоний дунё матоҳи учун ҳар қандай ёмонликдан, ифлосликдан қайтмайдиган бўлиб қолади. Бундай ъолатда кучсизлар, мазлумлар ва бечораларга бу дунё тор бўлади, улар учун ҳаёт кечириш чексиз азобга айланади. Жамиятда ноумидлик, лоқайдлик ва ўзини-ўзи ўлдиришлар кўпаяди.

Мазкур бало-офатлардан қутулиш учун, кишилар инсофли, адолатли, тўғрисўз бўлишлари, барча ёмонликдан қайтишлари, ноумид, лоқайд бўлмасликлари учун охират кунига иймон, албатта, бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло сиз билан биз бандаларига хабар берган «ғайбиётлар» ичида энг хатарлиси ва аҳамиятлиси қиёматдир. Унинг энг хатарли ва аҳамиятли бўлиши одам билган нарсаларнинг барчасидан ўзгача ва улкан бўлганидандир. Қиёматдаги ҳодисалар ва азоблар, воқеъалар ва мукофотлар одам боласининг хаёлига ҳам, тасаввурига ҳам сиғмайдиган равишда хатарли ва улкандир.

Қиёмат ўта хатарли ва аҳамиятли бўлганидан ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда уни сиз билан бизга қайта-қайта, такрор-такрор эслатгандир.

Қиёмат кунига иймон келтириш иймоннинг асосий рукнларидан биридир.

Агар борлиқни, ҳаётни ва инсонни илмий равишда ўрганилса, улуғ яратувчи, чексиз қудрат ва илм соҳиби ҳамда мутлақ адолату ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳ таолога иймон келтиришдан бошқа илож йўқ.

Агар борлиқни, ундаги ҳодисаларни ва қонунларни яхшилаб ўрганилса, уларнинг барчаси беҳуда ёки ўйин учун эмаслиги ҳам ойдек равшан бўлади.

Агар борлиқни, инсонни ва унинг Холиқ таоло билан бўладиган муносабатларини яхшилаб ўргансак, бу дунё синов ва имтиҳон учун эканлигини, беҳикмат эмаслигини англаб етамиз.

Агар бу дунёда бўлаётган адолат ва мукофот ҳамда жазони ўргансак, улар ноқис эканлигини биламиз. Бу эса ўз навбатида бу дунёда яхши бўлиб ўтганлар мукофотларини, ёмон бўлганлар жазоларини тўлиқ олишлари учун, албатта, қиёмат куни бўлиши зарурлигини тақозо қилади.

Зотан Қуръони Карим ҳам ушбу маънони таъкидлаган.

Аллоҳ таоло «Мўминун» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Наҳотки, Бизнинг сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!» (115 - оят)

Эй, одамлар, наҳотки Биз сизни беҳудага яратган бўлсак? Наҳотки сиз охиратда Бизга қайтарилмасангиз?!

Ундоқ эмас! Биз сизни яратишимиз беҳуда бўлган эмас! Аллоҳ таолога бирор нарсани беҳуда қилиш мутлақо ярашмайди. Одамларнинг бу дунёда энг афзал қилиб яратилиши уларга Аллоҳ таолога иймон келтириб, ибодат қилиб яшашларини тақозо қилади. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшашларини тақозо қилади.

Аллоҳ таоло бу дунёда иймон келтириб, амали солиҳ қилганларга мукофот, куфр келтириб, ёмон амал қилганларга жазо беришини ваъда қилган. Агар қиёмат ва ундаги ҳисоб - китоб бўлмаса, мусулмонлар билан жиноятчиларнинг орасида фарқ қолмайди-ку!

Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни «Қалам» сурасида баён қилади:

«Мусулмонларни жинояткорларга ўхшатиб қўярмидик?! Сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқаряпсизлар?!».

Яъни, мусулмонлар ҳеч қачон жиноятчи-гуноҳкорларга қилинган муомалага дучор бўлмайдилар. Мусулмонлар Исломлари туфайли катта иззат-икромга, олий мартабага эришадилар. Агар баъзи жиноятчи-гуноҳкорлар биз ҳам яхши ҳолатга эришамиз, десалар ҳеч ишонмаслик керак. Биз мусулмон билан кофирни, тақводор билан осийни баробар қилармидик?!

Эй, кофирлар! Эй, осийлар!

«Сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқаряпсизлар?!»

Қандоқ қилиб мўмин билан кофир, тақий билан осий, амал қилган билан амал қилмаган баробар бўлади, деб ҳукм чиқарасизлар? Бундоқ ҳукм ақли бор одамдан чиқмайди-ку? Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло қиёмат қоим бўлишини ва ҳисоб - китоб бўлиб ҳамма қилганига яраша мукофот ёки жазо олишини ирода қилган.

Ушбуга ўхшаш маъно «Жосия» сурасида ҳам айтилган:

«Наҳотки, ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини гумон қилсалар?! Уларнинг қилган ҳукми нақадар ҳам ёмон!».

Ушбу оятда кофир ва осий кимсанинг хаёлидан ўтадиган гумон инкор қилинмоқда. Кофирлар, бизнинг мўминлардан қаеримиз кам, деб ўйлашлари, гумон қилишлари мумкин. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам мўминлар билан баробарликни даъво этишлари мумкин. Бу даъво мутлақо нотўғридир.

«Наҳотки, ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини гумон қилсалар?!»

Аллоҳ таоло ҳеч қачон ёмон ишлар қилган кимсаларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшатиб қўймайди. Уларнинг икковларини бу ҳаётда ҳам, охиратда ҳам баробар қилиб қўймайди. Баробар бўлса, адолат қолармиди? Пайғамбар юбориш, китоб тушириш ва динни жорий қилишнинг кераги бўлармиди? Агар кофирлар бундай ҳукм қилаётган бўлсалар,

«Уларнинг қилган ҳукми нақадар ҳам ёмон!»

Ҳа, яхшилик қилган одам ўз амалининг мукофотини тўлиқ олиши, ёмонлик қилган одам ҳам ўз ёмонлигининг жазосини тўлиқ олиши лозим ва лобуддир. Бунинг учун инсонни манийдан халқ қилиб, унга жон ва керакли аъзоларни ато қилган Аллоҳ таоло уни ўлганидан кейин тирилтириб савол - жавоб, ҳисоб - китоб қилиб, мутлақ адолатни ўрнатади.

Аллоҳ таоло «Қиёмат» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Инсон беҳуда тарк қилинишликнинг ҳисобини қилурми? У манийдан оққан нутфа бўлмаганмиди? Сўнг алақа бўлди. Бас, бекаму-кўст этиб яратди. Бас, ундан жуфтни, эркак ва аёлни яратди. Шундай зот ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!».

Баъзи нобакорлар қиёмат бўлмаса керак, дегандек, ўлгандан кейин қолиб кетсак керак, қайта тирилмаймиз, ҳам дейди.

Лекин ўша инсон бир ўйлаб кўрсин.

«У манийдан оққан нутфа бўлмаганмиди?»

Яқиндагина дунёда унинг асари ҳам йўқ эди. Кейин она қорнига манийдан оққан нутфа (сперма) билан тушди.

Сўнг алақа бўлди. Бас, бекаму-кўст этиб яратди. Бас, ундан жуфтни - эркак ва аёлни яратди».

Битта ҳужайранинг эркак ёки аёл бўлишини Аллоҳ қилмаса ким қилади?! Фақат ақл ишлатиб кўрганларгина бу ҳақиқатни тушуниб етадилар.

«Шундай зот ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!»

Йўқдан бор қилган зотга, борни қайта тиклаш жуда ҳам осон-ку?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни ўқиганларида: «Субҳанака ва балаа», дер эканлар.

Яъни, «Сени поклаб ёд этаман, эй, Парвардигор! Қодирсан!» дер эканлар. Биз ҳам шундоқ демоғимиз лозим.

Хуллас, қиёмат қоим бўлиши ақл тақозо қилган, Аллоҳ таоло ирода қилган инкор қилиб бўлмас улкан ҳақиқатдир.

Қиёмат қоим бўлишига иймон келтирмаган одам мўмин-мусулмон бўла олмайди.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашган бўлади», деган.

Демак, фаришталарга ва охират кунига иймон келтирмасликнинг ҳам бошқа асосий унсурларга куфр келтириш каби, оқибати ёмон бўлади. Уламолар бу икки унсурнинг айнан шу жойда зикр қилиниши, булар кофирга таҳдид солувчи, уларни қўрқитувчи нарсалар бўлгани учундир, дейилади.

Иймоннинг мазкур асосий унсурларига ёки улардан бирортасига ишонмасликдан (куфр келтиришдан) кўра қаттиқроқ адашишлик йўқдир.


Қиёмат қоим бўлишига далиллар

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиёмат қоим бўлиши ҳақидаги хабарни турли услублар ила баён қилган. Бу улкан ҳақиқатни сиз билан биз бандаларига англатиш учун ажойиб ибора ва жумлаларни ишга солган. Уларда ўша кундан огоҳлантириш ҳам, унга ишора қилиш ҳам, ундан қўрқитиш ҳам, унинг улкан даҳшатлари васфи ҳам ва бошқа ҳолатлар ҳам бор. Келинг, ўша ояти карималардан баъзилари билан танишайлик.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. У сизларни қоим бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни, албатта, жамлайдир. Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ?!»

Яъни, ягона Аллоҳнинг Ўзигина бандаларининг ибодатига лойиқ зотдир. Ким Аллоҳни ибодатга сазовор ягона зот, деб эътиқод қилса ва ҳаёти давомида фақат Аллоҳнинг айтганини қилиб яшаса, унинг кўрсатмасидан чиқмаса, тавҳидга амал қилган бўлади. Ҳамда қиёмат куни мукофотини олади. Ким бунга амал қилмаса, жазосини олади. Бунга шубҳа йўқ. Чунки

«У сизларни қоим бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни, албатта, жамлайдир».

Бу гап чин ҳақиқат. Чунки бу гап Аллоҳдан келмоқда.

«Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ?!»

Ҳеч ким!

Аллоҳ таоло «Назиат» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Сендан, қиёмат қачон бўлур, деб сўрашадир. У(қиёмат)нинг зикрини сен қандоқ билардинг. Унинг интиҳоси Роббинггагина хос. Албатта сен у(қиёмат)дан қўрқувчиларга огоҳлантирувчисан, холос. У(қиёмат)ни кўрган кунлари худди бу дунёда бир кеча ёки кундуздан бошқа турмаганга ўхшарлар».

Яъни, Эй, Пайғамбарим, одамлар сендан қиёмат қачон бўлади? деб сўрарлар.

Уларнинг бу саволи истеҳзо учундир. Улар, сен айтаётган қиёматинг бўладиган бўлса, бўла қолмайдими? қабилида савол бермоқдалар.

«У(қиёмат)нинг зикрини сен қандоқ билардинг».

Яъни, қиёмат қачон бўлишини сен билмайсан. Аллоҳнинг Ўзигагина хос бўлган нарсани сен қаёқдан ҳам билар эдинг.

«Унинг интиҳоси Роббинггагина хос».

Яъни, қиёматнинг қачон бўлишини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос. Бошқа ҳеч ким билмайди.

«Албатта, сен у(қиёмат)дан қўрқувчиларга огоҳлантирувчисан, холос».

Қачон бўлиш вақтини белгилаб берувчи эмассан. Сенга бу хусусда топширилган вазифа одамларни қиёмат бўлишидан огоҳлантириш, уларни ўша кунга тайёрланишга ундаш, холос.

«У(қиёмат)ни кўрган кунлари худди бу дунёда бир кеча ёки кундуздан бошқа турмаганга ўхшарлар».

Яъни, улар бу дунёда ғурурга кетиб юрган бўлишларига қарамай, қиёматнинг даҳшатидан бу дунёда кечирган ҳаётлари бир кун ҳам яшамаганга ўхшаб туюлади.

Қиёмат қандай қоим бўлади.

Қиёмат қоим бўлиши ва ундаги одамларнинг ҳолати ҳақида турли сураларда турли васфлар келган. Биз йиғинчоқ тасаввур «Зумар» сурасидаги васфни тўлиқ олишга қарор қилдик:

«Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, қулаб ўлди. Магар Аллоҳ хоҳлаганларгина қолди. Сўнгра унга яна бир бор пуфланди. Бас, тўсатдан улар туриб интизор бўлурлар» (68 - оят).

Қиёматни қоим қилиш Аллоҳ таоло учун қийин иш эмас. У зотнинг Ўзи бунга бевосита аралашиб юрмайди ҳам. Фақат иродаси кетса бўлди.

«Ва сурга пуфланди».

Сур ичига пуфланса овоз чиқарадиган асбоблиги маълум. Унга фаришта Исрофил алайҳиссалом Аллоҳнинг амри ила пуфлайди. Қиёмат қоим бўлиши учун аввало сурга бир марта пуфланади. Мана, Аллоҳнинг иродаси кетди.

«Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, қулаб ўлди».

Буниси биринчи пуфлаш бўлиб, «саъқ пуфлаши» дейилади. «Саъқ» чақмоқ уриб, йиқилиб ўлганга нисбатан айтилади. Демак, сурга биринчи бор пуфланганда осмонлару ердаги барча жонзотлар чақмоқ ургандай бирдан йиқилиб ўладилар.

Шунинг учун ҳам бу пуфлаш «саъқ»-«йиқилиб ўлиш» пуфлаши, дейилади.

«Магар Аллоҳ хоҳлаганларгина қолди».

Аллоҳнинг хоҳиши ҳамма нарсадан устун, шунинг учун У зот хоҳласа, баъзи жонзотлар саъқ-пуфлашидан кейин ҳам тирик қолади.

«Сўнгра унга яна бир бор пуфланди».

Яъни, Исрофил алайҳиссалом томонидан сурга иккинчи бор пуфланди.

«Бас, тўсатдан улар туриб, интизор бўлурлар».

Яъни, барча халойиқ тирилиб, ўринларидан туриб, бундан кейин нима бўлишини интизор бўлиб кутадилар. Шунинг учун ҳам иккинчи пуфлаш «туриш пуфлаши» деб номланади.

«Ва ер Робби нури ила ёришди. Китоб қўйилди. Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди. Улар орасида ҳақ ила ҳукм чиқарилди. Уларга зулм қилинмади».

Бу ояти каримада қиёмат куни ҳодисаларининг васфи давом этмоқда. Иккинчи пуфлашдан кейин барча халойиқ қабридан дарҳол туриб, нима бўлишини кутаёгган эди.

Энди сурга учинчи марта пуфланади. Бу пуфлашга «ҳашр (жамлаш) пуфлаши» дейилади. Чунки бу пуфлашдан кейин ҳамма ҳашр майдонига йиғилади. Ана ўшанда бандалар орасида ажрим чиқариш учун Аллоҳ таоло тажаллий қилади.

«Ва ер Робби нури ила ёришди».

Яъни, маҳшар майдони Аллоҳнинг нури ила ёп-ёруғ бўлди. У кунда фақат Аллоҳнинг нури бўлади. Энди ҳамма нарса ҳисоб-китобга тайёр ҳам бўлди.

«Китоб қўйилди».

Бандаларнинг номаи аъмоллари - бу дунёда қилган амаллари фаришталар томонидан ёзиб юрилган китоб ўртага қўйилди.

«Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди».

Ҳар бир банданинг ҳар бир иши ўз лаҳзасида ёзилганига қарамай, яна ҳам таъкидлаш учун ва умматларга Аллоҳнинг амрини етказганликларини айтиш учун Пайғамбарлар келтирилдилар. Ҳар бир жоннинг ишларига гувоҳ бўлганлар, хусусан, бу дунёда унга бириктирилган фаришталар ҳам келтирилади. Демак, ўта аниқлик билан ҳукм чиқарилишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.

«Улар орасида ҳақ ила ҳукм чиқарилди».

Бандалар орасида ҳақ-адолат ила ҳукм чиқарилди.

«Уларга зулм қилинмади».

Ҳеч кимга амалидан ортиқча ёки кам жазо берилмади.

«Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди. У зот улар қилаётган ишларни ўта яхши билгувчидир».

Қиёматдаги ҳисоб-китоб ўта аниқлик билан амалга оширилди. Аввало, бу дунёда қилган ишлари ўта аниқлик билан ёзиб юрилган номаи аъмол китоблари олиб келинди. Аниқ ҳукм чиқариш учун шунинг ўзи етар эди. Аммо Пайғамбарлар ҳам гувоҳликка келтирилдилар. Улар кишиларга Аллоҳнинг амрини, таълимотини, ваҳийни, китоби ва аҳкомларини қандай етказганлари ҳақида гувоҳлик бердилар. Ҳеч ким, мен билмай қолибман, дин ҳақида, шариат ҳақида тириклик чоғимда хабар эшитмаган эдим, дея олмайдиган бўлди.

Шунингдек, гувоҳлар ҳам келтирилди. Улар банда қачон, қаерда, қай тарзда нима қилган бўлса, очиқ-ойдин гувоҳлик бердилар. Ана ўшалар асосида:

«Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди».

Зарра миқдорича ҳам камайтирилмади.

«У зот улар қилаётган ишларни ўта яхши билгувчидир».

Юқорида айтилган ҳужжат-далил ва гувоҳлар устига энг катта ҳужжат шуки, Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларининг қилаётган ишларини жуда ҳам яхши билгувчи зотдир.

Ана энди маҳшарда ҳисоб-китоб тугади. Ҳар кимга амалига яраша жазо ёки мукофот тайинланди.

«Ва куфр келтирганлар жаҳаннамга гуруҳ-гуруҳ қилиб ҳайдалди. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, Роббингиз оятларини тиловат қилиб бермадиларми? Сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиздан огоҳлантирмадиларми?!» дедилар. Улар: «Ҳа! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар».

Ажойиб бир манзара. Ҳукм чиққанидан кейин кофирлар жамланиб жаҳаннам томон ҳайдаб кетилдилар. Ҳаммаёқ жим-жит. Кофирлар жаҳаннамга етиб келган пайтида ҳеч қандай шовқин-суронсиз унинг эшиклари очилди.
1   2   3   4   5



Похожие:

Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconUnitel” мчж ўзбекистон Республикаси 100047, Тошкент, Бухоро кўч., 1 Телефон Факс
Билайн” “Zo‘r-Zo‘r” тариф режасида янги хизматлар ишга туширилганлиги ҳақида эълон қилади
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconНамоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]
Жамоат намозини тарк қилган кишининг ҳукми ва жамоат намози неча кишидан ташкил топиши ҳақида
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconНамоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]
Жамоат намозини тарк қилган кишининг ҳукми ва жамоат намози неча кишидан ташкил топиши ҳақида
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconДинда фақиҳ (олим) бўлишнинг фазли
Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга, у зотнинг аҳлу асҳобига ва то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларга...
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconДинда фақиҳ (олим) бўлишнинг фазли
Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга, у зотнинг аҳлу асҳобига ва то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларга...
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconИслом даъватининг ғояси
Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси...
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconИслом даъватининг ғояси
Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси...
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconАёллар учун табиий қонлар ҳақида рисола
Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи йўқ, у адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ,...
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©cl.rushkolnik.ru 2000-2013
При копировании материала обязательно указание активной ссылки открытой для индексации.
обратиться к администрации
Документы