Қиёмат аломатлари ҳАҚида icon

Қиёмат аломатлари ҳАҚида

НазваниеҚиёмат аломатлари ҳАҚида
страница4/5
Дата конвертации25.05.2013
Размер0.7 Mb.
ТипДокументы
1   2   3   4   5

Ҳамма даҳшатда. Жаҳаннам нелигини ва у ерда нималарга дучор бўлишларини ҳам билдилар. Шунинг учун ҳам бошларини эгиб, паришон ҳолда кетмоқдалар. Шунда бирдан уларга жаҳаннамнинг қўриқчилиги вазифасини адо этувчи фаришталар қуйидаги саволни берадилар:

«Сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, Роббингиз оятларини тиловат қилиб бермадиларми?» Эй, шўри қуриганлар, нимага бу томон келяпсизлар?! Нима бўлди сизларга?! Нима, у дунёда сизларга ўзингиздан бўлган, оддий инсон Пайғамбарлар келмадими?! Улар сизларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб бермадими?! Ахир Пайғамбарлар сизни бундан огоҳлантирган бўлишлари керак-ку!!! Улар сизга бу ҳақдаги оятларни тиловат қилиб берган бўлишлари керак-ку!!! Ёки улар:

«Сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиздан огоҳлантирмадиларми?!» дедилар».

Кофирлар нима ҳам жавоб қила олардилар. Кўп гапира ҳам олмайдилар.

«Улар: «Ҳа! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар».

«Ҳа», ўзимиздан бўлган Пайғамбарлар бизга келган, улар бизга Роббимизнинг оятларини тиловат қилиб берган ва у куннинг даҳшатидан огоҳлантирган эдилар, демоқчилар. Лекин тўлиқ айта олмайдилар. «Ҳа», деб қўйишга зўрға ярайдилар. Ортидан эса тан олиб;

«Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», деб ўзларининг кофирликларини эътироф этадилар.

Шунда уларга:

«Жаҳаннам эшикларидан унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дейилди. Бас, мутакаббирларнинг жойи қандай ҳам ёмон бўлди».

Ҳалиги жаҳаннам қўриқчилари билан бўлган савол-жавобдан кейин кофирларга:

«Жаҳаннам эшикларидан унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дейилди».

Бир йўла уларга жаҳаннамда абадий қолишлари ҳам айтиб қўйилди. Жаҳаннам бу дунёда иймонга киришдан бош тортиб, кофир бўлиб ўтган мутакаббирларга жой бўлди.

«Бас, мутакаббирларнинг жойи қандай ҳам ёмон бўлди».

Жаҳаннамга ҳукм қилинганларнинг ҳоли шундай бўлди. Энди эса жаннатга ҳукм этилганларнинг ҳоли васф қилинади:

«Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар.

Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Энди ундан хоҳлаган жойимизни оламиз», дедилар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши бўлди!».

Бу ҳолат жаҳаннам аҳлининг ҳолатидан тамоман бошқача. Ҳамма томонда хурсандлик, ҳамма томонда шоду хуррамлик барқ уриб туради. Қўриқчиларнинг гапи ҳам салом, табрик ва башоратдан иборат. Жаннат аҳлининг гапида ҳам Аллоҳ таолога ҳамду сано, хурсандлик бор. Нақадар яхши ҳолат! Нақадар гўзал жой! Нақадар яхши мукофот!

«Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар».

Мазкур саодатманд бандаларнинг жаннати бўлишларининг асосий боиси Роббиларига тақво қилганлари экан. Ана ўша тақво сифатига эга бўлганлари учун ҳам, қиёмат куни уларни гуруҳ-гуруҳ қилиб жаннатга олиб борилар экан. Шунинг ўзидан тақводорлик қанчалар зарур нарса эканини тушуниб олишимиз керак бўлади.

Ана, жаннатга киришларига ҳукм чиққан хушбахт бандалар жаннатга олиб келинди. Уларнинг бутун вужудларидан қувонч ёғилиб турибди. Мана, орзиқиб кутилган жаннат эшиги ҳам кўринди. Жаннатиларнинг шавқу завқлари яна ҳам зиёда бўлиб, унинг эшиклари томон йўлландилар.

«Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар».

Жаннатнинг эшик оғаси бўлган фаришталар Роббиларига тақво қилган бандаларни табрик сўзлари билан:

«Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз!» деб кутиб олдилар. Сўнгра жаннатиларнинг кўнгилларини яна ҳам тўқ қилиш учун:

«Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар».

Ҳа, жаннатга доимий қолиш учун, унинг нозу неъматларидан доимий лаззатланиш учун киринглар, дедилар.

Жаннатилар жаннат эшик оғаларининг бундоқ илтифотларига ўзларига хос муомала ила жавоб илтифоти кўрсатдилар.

«Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин».

Оҳ! Бу нақадар юксак одоб. Ўзини билиш, Роббисини таниш қандоқ ҳам яхши. Жаннати бандалар, ўзларига берилган олий мақом ва доимий саодат хабарини эшитишлари билан дарҳол Ўз Роббиларига, уларга берган ваъдасига амал қилиб уларни жаннатга киритган Аллоҳга ҳамд айтмоқдалар!

Улар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини яхши биладилар. Шунинг учун жаннатга кирмасларидан аввал Аллоҳнинг ваъдасига биноан ундан қандоқ жой олишларини билиб,

«Энди ундан хоҳлаган жойимизни оламиз», дедилар».

Ана, кўрдингизми, бу қандоқ ҳам яхши! Қандоқ ҳам гўзал!

«Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши бўлди!»


Қайта тирилиш ва ҳашр

Мусулмон одам қиёмат куни дунёдан ўтган ҳамма одамлар ўз жасадларига қайта эга бўлиб, қайта тирилишига жазм билан эътиқод қилмоғи керак. Зинҳор ва зинҳор одам ўлиб жасади туроққа қоришиб, ўтда куйиб ёки ҳайвонларга ем бўлиб кетгандан кейин қандоқ қилиб тирилар экан, деган хаёлга бормаслиги лозим.

Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Эй, одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан яратдик. Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топтирармиз. Кейин сизларни бувак ҳолингизда чиқарармиз. Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қилармиз). Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада тубан умрга етадиганлар ҳам бор. Ва ерни қақраган ҳолда кўрарсан. Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканадир ва кўпчийдир. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир».

Одамнинг табиати қизиқ, қайта тирилиш, савол-жавоб, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот ҳақида гап кетса, ўйламай-нетмай дарҳол шубҳа қилишга тушади. Бу ҳақиқатни атрофлича тафаккур этмасдан туриб, инкор этади.

Аммо холисона ўйлаб кўрса, бундай қилмаган бўлар эди. Ўзининг аслига бир қараб кўрса, қайта тирилиш ҳеч гап эмаслигини тушуниб етарди.

Бу оятда мазкур масала батафсил муолажа қилинмоқда. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларига хитоб қилиб:

«Эй, одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз», билиб қўйингки,

«Биз... сизларни тупроқдан...» яратдик, демоқда.

Сизнинг отангиз Одамни тупроқдан яратганмиз. Инсонни қуруқ тупроқдан яратган зот ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?! Инсонни йўқдан бор қилган ва унга жон берган зот бор инсонни қайта тирилтириб, ўзи олган жонни қайта кирита олмасми?!

«...сўнгра нутфадан...» яратдик.

Инсон йўқ эди. У отасининг нутфа-спермасидан дунёга келди. Бу манийда минглаб ҳайвон уруғлар бўлади. Улардан фақат биттасигина онанинг тухумига урчийди. Бошқалари беҳуда йўқ бўлиб кетади. Оддий кўзга кўринмас ушбу маний ҳайвончалар билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор?! Ана шу заррадан одам яратган Холиқ Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!

«...сўнгра алақадан...»

Араб тилида «алақа» деб аслида зулукка айтилади. Яқингача алақани қотган лахта қон деб айтиб келинган. Аммо илм ривожланиб, бачадондаги ҳомиланинг турли жараёнларини сувратга олиш имкони туғилди. Шунда Қуръони Каримда «алақа» деб номланган босқичдаги ҳомила зулукдек бачадонга ёпишиб туриши маълум бўлди. Алақанинг суврати ҳақиқий зулук билан солиштирилса, уларни фарқлаб бўлмайди.

Хўш, ўша зулукка ўхшаш қотган лахта қон билан инсон орасида қанча фарқ бор? Мазкур қонни бирор кишига кўрсатиб, келажакда мана шу сенга ўхшаган одам бўлади деса, ким ишонади? Лекин Аллоҳ таоло шуни қилади. Ана ўша ишни қилиб, бир парча алақа қондан одам яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!

«..сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан...»

Ҳомила ривожланиб, алақа-зулук шаклидан бир парча чайналган гўшт ҳолига ўтади. Ана ўшанда унга шакл киради. Шакл кирса, битган бўлади. Шакл кирмаса, битмаган бўлади, бачадондан тушиб кетади. Ҳеч ким уни эсламайди ҳам. Энди, ўша бир парча чайналган гўштга ўхшаш нарса билан инсон орасида қанча фарқ борлигини бир ўйлаб кўрайлик? Ўша гўштдан инсон яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!

«Сизга баён қилишимиз учун яратдик».

Яъни, сизга қудратимиз қанчалик эканини баён қилиш учун сизни яратдик.

«Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топтирармиз».

Юқорида васф қилинган босқичлар ўтганидан кейин Аллоҳ таоло хоҳлаганини онанинг бачадонида маълум муддатгача, туғилиш вақти келгунича қолдиради. Хоҳлаганини тушириб юборади. Демак, ҳомила нутфа, алақа ва музға босқичларидан ўтганидан кейин ҳам ҳали одам бўлиши-бўлмаслиги аниқ эмас. Ана ўша босқичлардан ўтказган Аллоҳ унинг бола бўлишини хоҳласа, она бачадонида қолдиради. Хоҳламаса, тушириб юборади. Ана шуларга қодир зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!

«Кейин сизларни бувак ҳолингизда чиқарармиз».

Яъни, онангизнинг қорнидан чақалоқ ҳолингизда чиқарамиз.

Туғиш нима эканини уни бошидан ўтказиб кўрганлар билади. Аллоҳнинг инояти бўлмаса, чақалоқнинг она қорнидан ажралиши ўзича рўй беравермайди. Шундай қийин, мураккаб жараённи жорий этган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!

«Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қилармиз)».

Янги туғилган гўдак қанчалар ожиз эканини ҳамма билади. Фақат Аллоҳнинг иноятигина уни бу дунёда ушлаб қолади. Ҳеч бир жонзотнинг боласи одам боласидек ожиз бўлмайди. Бошқа жонзотлар онасидан туғилганидан кейин бироз ўтиб, ҳаракатга тушиб, кунини кўриб кетаверади. Аммо одам боласи узоқ муддатли тарбия ва иноятга муҳтож. Янги туғилган гўдак билан вояга етган инсон орасида катта фарқ бор. Бу ишни ҳам Аллоҳ таоло қилади. Ана шундай ишга қодир Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!

«Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада тубан умрга етадиганлар ҳам бор».

Яъни, чақалоқлик даврида, ундан кейинги даврларда вояга етмай ўлиб кетадиганлар ҳам бор. Қариб мункиллаб, ҳамма нарсани унутиб қўядиган ёшга етадиганлар ҳам бор. Агар одам боласининг ўзига қолса, ҳеч ўлмас эди. Аммо бу иш унинг қўлида эмас. Бошқа бирор зотнинг қўлида ҳам эмас. Фақат ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таолонинг қўлида. У зот кимга умр берса, яшайди, бермаса, ўлади. Ана шу нарсага қодир зот ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло ўлганларни тирилтира олишининг исботига бошқа бир мисол ҳам келтиради.

«Ва ерни қақраган ҳолда кўрарсан».

Қуриб, қақраб ётган ер. Худди ўликка ўхшайди. Унда ҳаётдан асар йўқ.

«Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканадир ва кўпчийдир».

Ерга сув тушганида, унда жонланиш сезилади. Ҳаёт аломатлари пайдо бўлади.

«Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир».

Сув тушмасидан олдин, бирорта ўсимликнинг ҳиди ҳам йўқ эди. Аммо сув тушгач, турли-туман гўзал ўсимликлар униб чиқди.

Ўлиб, чириб, тупроққа қўшилиб кетганлар ҳам ҳозирча асарсиз йўқ бўлиб кетганга ўхшайди. Аммо вақт-соати келиб, Аллоҳ таоло қақраб ётган ердан ҳаёт ундирганидек, бир амр билан ҳаммаларини қабрларидан чиқариб олади.

«Бу(ҳолат)лар кўрсатадики, албатта, Аллоҳ ҳақ зотдир ва албатта, У ўликларни тирилтиради ҳамда У ҳар бир нарсага қодирдир».

Яъни, ўтган оятда зикр қилинган ҳодисалардан очиқ-ойдин кўринадики, шубҳасиз, Аллоҳ таоло ҳақдир, бордир, бирдир. Шуларга қодир бўлган зотнинг ўликларни тирилтиришига ҳам шубҳа йўқдир. Қисқа қилиб айтганда:

«...У ҳар бир нарсага қодирдир».

Унинг қудрати етмайдиган ҳеч нарса йўқдир.

«Ва, албатта, соат (қиёмат) келгувчидир, бунга шубҳа йўқ. Ва, албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур».

Олдинги оятда зикр қилинган ҳолатлар очиқ-ойдин кўрсатадики:

«...албатта, соат (қиёмат) келгувчидир, бунга шубҳа йўқ».

Қиёмат қоим бўлиши турган гап. Бу борада иккиланишга ўрин йўқ. Тайёргарликни кўриб қўйиш керак.

«Ва, албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур».

Бунга баъзи одамлар ишонмаса ҳам, барибир бўладиган иш. Ҳозирча ишонмаслар, лекин қабрларидан тирилиб чиққанларида ишонмасдан иложлари қолмайди. Аммо унда кеч бўлади.

Аллоҳ таоло қиёмат куни одамларни қайта тирил-тирганда уларнинг бармоқ учларигача худди бу дунёда қандоқ бўлса ўшандоқ ҳолда тирилтиради.

Аллоҳ таоло «Қиёмат» сурасида бу ҳақда қуйидагиларни айтади:

«Инсон Бизни унинг суякларини жамлаб олмас, деб ўйларми? Балки, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз».

Кунлардан бирида араб мушрикларидан Адий исмли киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб ўтириб, қиёмат ҳақида сўзлаб беришни сўради. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бироз қиёмат ҳақида сўзладилар. Шунда Адий, «Аллоҳга қасамки, ўша кунни ўз кўзим билан кўрсам ҳам сенга ишонмайман, эй, Муҳаммад, сенга ҳам, ўша кунга ҳам, иймон келтирмадим, Аллоҳ ўлган одамнинг суякларини тўплаши мумкин эканми?» деди.

Аллоҳ таоло унга раддия қилиб ушбу оятларни туширди.

«Балки, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз».

Ушбу оят Қуръони Каримнинг илмий мўъжизаларидан биридир. Тупроққа кўмилган ўлик бир муддатдан сўнг чириб битади. Қиёмат куни ўша чириб, тупроққа аралашиб кетган инсон қайта тирилишга кўпчиликнинг ишонгиси келмайди.

Аллоҳ таоло бўлса, бунга ҳайрон бўлишининг ҳожати йўқ, Мен нафақат танани, балки ўша танадаги нозик, дақиқ жойларни, чизиқларни ҳам, жумладан, бармоқ учларини ҳам, аввал қандоқ бўлса, худди шундоқ ҳолига келтираман, дейди.

Нима учун Аллоҳ бу оятда инсон аъзолари ичидан айнан бармоқ учини танлаб олди?

Инсоннинг бошқа аъзолари, бировники иккинчисиникига ўхшаши мумкин. Лекин бармоқ учлари ҳеч қачон бировники бошқа шахсникига ўхшамас экан. Бу ҳақиқатни одамлар ўтган асрга келибгина англаб етдилар. 1884 йилдан бошлаб Англияда бармоқ изидан одамларни аниқлаш бошланди. Бармоқ излари турлича бўлиб, дунёда ҳеч қачон бир кишининг бармоқ чизиқлари иккинчи шахсникига ўхшамас экан.

Бу далил Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканлигини яна бир бор исботлайди. Кўпчилик мазкур оят таъсиридан Ислом динини қабул қилганлар.

Одамнинг қиёмат куни қайта тирилтирилиши ҳадиси шарифда ҳам баён қилинган ва бу баённи ҳозирги замон илми тасдиқлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Икки пуфлашнинг орасида қирқ», дедилар.

«Эй, Абу Ҳурайра! Қирқ кунми?» дейишди.

«Билмайман», деди.

«Қирқ ойми?» дейишди.

«Билмайман», деди.

«Қирқ йилми?» дейишди.

«Билмайман. Сўнгра Аллоҳ осмондан сув туширади ва улар худди ўсимликлар унгандек унадилар. Инсоннинг не нарсаси бўлса, албатта, чириб кетади. Илло битта суяк чиримайди. У Ажабуз занабдир. Ана ўшандан қиёмат куни халқ таркиб қилинади», деди».

Икки шайх ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Одам боласининг ҳаммаёғини тупроқ ейди. Илло Ажабуз занабни емайди. У ўшандан халқ қилинган ва ўшандан қайта таркиб қилинади», дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Ажабуз занаб умуртқа поғанасининг охирида жойлашган ўта кичик ҳажмдаги суяк бўлиб ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгармай тураверишини ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади. Одам ўлиб ерга кўмилгандан кейин унинг вужуди чириб тупроққа қўшилиб кетади, куйиб кулга айланиши ёки бирор ҳайвонга ем бўлиши мумкин. Аммо мазкур Ажабуз занаб қолади. Қиёмат қоим бўлиб ёмғир ёққанда унга худди ўсимликнинг уруғига ёмғир таъсир қилиб униб чиққандек одамнинг жасади ҳам униб чиқади.


Ҳолатнинг оғирлиги

Қиёмат қоим бўлганда рўй берадиган қаттиқ ҳолат қалбларни ларзага солади, ақлларни бошдан учиради, инсоннинг хаёлини паришон қилади, ҳатто, эмизикли аёллар болаларини ҳам унутиб юборади, ҳомиладорлар ҳомиласини ташлаб қўяди ва бошқа даҳшатли ҳолатларни юзага чиқаради.

Ана ўша ҳолатлардан бир кўринишни Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида қуйидагича тасвирлайди:

«Эй, одамлар! Роббингиздан қўрқинг! Албатта, соат (қиёмат) зилзиласи улкан нарсадир» (1- оят).

Ушбу ояти каримадаги хитоб барча одамларга қаратилгандир. Оятда ҳамма одамларни Аллоҳ таолодан қўрқишга, тақво қилишга чақириқ аксини топгандир. Агар Аллоҳдан қўрқмайдиганлар бўлсалар, билиб қўйсинлар:

«Албатта, соат (қиёмат) зилзиласи улкан нарсадир».

Яъни, қиёмат бошланганидан дарак берувчи зилзила жуда даҳшатли, хавфли ҳодисадир. Ана ўшанда иймонсизлар, Аллоҳга тақво қилмаганлар нима бўлишларини кўрадилар.

«Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир».

Яъни, Қиёмат соати зилзиласи рўй берган кунда:

«Ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар».

Маълумки, она ўзи эмизаётган боласига жуда боғлиқ бўлади. Ухлаб қолган онани момоқалдироқ уйғота олмаслиги мумкин, лекин боласининг инграши дарҳол уйғотади. Эмизувчи она ҳамма нарсани унутса, унутади, аммо боласини унутмайди. Лекин қиёмат соати зилзиласи шу қадар даҳшатлики, ҳатто, эмизувчи аёл боласини унутади. Битта-иккитаси эмас, ҳаммаси, ҳар бир эмизикли аёл эмизадиган боласини унутиб қўяди.

«Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар».

Бу ҳам ўша зилзиланинг даҳшатидан рўй беради. Ҳомиладор ҳомиласини ташлаб қўйиши учун ниҳоятда қаттиқ қўрқиши керак. Ўшандоқ қўрқув қиёмат соати зилзиласидан бўлади. Ўша вақтда:

«Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас».

Бу ҳолат ҳам ўша зилзиланинг ғоятда даҳшатли эканига далолат қилади. Қаттиқ қўрққан одамлар ҳеч нарса ичмасдан туриб ҳам, эс-ҳушларини йўқотиб, худди маст одамларга ўхшаб қолишади. Чунки:

«Аллоҳнинг азоби шиддатлидир».

Аллоҳ таоло «Абаса» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Вақтики кар қилувчи овоз келса. У кунда киши ўз ака-укасидан. Ва онаси ва отасидан. Ва хотини ва бола-чақасидан қочади. У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор».

Биз кар қилувчи овоз, деб таржима қилган маъно, Қуръони Карим таъбири ила бир оғиз лафз ила «Ас-Соохха» дейилади. «Ас-Соохха» - қиёматнинг номларидан бири бўлиб, қулоқларни кар қилувчи овоз маъносини билдиради. Қиёмат қаттиқ қичқириқ овоздан кейин қоим бўлишидан шу ном билан ҳам аталган. Ушбу ояти каримада қиёмат кунинг даҳшатини васф қилиш учун унинг айнан ушбу сифати келтирилмоқда.

Кейинги оятларда қулоқларни кар қилувчи қаттиқ қичқириқ ила қиёмат қоим бўлганидан сўнг нималар бўлиши зикр қилинади.

«У кунда киши ўз ака-укасидан. Ва онаси ва отасидан. Ва хотини ва бола-чақасидан қочади».

Яъни, қиёматнинг даҳшатидан ҳамма ўзи билан овора бўлиб қолади. Ҳатто, ҳеч кимнинг ака - укаси, ота-онаси ва хотинию бола-чақаси билан ҳам иши бўлмай қолади.

Бу дунёда инсон бошига оғирлик тушган хотини, бола-чақаси, она-отаси ва ака-укасига ёрдамга шошилади. Мазкур кишиларга каттадир-кичикдир, мусибат етганда ёрдам беришлик бурч, ёрдам бермаслик эса ор-номус ҳисобланади. Аммо қиёмат қийинчилигида эса инсон мазкур кишиларни ташлаб қочади.

Чунки:

«У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор».

Ҳа, қиёмат куни даҳшати шунчалик кучлики, ҳар бир одам ким бўлишидан қатъий назар, фақат ўзинигина ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю, эру-хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма ўзини ўйлаб, бир-биридан қочади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Одамлар қиёмат куни яланг оёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда ҳашр қилинадилар», дедилар.

«Эй, Аллоҳнинг расули! Аёллар ва эркаклар ҳаммалари бир-бирларига назар солурларми?» дедим.

«Эй, Оиша! Иш улар бир-бирларига назар солиш-ларидан кўра шиддатли!» дедилар».

Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Қиёматнинг кучли шиддатидан ҳар ким ўзи билан овора бўлиб биров билан иши бўлмай қолади. Ёнидаги одам эркакми, аёлми, яланғочми, кийинганми - хаёлига ҳам келмайди.


Ҳисоб

Мусулмон инсон қиёматда бу дунёдаги қилинган амалларининг зарра миқдоричаси ҳам қолмай ҳисоб қилинишига ва ўша ҳисоб асосида мукофот ёки жазо берилишига жазм ила эътиқод қилмоғи керак.

Аллоҳ таоло «Залзала» сурасида бу ҳақиқатни қуйидагича баён қилади:

«Ўша кунда одамлар амалларини кўриш учун жойларидан гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғалурлар. Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир», .

Яъни, қиёмат куни одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, мўминлар алоҳида, кофирлар алоҳида жойларидан қўзғаладилар. Кейин бу дунёда қилган ишларига яраша мукофот ёки жазо оладилар.

Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак.

Ҳар доим агар кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам яхшиликни қилиб, шунингдек, агар кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш керак.

Аллоҳ таоло:

«Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган кунда, қилган ишларининг хабарини берур. Аллоҳ ҳисоблаб турган, улар эса унутганлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир», деган.

Баъзи кофир ва мунофиқлар «Аллоҳга ишонмаган, Унинг шариатига амал қилмаганлар ёшини яшаб, ошини ошаб, бирор жазо тортмай ўтиб кетмоқдалар-ку! Азоб қани?!» дейишлари мумкин. Ушбу оятда ана шундоқ муҳтамал-эҳтимолда бор саволнинг жавоби ўз аксини топган.

«Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган кунда, қилган ишларининг хабарини берур».

Тўғри, баъзи кофир ва осийлар бу дунёдан ўз қилмишларига яраша жазо тортмай ўтиб кетишлари мумкин. Аллоҳ таоло шунинг учун ҳам қиёматни, ўлгандан кейин қайта тирилишни жорий қилган. У зот ҳамма бандаларга уларни қайта тирилтирадиган кунда, қилган ишларининг хабарини беради.
1   2   3   4   5




Похожие:

Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconUnitel” мчж ўзбекистон Республикаси 100047, Тошкент, Бухоро кўч., 1 Телефон Факс
Билайн” “Zo‘r-Zo‘r” тариф режасида янги хизматлар ишга туширилганлиги ҳақида эълон қилади
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconНамоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]
Жамоат намозини тарк қилган кишининг ҳукми ва жамоат намози неча кишидан ташкил топиши ҳақида
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconНамоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]
Жамоат намозини тарк қилган кишининг ҳукми ва жамоат намози неча кишидан ташкил топиши ҳақида
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconДинда фақиҳ (олим) бўлишнинг фазли
Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга, у зотнинг аҳлу асҳобига ва то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларга...
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconДинда фақиҳ (олим) бўлишнинг фазли
Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга, у зотнинг аҳлу асҳобига ва то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларга...
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconИслом даъватининг ғояси
Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси...
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconИслом даъватининг ғояси
Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси...
Қиёмат аломатлари ҳАҚида iconАёллар учун табиий қонлар ҳақида рисола
Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи йўқ, у адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ,...
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©cl.rushkolnik.ru 2000-2013
При копировании материала обязательно указание активной ссылки открытой для индексации.
обратиться к администрации
Документы