Мерослар китоби icon

Мерослар китоби

НазваниеМерослар китоби
страница7/7
Дата конвертации07.11.2014
Размер1.04 Mb.
ТипДокументы
1   2   3   4   5   6   7

Чўкиб кетган ва вайрона остида қолган кишининг мероси ҳақидаги боб

  • Ҳаётда кўп учрайдиган ва чигал масалалардан бири жамоавий ўлим масаласи бўлиб, унда бир-биридан мерос оладиган бир жамоа вафот этган бўлади ва қайси бири аввал вафот этиб, мерос қолдирувчи бўлгани-ю, қай бири кейин вафот этиб, ворис бўлгани маълум бўлмайди. Бу ҳозирги даврда кўпинча, одамлар жамоавий суратда кетаётган йўл ҳодисалари оқибатида, автоуловлар, самолёт ва поездлар ҳалокати пайтида, шунингдек, вайронагарчилик, ўт кетиш, портлаш ва шу каби воқеаларда юз беради.

  • Ана шундай вазият ҳосил бўлганда иш бешта ҳолатдан ташқари бўлмайди:

1)            Жамоатнинг ҳаммаси бир онда ҳалок бўлган ва бири бошқасидан аввал ўтмаган бўлиши. Бу ҳолатда улар ўртасида бир-бирига ворислик бўлмаслигига ижмоъ қилинган. Чунки, ворислик шартларидан бири – мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг вориснинг ҳаёт экани аниқ бўлиши эди. Бу ерда шу шарт мавжуд бўлмади.

2)            Улардан бирининг вафоти иккинчисининг вафотидан кейин бўлгани маълум бўлиши ва бу унутилмаган бўлиши. Бу ҳолда кейин вафот этгани аввал вафот этганига ворис бўлишига ижмоъ қилинган. Чунки, ворис мерос қолдирувчининг вафотидан кейин ҳаёт бўлгани аниқ бўлди.

3)            Улардан бирининг вафоти иккинчисининг вафотидан кейин бўлгани маълум бўлиши, бироқ қай бири аввал, қай бири кейин ўлгани аниқ бўлмаслиги.

4)            Улардан айнан қай бири иккинчисидан олдин вафот этгани маълум бўлиши, бироқ унутилган бўлиши.

5)            Уларнинг ўлимлари воқеси номаълум бўлиши, барчалари вафот этишганми ёки тафовут билан вафот этишганми экани билинмаслиги.

Охирги учта ҳолат эҳтимоллар ўрни, ижтиҳод ва текширув майдонидир. Уламолар бу борада икки хил сўзга бўлинганлар:

^ Биринчи сўз: Ҳар учала ҳолатда ҳам улар бир-бирларига ворис бўлмасликлари. Бу саҳобалардан бир жамоасининг, жумладан, Абу Бакр Сиддиқ, Зайд ибн Собит, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумнинг сўзларидир, учта имом – Абу Ҳанифа, Молик ва Шофиеъийлар ҳам шу сўзни ихтиёр қилганлар. Чунки, ворислик шартларидан бири – мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг вориснинг тириклиги аниқ бўлиши эди. Бу ерда шу шарт аниқ бўлмай, шубҳали бўлиб қолди. Шак билан мерос берилмайди. Чунки, Ямома воқеасида, Сиффийн воқеасида, Ҳарра воқеасида ўлганларни бир-бирларига ворис қилинмаган.

^ Иккинчи сўз: Улардан ҳар бири иккинчисига ворис қилинади. Бу саҳобалардан бир жамоасининг, жумладан, Умар ибн Хаттоб ва Алий розияллоҳу анҳумонинг сўзларидир, имом Аҳмаднинг мазҳаби ҳам шудир. Бу сўзнинг далили шуки, улардан ҳар бирининг ҳаёт экани аниқ ишонч билан собит эди. Асл – иккинчисининг вафотидан кейингача унинг ҳаёт бўлиб қолишидир. Чунки, Умар розияллоҳу анҳуга Шомда ўлат тарқалиб, хонадон аҳллари битта қолмай вафот этаётгани ҳақида мактуб келганида уларни бир-бирларига ворис қилишга буюрганлар (Ибн Аби Шайба (6/275, №31346) ривояти).

Бунда мерос берилиши шарти – иштибоҳли суратда вафот этган кишиларнинг ворислари уларнинг ўлимлари тартиби ҳақида ихтилоф қилмасликлари ва ҳар бир маййитнинг ворислари ҳужжатлари бўлмаган ҳолда ўзларининг мерос қолдирувчилари кейин вафот этганинини даъво қилмасликларидир. Акс ҳолда улар ўзаро қасам ичадилар ва таворус (бир-бирига меросхўрлик) бўлмайди.

  • Бу масалада рожиҳ-кучли сўз биринчи сўз, яъни улар бир-бирларига ворис бўлмасликлари ҳақидаги фикрдир. Чунки, ворислик эҳтимол ва шак билан собит бўлмайди. Бу масалада вафот этган кишиларнинг воқеълари номаълумдир. Номаълумлик эса йўқдек гап. Бу ҳолатда улардан бирининг вафоти илгари бўлгани номаълум, бу эса йўқлик билан баробар. Аслида, мерос тирик одам учун бўлиб, у вафот этган кишининг молига ўринбосар бўлиб, ундан фойдаланади. Бу ерда шу нарса ҳам топилмаяпти. Қолаверса, вафот этганлар ҳар бири иккинчисига ворис қилинади деган гапда қарама-қаршилик ҳам лозим келиб қолади. Чунки, улардан бирини (1) иккинчисига (2) ворис қилиш унинг (1) кейин вафот этган бўлишини тақозо қилади. Унисининг (2) бунга (1) ворис қилиниши эса бунинг (1) олдин вафот этган бўлишини тақозо қилади. Бу ҳолда уларнинг ҳар иккиси бир вақтнинг ўзида ҳам олдин, ҳам кейин бўлиб қолишига тўғри келади.

Мана шу кучли сўзга, яъни уларни бир-бирига ворис қилинмаслиги ҳақидаги сўзга кўра, улардан ҳар бирининг моли ўзининг тирик ворисларига бўлади, ўзи билан бирга вафот этганларига эмас. Чунки, шу билан аниқликка амал қилинган ва шубҳадан узоқ бўлинган бўлади, валлоҳу аълам.

^ Рад билан мерослантириш ҳақидаги боб

  • Рад (الردّ) луғатда қайтариш маъносида бўлиб, фароиз илми истилоҳида ворисларнинг фарзларидан ортиб қолган молни – агар унга ҳақли бўлувчи асабалар бўлмаса – фарз эгаларига фарзлари миқдорича қайтариш маъносида ишлатилади.

  • Чунки, Аллоҳ таоло ворисларнинг фарзларини ярим, тўртдан бир, саккиздан бир, учдан икки, учдан бир, олтидан бир қилиб белгилаб қўйган, эркак ва аёллардан бўлган асабаларнинг мерос олишлари кайфиятини баён қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фаризаларни ўз эгаларига етказинглар. Ортиб қолгани энг яқин эркак (қариндош)гадир», деганлар (Бухорий (6732), Муслим (1615) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Ушбу ҳадис шариф Қуръонни баён қилиб берувчи ва ворисларнинг ҳар икки турини, яъни фарз эгаларини ҳам, асабаларни ҳам тартибловчи бўлди. Фарз эгалари ва асабалар мавжуд бўлса, иш аниқ-равшандир. Яъни, фарз эгаларига ўз ўз фарзларини берилади, қолганини асабаларга берилади. Агар ортиб қолмаса, шу ҳадисга биноан асабалар соқит бўлади. Агар фақат асабалар мавжуд бўлса (яъни, фарз эгалари бўлмаса), молни таъсиб йўли билан бўлишиб оладилар.

  • Энди битта муаммо қолдики, агар фарзлар эгаларининг фарз улушлари мероснинг ҳаммасини қамраб олмаса ва қолган молни оладиган асабалар ҳам бўлмаса, бу ҳолатда ортиб қолган молни эр-хотиндан бошқа фарз эгаларига фарзлари миқдорида қайтарилади. Бунинг далиллари қуйидагича:

1)             Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар» (Анфол: 75). Маййитнинг қариндошларидан бўлан фарзлар эгалари унинг молига ҳақлироқ ва бошқалардан кўра лойиқроқдирлар.

2)             Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким мол қолдириб кетган бўлса, у ворисларигадир», деганлар (Бухорий (6731) ва Муслим (1619) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бу маййитдан қолган барча молга, шу жумладан фарзлардан кейин ортиб қолган молга ҳам тегишли бўлиб, фарзлар эгалари унга ҳақлироқдирлар. Чунки, у уларнинг мерос қолдирувчиларининг молидир.

3)             Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳунинг ҳадисида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни беморлик пайтида кўргани келганларида у: «Ё Расулуллоҳ, менга фақат биттагина қизим ворис бўлади», деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг меросини қизига чеклашини инкор қилмадилар. Агар бундай қилиш хато бўлганида эди, унинг бу сўзини инкор қилган бўлардилар. Демак, бу ҳадис ҳам фарз эгаси фарзини олганидан кейин ортиб қолган молни агар асабалар бўлмаса, яна ўзи олишига далолат қилади. Рад – яъни, қайтариб бериш шудир.

  • Моллар уларга қайтариладиган кишилар эр-хотиндан бошқа барча фарз эгаларидир. Чунки, эр-хотин баъзан қариндошлардан бўлмайди ва Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар» (Анфол: 75) оятига дохил бўлмайди.

Аҳли илмлар ортган мол эр-хотинларга қайтарилмаслигига иттифоқ қилганлар. Фақат, ёлғиз Усмон розияллоҳу анҳунинг (ортган молни) эрга қайтарганлари ривоят қилинган. Буни ҳам раддан бошқа сабаб билан, асаба бўлгани учун ё қариндошлиги сабабли берган бўлишлари эҳтимоли бор, валлоҳу аълам.

^ Завул-арҳом – қариндошларнинг мероси ҳақидаги боб

Қариндош деб фароиз илми истилоҳида фарз эгаси ҳам, асаба ҳам бўлмаган ҳар бир қариндошга айтилади. Улар қисқа қилиб айтганда тўрт гуруҳга бўлинадилар:

^ Биринчи гуруҳ: Маййитга нисбатланадиган кишилар. Улар қизларнинг фарзандлари, ўғилларнинг қизларининг фарзандларидир, ҳар қанча қуйига кетсалар ҳам.

Иккинчи гуруҳ: Маййит уларга нисбатланадиган кишилар. Улар (меросдан) соқит бўлган боболар ва соқит бўлган бувилардир, ҳар қанча юқорига кетсалар ҳам.

^ Учинчи гуруҳ: Маййитнинг ота-онасига нисбатланадиган кишилар. Улар опа-сингилнинг фарзандлари, ака-укаларнинг қизлари, она томондан бўлган ака-укаларнинг фарзандлари ва улар орқали кетганлар, ҳар қанча қуйига кетса ҳам.

^ Тўртинчи гуруҳ: Маййитнинг боболари ва бувиларига нисбатланадиган кишилар. Улар она томондан бўлган амакилар, мутлақ аммалар, мутлақ амакиларнинг қизлари, мутлақ тоғалар, ҳар қанча узоқлашсалар ҳам, уларнинг болалари, ҳар қанча узоқлашсалар ҳам.

  • Бу уларнинг қисқача тарздаги туркумларидир. Улар агар эр-хотиндан бошқа фарз эгалари мавжуд бўлмаган ва асабалардан биронтаси бўлмаган ҳолда мерос оладилар. Бунинг бир неча далиллари бор. Жумладан:

1)             Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар» (Анфол: 75). Яъни, Аллоҳнинг ҳукмида баъзилари баъзиларининг меросига ҳақлироқдирлар.

2)             Аллоҳ таоло айтади: «Эркаклар учун ота-оналар ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндош-уруғлари қол­дириб кетган меросдан улуш бордир» (Нисо: 7). Эркаклар, аёллар, қариндош-уруғлар деган лафз қариндошларни ўз ичига олади. Уни хослашни даъво қилган кишига далил келтириш лозим бўлади.

3)             Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тоға вориси йўқ кишининг ворисидир», деганлар (Абу Довуд (2899), Ибн Можа (2634), Насоий «Ал-кубро»да (4/76, №6351), Термизий (2103) Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Термизий ҳасан ҳадис деган).

Ушбу ҳадисдан далил олиш йўли шуки, у зот фарз ё асабалик билан мерос олувчи бўлмаганда тоғани ворис қилдилар, тоға қариндошлардан (зул-арҳомдан) саналади. Демак, бошқа қариндошлар ҳам унга қўшиладилар.

Булар қариндошларга (зул-арҳомга) мерос берилади, деб айтадиган кишиларнинг баъзи далиллари бўлиб, бир қанча саҳобалардан, жумладан Умар ва Алий розияллоҳу анҳумолардан  ривоят қилинган. Ҳанбалий ва ҳанафийлар ҳам шу фикрни олганлар.

  • Қариндошларга мерос берилишини айтган кишилар уларга мерос бериш кайфияти ҳақида бир неча хил сўзга бўлинганлар. Улардан энг машҳури иккита сўздир:

1)Улар танзил (яъни, бировнинг ўрнига тушириш) йўли билан мерос оладилар. Яъни, уларнинг ҳар бирини ўзлари у орқали келган киши ўрнига туширилади ва унинг улушини берилади. Масалан, қизларнинг болалари ва ўғилларнинг қизларининг болалари оналарининг ўрнида бўладилар. Она бир амаки ва аммалар ота ўрнида бўладилар. Тоғалар, холалар ва онанинг отаси она ўрнида бўладилар. Ака-уканинг қизлари ва ака-уканинг болаларининг қизлари оталарининг ўрнида бўладилар ва ҳоказо.

2)Қариндошларга мерос бериш худди асабаларга мерос беришга ўхшаган бўлиб, улардан энг яқин бўлгани, сўнг яқинликда ундан кейин бўлгани муқаддам қилинади, валлоҳу аълам.

^ Талоқ қилинган аёлнинг мероси ҳақидаги боб

  • Маълумки, эр-хотинлик битими (никоҳ ақди)ни Аллоҳ таоло мерос олиш сабабларидан бири қилиб қўйган: «Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан — агар улардан фарзанд қолмаган бўлса — ярми те­гур. Энди агар уларнинг фарзандлари қолган бўлса, сизларга уларнинг меросидан тўртдан бири тегур. (Бу тақсимотлар) маййитга қилган васият ва унинг қарзлари адо этилгандан кейин бўлур. Уларга(хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан — агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса — тўртдан бири тегур. Энди агар сизларнинг фарзандингиз қолган бўлса, уларга сизнинг меросингиздан саккиздан бири тегур. (Бу тақсимотлар) сизлар қилган ва­сият ва қарзларингиз адо қилингандан кейин бўлур» (Нисо: 12).

  • Модомики, эр-хотинлик битими сақланиб тураркан, агар ворисликка монеъ бўладиган бирор сабаб бўлмаса, ворислик ҳам сақланиб туради.

  • Агар эр-хотинлик битими талоқ сабабли тўла бузилса, яъни боин талоқи тушса, у ворисликни ман қилади. Чунки, агар сабаб йўқ бўлса, мусаббаб (сабабнинг натижаси) ҳам бўлмайди. Бироқ, талоқ борасида шундай ҳолатлар ҳам бўладики, ўша ҳолатларда талоқ ворисликни ман қилолмай қолади. Яъни, масалан, никоҳ ақди талоқ сабабли узил-кесил бузилмаган бўлса, аёл киши иддаси ичида бўлар экан, эр-хотин ўртасида ўзаро ворислик йўқолмайди. Буни ражъий талоқ деб аталади. Шунинг учун фуқаҳолар «талоқ қилинган аёлнинг мероси» деб номланган боб ажратганлар.

  • Талоқ қилинган аёллар қисқача айтганда уч турга бўлинади:

1)             Ражъий талоқ қилинган аёл. Унинг талоқи талоқ қилувчининг соғлиги ҳолида бўлсин ё касаллиги ҳолида бўлсин, фарқсиз.

2)             Талоқ қилувчининг соғлиги ҳолида боин талоқ қилинган аёл.

3)             Талоқ қилувчининг вафот этган касаллиги ҳолида боин талоқ қилинган аёл.

  • Ражъий талоқ қилинган аёл идда сақлаши муддатида талоқ қилувчи вафот этса, уламолар ижмоъсига кўра, мерос олади. Чунки, модомики иддада бўларкан, у унинг хотини ҳисобланади ва бошқа хотинлар каби ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлади.

  • Талоқ қилувчининг соғлиги ҳолида боин талоқ қилинган аёл уламолар ижмоъсига кўра, мерос олмайди. Чунки, эр-хотинлик алоқаси табиий равишда, бу ҳақда эрга етадиган бирон туҳматсиз (айбсиз) узилган бўлади. Эрнинг хавфли бўлмаган касаллиги пайтида ҳосил бўлган боин талоқ ҳам шунга ўхшагандир.

  • Эрнинг хавфли (яъни, ўлим хавфи бўлган) касаллиги пайтида уни меросдан маҳрум қилиш қасди борлиги билан айбланмаган ҳолатида боин талоқ қилинган аёл ҳам мерос олмайди.

  • Эрнинг хавфли касаллиги пайтида боин талоқ қилинган аёл – агар эр бу билан аёлини меросдан маҳрум қилишга қасд қилгани билан айбланган бўлса – иддаси ичида ҳам, иддадан кейин ҳам, модомики, бошқа турмушга чиқмаган ёки муртад бўлиб кетмаган бўлса, мерос олади.

Боин талоқ билан талоқ қилинган аёл эрига юқоридаги айб қўйилган бўлса, мерос олишига далил шуки, Усмон розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг аёлига мерос берилишига ҳукм қилганлар, Абдурраҳмон уни вафот этган касаллиги пайтида талоқ қилган эди (Молик «Муваттоъ»да (2/572, №1185), Абдурраззоқ (7/61, №12191), Ибн Аби Шайба (4/171, №19033) ривоят қилганлар). Бу ҳукм саҳобалар орасида машҳур бўлган ва инкор қилинмаган.

Чунки, бундай талоқ қилувчи мерос хусусида фосид қасдни қасд қилгани учун унга ўзининг қасдининг зидди билан муомала қилинади. Бу эса идда муддати ичига чекланмайди, валлоҳу аълам.

  • Эр-хотиндан бири ёлғиз қолишларидан ва қўшилишларидан олдин вафот этса ҳам, никоҳ ақди сабабли бир-биридан мерос олаверади. Чунки, қуйидаги ояти кариманинг умумий маъноси шунга далолат қилади: «Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан — агар улардан фарзанд қолмаган бўлса — ярми те­гур. Энди агар уларнинг фарзандлари қолган бўлса, сизларга уларнинг меросидан тўртдан бири тегур. (Бу тақсимотлар) маййита қилган васият ва унинг қарзлари адо этилгандан кейин бўлур. Уларга (хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан — агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса — тўртдан бири тегур» (Нисо: 12). Чунки, эр-хотинлик алоқаси ишончли ва шарафли алоқа бўлиб, улар ортидан бир неча ҳукмлар келиб чиқади ва улар устига улуғ манфаатлар бино қилинади. Аллоҳ таоло улардан бири вафот этса, унинг молидан иккинчисига ҳам бошқа яқинлари қаторида улуш қилиб қўйди. Бу эса эр-хотин бир-бирларига ҳурмат-эҳтиром назари билан қарашлари лозимлигини таъкидловчи ишлар сирасига киради.

Исломнинг ҳукмлари ана шундай, ҳаммаси яхшилик ва баракотдан иборатдир. Аллоҳ таолодан бизларни унда собитқадам қилишини ва унинг устида вафот эттиришини сўраймиз.

^ Дини бошқа одамларнинг бир-биридан мерос олишлари ҳақидаги боб

  • Дини бошқа бўлиш – мерос қолдирувчи бир динда, мерос олувчи бошқа динда бўлишидир.

  • Бунинг остида иккита масала бор:

 

Биринчи масала: кофирнинг мусулмондан, мусулмоннинг кофирдан мерос олиши:

Уламолар бу масалада тўрт хил сўзга бўлинганлар:

1)            Мусулмон билан кофир бир-биридан мутлақо мерос олмайди. Бу аксарият аҳли илмнинг сўзларидир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон кофирдан, кофир мусулмондан мерос олмайди», деганлар (Бухорий (6764) ва Муслим (1614) Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

2)            Мусулмон билан кофир бир-биридан фақат валийлик йўли билангина мерос олишлари мумкин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон насронийдан мерос олмайди, фақат қули ё чўриси бўлсагина олиши мумкин», деганлар (Насоий «Ал-кубро»да (4/83, №6389), Дорақутний (4/74, №22), Байҳақий 96/218) Жобир розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилганлар). Бу ҳадис мусулмон киши ўзининг озод қилган насроний қулидан мерос олишига далил бўлади. Буни аксига ҳам қиёс қилиш мумкин, яъни насроний мусулмон қулини озод қилган бўлса, унга ворис бўлади.

3)            Кофир агар мусулмон қариндошининг мероси тақсимланишидан олдин мусулмон бўлса, ундан мерос олади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоҳилиятда тақсим қилинган ҳар бир тақсим ўша тақсим қилингани бўйича қолади, унга Ислом етиб келган ҳар бир тақсимот Ислом тақсим қилгани бўйича бўлади», деганлар (Абу Довуд (2914), Ибн Можа (2485) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Ҳадис далил бўладики, агар кофир ўзининг мусулмон мерос қолдирувчисининг мероси тақсимланишидан олдин Исломни қабул қилса, мерос олади.

4)            Мусулмон кофирдан мерос олади, акси эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом зиёда бўлади, камаймайди», деганлар (Абу Довуд (2912), Ибн Аби Шайба (6/284, №31450) Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Мусулмон кишига кофирнинг меросини бериш зиёдалик, кофирга мусулмоннинг меросини бериш эса нуқсондир. Ҳадис далолатига кўра, Ислом зиёдаликни жалб қилади, нуқсонни жалб қилмайди.

Булар ичида кучлироғи – валлоҳу аълам – биринчи сўз, яъни, мусулмон билан кофир бир-биридан мерос олмаслигидир. Чунки, унинг далили саҳиҳ ва очиқ-равшандир. Бошқа сўзларнинг далиллари эса ё саҳиҳ эмас, ё очиқ эмас, улар биринчи сўзнинг далилига тенг келолмайди.

 

^ Иккинчи масала: кофирларнинг бир-бирларидан мерос олишлари:

Кофирлар учун икки ҳолат мавжуд:

1)            Битта динда бўлишлари. Масалан, яҳудий яҳудий билан, насроний насроний билан. Бу ҳолатда уларнинг бир-бирларидан мерос олишлари ҳақида хилоф йўқ.

2)            Динлари бошқа-бошқа бўлиши. Яҳудларнинг насронийлар ёки мажусийлар ёки бутпарастлар билан бўлган ҳолатлари каби. Бу ҳолатда уламолар уларнинг бир-бирларидан мерос олишлари хусусида ихтилоф қилганлар. Ихтилоф «куфрнинг ҳаммаси битта миллатми ёки турлича миллатларми?» деган нарса устига қурилган.

Улар бу ҳақда уч хил сўзга бўлинганлар:

1)           Куфр битта миллатдир. Бу ҳанафий ва шофеъийларнинг сўзидир (бир юртда яшаган ҳолатларида), ҳанбалий мазҳабидаги бир ривоят ҳам шудир ва бу жумҳурнинг сўзидир. Яъни, куфр ўзининг барча шакли ва ҳамма кўриниши билан битта миллатдир. Кофирлар динлари турлича бўлишига қарамай бир-биридан мерос олади. Чунки, ота-болаларнинг бир-бирларидан мерос олишлари ҳақидаги наслар (ояту ҳадис далиллари) умумийдир, фақат шариат соҳиби истисно қилганлари бундан мустасно. Аллоҳ таоло: «Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига дўстдирлар» (Анфол: 73) деган.

2)           Куфр учта миллатга бўлинади. Яҳудия бир миллат, насрония бир миллат, қолган куфр турлари бир миллат. Чунки, китоблари йўқлиги уларнинг ҳаммасини бирлаштириб туради. Яҳудий насронийдан мерос олмайди, иккаласидан бири бутпарастдан мерос олмайди.

3)           Куфрнинг ҳаммаси ҳар хил миллат, ҳар бир миллат аҳли иккинчи миллат аҳлидан мерос олмайди. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки хил миллат аҳли бир-биридан мерос олмайди», деганлар (Абу Довуд (2911), Насоий «Ал-кубро»да (4/82, №6383), Ибн Можа (2731), Аҳмад (2/195, №6844) Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобосидан (Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан) ривоят қилганлар).

Мана шу сўз кучлироқ бўлса керак. Чунки, юқоридаги ҳадис низо ўрнида ҳужжат бўлади. Қолаверса, ҳар хил миллатлар аҳли ўртасида ўзаро ёрдамлашув бўлмайди. Демак, мусулмонларнинг кофирлар билан бўлган ҳолатлари каби, улар ўртасида ўзаро мерос олиш ҳам бўлмайди. Ундан ташқари, мерос олишни вожиб қилувчи мерос олишдан ман қилувчи билан қарама-қарши келиб қолди. Яъни, динда фарқли бўлиб қолдилар. Чунки, дини бошқа бўлиш ҳамма тарафлама ажралишни тақозо қилади. Демак, монеъ қувватли бўлди ва мерос олишни вожиб қилувчи (сабаб)ни ман қилди, вожиб қилувчи монеъ борлиги учун амал қилолмади.

Куфрнинг ҳаммаси битта миллат дейдиган кишилар диёри бошқа бўлиш кофирларнинг бир-бирларидан мерос олишларига монеълик қилади, дейдилар. Чунки, ўрталарида ўзаро ёрдамлашув ва қўллаб-қувватлаш бўлмайди. Бу маъно миллатлар фарқли бўлганда ҳам мавжуд бўлади. Мана шу сўзга кўра, бизга қувватлироқ кўринган фикр шуки, насроний масалан ўзининг яҳудий қариндошидан ё мажусий қариндошидан ё бутпараст қариндошидан мерос олмайди, бутпараст ҳам масалан ўзининг яҳудий қариндошидан мерос олмайди. Балки, яҳудийлар бир-бирларидан, насронийлар бир-бирларидан, мажусийлар бир-бирларидан мерос олишади. Бошқа куфр миллатлари ҳам шундай, валлоҳу аълам.

Қотилга мерос беришнинг ҳукми ҳақидаги боб

  • Баъзида мерос олиш сабаблари тўла-тўкис бўлади, бироқ ушбу сабабларга қарама-қарши келиб қолган монеъ сабабидан уларнинг тақозоси рўёбга чиқмайди.

  • Ворисликнинг монеълари кўп бўлиб, улардан бири ворис ўз мерос қолдирувчисини ўлдиришидир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қотилга мерос йўқ», деганлар (Абу Довуд (4564), Насоий «Ал-кубро»да (4/79, №6367), Ибн Можа (2646) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар), «Қотил ҳеч нарсани мерос олмайди», деганлар (Абу Довуд (4564) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Қолаверса, қотилни меросдан маҳрум қилиш зариъанинг (яъни, сабаб ва воситанинг) йўлини тўсиш ҳам бўлади. Чунки, молга бўлган муҳаббат ворисни тезроқ меросга эга бўлиш мақсадида ўз мерос қолдирувчисини ўлдиришга етаклаши мумкин. Машҳур қоида борки, ким бир нарсага вақтидан олдин шошилса, у ўша нарсадан маҳрум қилиниш билан жазоланади.

  • Қотилни меросдан маҳрум қилиш аҳли илмлар ўртасида ижмоъ қилинган ишдир. Аммо, меросдан маҳрум қиладиган қатл турини чеклашда улар ихтилоф қилганлар:

-            Шофеъий мазҳабидаги қавл шуки, қотил қатлнинг тури қандай бўлишидан қатъий назар, ҳар қандай ҳолатда ҳам мерос олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қотил ҳеч нарсани мерос олмайди» деган сўзлари бунга далил бўлади. Қатл меросни тезроқ қўлга киритиш воситаси қилиб олинмаслиги учун қотилни меросдан маҳрум қилинади. Шундай экан, йўлни тўсиш учун ҳар қандай ҳолатда ҳам уни меросдан маҳрум қилиш вожиб.

Шунга кўра, қатлга алоқаси бор бўлган ҳар қандай одам, гарчи қатл ҳақ билан бўлган бўлса ҳам мерос олмайди. Шунингдек, қатл қилишга ҳукм қилган қози ва мақтулга қарши гувоҳлик берган киши ҳам, ва ҳатто қатл қасдсиз содир бўлган бўлса ҳам, яъни масалан, уйқудаги одамдан, мажнундан, гўдак боладан содир бўлган бўлса ҳам, шунингдек, шариатда изн берилган иш ортидан қатл келиб чиқса ҳам, яъни масалан, адаб берувчи ва даволовчи кишининг адаб бериши ва даволаши ўлимга сабаб бўлса, у ҳам (қатл қилинган кишидан) мерос олмайди.

-            Ҳанбалийлар фақат ноҳақдан қатл қилиш меросдан маҳрум қилади, деган фикрни айтадилар. Яъни, бу қасос билан ё дия (хун пули) билан ё каффорат билан зоминлик (жавобгар бўлиш) фарз бўлган қатлдир. Қасддан, ярим қасддан, билмасдан ўлдириб қўйиш, сабаб билан ўлдириш, гўдак бола, мажнун ва уйқудаги одамнинг ўлдириши каби. Аммо, юқорида айтилганлар билан зомин бўлинмайдиган қатл меросдан ман қилмайди, қасос учун ўлдириш, ҳад (яъни, шаръий жазо сифатида) қатл қилиш, ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўлдириб қўйиш каби ёки қотил адолатли, мақтул эса тажовузкор бўлган ёки қатл шаръан изн берилган адаб бериш ва даволаш орқали содир бўлган ҳолатлар каби.

-            Ҳанафия мазҳабида ҳам худди шундай. Фақат улар сабабчи бўлиш орқали ҳосил бўлган қатлни меросдан ман қилмайди, деб эътибор қиладилар. Яъни, масалан, қудуқ қазиб қўйган бўлса ёки йўлга тош ташлаб қўйган бўлса, шу нарса мерос қолдирувчисининг ўлимига сабабчи бўлса, бу меросни ман қилмайди. Шунингдек, қасдсиз ўлдириб қўйиш ҳам меросни ман қилмайди, ёш бола ёки мажнуннинг қатл қилиши каби.

-            Моликийларда наздида қотил учун иккита ҳолат мавжуд:

Мерос қолдирувчисини қатл қилиши қасддан ва тажовузкорона бўлиши. Бу ҳолатда у мерос қолдирувчисининг молидан ҳам, унинг хун пулидан ҳам мерос олмайди.

Мерос қолдирувчисини беқасд, билмасдан ўлдириб қўйиши. Бу ҳолатда унинг молидан мерос олади, лекин хун пулидан мерос олмайди. Бу ҳолатда унинг молидан мерос олиши сабаби шуки, у унинг ўлимига ошиққани йўқ эди. Хун пулидан мерос олмаслиги сабаби шуки, хун пули унинг зиммасига фарз бўлади. Ўзининг зиммасига фарз бўладиган нарсадан мерос олишининг маъноси йўқдир.

  • Ушбу сўзларни кўздан кечириб чиқиб, улар ичидаги энг ўрта сўз ҳанбалийлар ва ҳанафийларнинг сўзи эканини топамиз. Яъни, қотилга зоминликни (яъни, жавобгарликни) вожиб қиладиган қатл меросдан ман қилади, қотилга зоминликни вожиб қилмайдиган қатл меросдан ман қилмайди. Чунки, зоминликни вожиб қилувчи қатлда қотил маъзур саналмайди ва жавобгарликни бўйнига олади, бунинг натижаси ўлароқ меросдан ҳам маҳрум қилинади. Зоминликни вожиб қилмайдиган қатлда қотил маъзур саналади ва масъулиятни кўтармайди, шу боис меросдан ҳам маҳрум қилинмайди.

Агар шофеъийларнинг сўзига амал қилиб, ҳар қандай қатлни меросдан ман қилувчи қилиб қўйсак, бу фарз бўлган ҳадларни (яъни, шаръий жазоларни) барпо қилмасликка  ва қасос ва шу каби бошқа ҳуқуқларни тўла қилмасликка сабаб бўлиб қолар эди.

Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламинг: «Қотил учун мерос йўқдир» деган сўзлари қатл ноҳақ бўлган ҳолатга хосланган бўлади. Валлоҳу аълам.
1   2   3   4   5   6   7




Похожие:

Мерослар китоби iconҚасос ва Жиноятлар китоби
Шижож (бош ва юзнинг ёрилиши) ҳамда суякларнинг синдирилишига доир аҳкомлар ҳақидаги боб
Мерослар китоби iconАвесто Авасто, қадимтарин асари адабиёти форс-тоҷик, китоби муқаддаси зардуштия оина халқҳои эронинажоди кадим

Мерослар китоби iconҚасос ва Жиноятлар китоби
Шижож (бош ва юзнинг ёрилиши) ҳамда суякларнинг синдирилишига доир аҳкомлар ҳақидаги боб
Мерослар китоби iconҲадлар ва таъзирлар китоби
Аллоҳнинг ҳадлари (ёки ҳудудлари) – қилиниши ва поймол қилиниши ман қилинган ҳаромларидир
Мерослар китоби iconҲадлар ва таъзирлар китоби
Аллоҳнинг ҳадлари (ёки ҳудудлари) – қилиниши ва поймол қилиниши ман қилинган ҳаромларидир
Мерослар китоби iconНамоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]
Жамоат намозини тарк қилган кишининг ҳукми ва жамоат намози неча кишидан ташкил топиши ҳақида
Мерослар китоби iconНамоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]
Жамоат намозини тарк қилган кишининг ҳукми ва жамоат намози неча кишидан ташкил топиши ҳақида
Мерослар китоби iconҚиёмат аломатлари ҳАҚида
Нақлий далиллар, қисқа қилиб айтганда, инсоният тарихидаги барча динлар иттифоқ қилишганки, инсон ўлгандан сўнг, қайта тирилади ва...
Мерослар китоби iconДар китоби мазкур мафњумњои забони аломатгузори html
Дар замони муосир компютер дар рушди илмњои техники ањмияти аввалиндараља дорад. Давлатњои пешрафтаи олам ба омўзиши ин бахш диќќати...
Мерослар китоби iconШерикликлар китоби
Чунки, ҳаётда бу жуда кўп ишлатилади, тижорат ва бошқа ишларда шериклик қилиш одамлар ўртасида кенг тарқалган ишлардан бўлиб, у билан...
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©cl.rushkolnik.ru 2000-2013
При копировании материала обязательно указание активной ссылки открытой для индексации.
обратиться к администрации
Документы