Намоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] icon

Намоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]

НазваниеНамоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]
страница5/30
Дата конвертации07.11.2014
Размер2.03 Mb.
ТипДокументы
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   30
^

Намознинг рукнлари, фарзлари ва суннатлари ҳақидаги боб




Мусулмон биродар! Намоз – шаръий сўз ва амалларни ўз ичига олган улуғ ибодат бўлиб, ушбу сўз ва амаллардан унинг мукаммал кўриниши ташкил топади. Уламолар таърифига кўра, намоз – такбир билан бошланиб, салом билан тамом бўладиган сўз ва амаллардир. Мазкур сўз ва амаллар уч қисмдан иборат бўлиб, уларни рукнлар, фарзлар, суннатлар деб аталади.

Рукнлардан биронтаси хоҳ қасддан, хоҳ унутиб тарк қилинса, намоз ботил-бекор бўлади ёки ўша рукн тарк қилинган ракъат бекор бўлиб, ундан кейинги ракъат унинг ўрнига ўтади. Бунинг баёни қуйироқда келади.

Фарзлардан биронтаси қасддан тарк қилинса, намоз ботил бўлади, унутиб тарк қилинса ботил бўлмайди, саҳв саждаси қилиш билан ўрни тўлади.

Суннатлардан биронтасини хоҳ қасддан, хоҳ унутиб тарк қилиш билан намоз ботил бўлмайди, лекин бу билан намознинг ҳайъатига (суратига) путур етади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни барча рукнлари, фарзлари ва суннатлари билан комил суратда ўқиганлар ва:«Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар», деганлар (Бухорий (631) ва Муслим (674) Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Намознинг рукнлари ўн тўрттадир:

Биринчи рукн: Фарз намозда қиём – тик туриш.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ учун бўйсунган ҳолда туринглар!» (Бақара: 238). Имрон ибн Ҳусойн ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тик туриб ўқи, агар қодир бўлмасанг ўтириб ўқи, бунга ҳам қодир бўлмасанг ёнбошлаб ўқи», деганлар (Имом Бухорий (1117) ривояти). Ушбу оят ва ҳадис имкони бор одам фарз намозни туриб ўқиши фарзлигига далил бўлади.

Агар касаллик туфайли тик туриб ўқишга қодир бўлмаса, аҳволи кўтаришига қараб, ўтирган ё ёнбошлаган ҳолида ўқийверади. Хавф-хатар ичида турган ва яланғоч одам, ўрнидан турмаслик талаб этиладиган даволаниш жараёнида ўтириш ва ётишга мажбур бўлган киши, шунингдек, шифт пастлиги туфайли тик туриш имкони бўлмаган ва ташқарига чиқиш имкони ҳам бўлмаган одам ҳам худди касал одам ўқиганидек ўқийди. Тик туриб ўқишдан ожиз ҳолдаги расмий имом (яъни, масжидга расман тайинланган имом) ортида ўқиётган одам ҳам тик турмаслигида маъзур саналади, имом ўтириб ўқиса, у ҳам имомга эргашиб ўтириб ўқийди. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморликларида ўтириб ўқидилар ва орқадагиларни ҳам ўтиришга буюрдилар.

Нафл намозни тик туриб ўқиш ҳам, ўтириб ўқиш ҳам жоиз, унда тик туриш фарз эмас. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳён-аҳёнда ҳеч қандай узрсиз ҳам ўтириб намоз ўқирдилар (Муслим (730) Оиша розияллоҳу анҳодан ривояти).

Иккинчи рукн: Намозни такбиратул-иҳром билан (яъни, «Аллоҳу акбар» деб) бошлаш. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сўнг қиблага юзланиб: «Аллоҳу акбар» дегин», деганлар (Бухорий (757) ва Муслим (394) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар),«Намознинг таҳрими[1] такбир айтишдир» деганлар (Абу Довуд (61), Термизий (3), Ибн Можа (275) Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни такбирсиз бошлаганлари нақл қилинган эмас, такбир – Аллоҳу акбар, деб айтиш бўлиб, ундан бошқа лафз унинг ўрнига ўтмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган нарса шудир.

Учинчи рукн: «Фотиҳа» сурасини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Фотиҳатул-китобни ўқимаган одамнинг намози намоз эмас», деганлар (Бухорий (756) ва Муслим (394) Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Уни ҳар бир ракъатда ўқиш рукндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳар бир ракъатда ўқиганлари саҳиҳ ҳадисда келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни яхши ўқимаган одамга қандай намоз ўқиш кераклигини ўргатганларида унга «Фотиҳа» сурасини ўқишни ҳам буюрганлар.

«Фотиҳа» сурасини ўқиш ҳар бир намоз ўқиётган кишига вожибми ёки имомга ва ёлғиз ҳолда ўқиётган одамга вожибми? Ушбу масалада уламолар ўртасида хилоф бор. Эҳтиёт йўлини тутиб, имомга иқтидо қилган киши жаҳрий бўлмаган намозда ушбу сурани ўзи ўқиши, жаҳрий намозда эса имом сукут қилган пайт уни ўқиб олиши яхшироқдир.

Тўртинчи рукн: Ҳар бир ракъатда рукуъ қилиш.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, рукуъ қилингиз, сажда қилингиз» (Ҳаж: 77). Рукуъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида ҳам собит бўлган. У Китоб, Суннат ва ижмоъ билан фарздир.

Рукуъ луғатда эгилиш маъносини билдиради. Тик туриб намоз ўқиётган ўрта бўйли, яъни оёқ-қўллари ўта узун ҳам, қисқа ҳам бўлмаган одамнинг рукуъи – кафтлари тиззаларига етишидир. Ўрта бўй бўлмаган киши ҳам ана шу миқдорда эгилади. Ўтириб ўқиётган одамнинг рукуъи – юзи тиззаси устига рўпара келишидир.

Бешинчи ва олтинчи рукнлар: Рукуъдан бош кўтариш ва рукуъдан аввалги ҳолатига қайтиб, тик туриш. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доим шундай қилардилар. У зот:«Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар», деганлар (Бухорий (631) ва Муслим (674) Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Еттинчи рукн: Сажда қилиш. Сажда – пешонани ерга қўйиш бўлиб, у еттита аъзо устига ҳар ракъатда икки мартадан қилинади.

Аллоҳ таоло: «Сажда қилингиз» (Ҳаж: 77), деб буюрган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга буюрганлари ва ўзлари қилганлари ҳақида ҳадислар келган ва у зот: «Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар», деганлар (Бухорий (631) ва Муслим (674) Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Етти аъзо – Юз (яъни, пешона ва бурун), икки қўл, икки тизза ва икки оёқнинг учларидир. Ушбу аъзолардан ҳар бири имкониятга қараб сажда ўрнига тегиши зарур. Сажда намознинг энг катта рукнидир. Банданинг Парвардигорига энг яқин ҳолати саждада турган ҳолатидир.

Саккизинчи рукн: Саждадан бош кўтариб, икки сажда ўртасида ўтириш. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждадан бош кўтарсалар, тўғри, текис ўтирмагунларича иккинчи саждага бормас эдилар» (Имом Муслим ривояти).

Тўққизинчи рукн: Мазкур амаларнинг ҳар бирида хотиржамликни лозим тутиш, яъни оз миқдорда бўлса-да, тўхталиб туриш. Китобу Суннат далолатига кўра, намозида хотиржам турмайдиган одам намоз ўқиган саналмайди ва қайта ўқишга буюрилади.

Ўнинчи ва ўн биринчи рукнлар: Охирги ташаҳҳуд ва унда ўтириш. Ташаҳҳуддан мурод - «Ат-таҳийёт» ўқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доим шундай қилганлар, у зот:«Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар», деганлар (Бухорий (631) ва Муслим (674) Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Биз ташаҳҳуд фарз бўлишидан олдин бундай дер эдик...», деганлар (Бухорий (831) ва Муслим (402) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). У кишининг: «фарз бўлишидан олдин» деганликлари унинг фарзлигига далил бўлади.

Ўн иккинчи рукн: Охирги ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот ўқиш, яъни: «Аллоҳумма солли ала Муҳаммад...» ўқиш. Унга зиёда дуолар ўқиш суннатдир.

Ўн учинчи рукн: Рукнларни тартиб билан бажариш. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни тартиб билан ўқирдилар, у зот: «Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар», деганлар (Бухорий (631) ва Муслим (674) Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар), ўзлари намозни яхши ўқимаган одамга қандай намоз ўқиш кераклигини ўргатганларида: «ундан сўнг...» деб ўргатганлар.

Ўн тўртинчи рукн: Салом бериш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг охири салом беришдир», деганлар, «Намознинг... таҳлили (яъни, унинг ичида қилиш ҳаром қилинган ишлар яна ҳалол бўлишининг бошланиши) эса салом беришдир», деганлар (Абу Довуд (61), Термизий (3), Ибн Можа (275) Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Салом бериш намоздан чиқиш белгиси сифатида машруъ қилинган.

Мусулмон биродар! Ким ушбу рукнлардан бирортасини қасддан тарк қилса, унинг намози ботил бўлади. Агар унутиб тарк қилса – масалан рукуъ ё сужудни – ва кейинги ракъатнинг қироатини бошламай туриб, эсига тушиб қолса, қайтиб, ўша қолдириб кетган рукнни ва шу ракъатдаги ундан кейинги амалларни қайта қилади. Агар кейинги ракъатнинг қироатига киришганидан кейин эсига тушиб қолса, ўша рукнни қолдириб кетган ракъат бекор бўлади-да, кейин ўқиётган ракъати ўша ракъат ўрнига ўтади, сўнг охирида саҳв саждаси қилади. Агар ташлаб кетилган рукнни салом бериб намоздан чиққанидан кейин билса, агар у рукн охирги ташаҳҳуд ё салом бўлса, уни ўқийди ва саҳв саждаси қилиб, яна салом беради. Агар улардан бошқа – рукуъ ё сажда каби – бирор рукнни ташлаб кетган бўлса, кўп вақт ўтмаган бўлса, ўша тарк қилган ракъати ўрнига тўла бир ракъат ўқиб, кейин саҳв саждаси қилиб, салом беради. Борди-ю орада анча вақт ўтган бўлса ёки таҳорати синган бўлса, намозни тўлалигича бошқа ўқийди.

Намоз ва унинг ичидаги сўз ва амаллар нақадар улуғ! Аллоҳ таоло барчаларимизни уни тўкис адо этишга ва муҳофаза қилишга муваффақ айласин.
Намознинг вожиблари (фарзлари) саккизта:

1) Намоздаги такбиратул-иҳромдан бошқа барча такбирлар вожибдир. Бир рукндан иккинчисига ўтиш пайтида айтиладиган такбирлар рукн туридан бўлмай, вожиб туридандир.

2) Тасмиъ – яъни, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дейиш имом ва ёлғиз ўқиётган киши ҳаққида вожибдир, аммо маъмум айтмайди.

3) Таҳмид – яъни, «Роббана ва лакал ҳамд» дейиш имомга ҳам, маъмумга ҳам, ёлғиз ўқиётган одамга ҳам вожиб. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деса, «Аллоҳумма роббана лакал ҳамд» денглар», деганлар (Бухорий (733) ва Муслим (411) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

4) Рукуъда бир бор «Субҳана роббиял азийм» дейиш. Уч мартага зиёда қилиш комил суннат, ўн мартагача зиёда қилиш ундан ҳам олийроқ комиллик бўлади.

5) Саждада бир бор «Субҳана роббиял аъла» дейиш. Уч мартага зиёда қилиш суннатдир.

6) Икки сажда ўртасида бир марта «Роббиғфир лий» дейиш. Уч мартага зиёда қилиш суннатдир.

7) Биринчи ташаҳҳуд, яъни «Аттаҳийёту лиллаҳ»ни то «абдуҳу ва росулуҳ»гача ўқиш.

8) Биринчи ташаҳҳудга ўтириш. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий равишда шундай қилардилар, у зот: «Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар», деганлар (Бухорий (631) ва Муслим (674) Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Кимда-ким мазкур қавлий (оғзаки ўқиладиган) ва феълий (амалда бажариладиган) вожиблардан биронтасини қасддан тарк қилса, унинг намози ботил-бекор бўлади. Чунки, у ушбу вожибни жиддий амал деб кўрмаган бўлади. Ким унутиб ёки билмасдан тарк қилса, саҳв саждаси қилиш керак бўлади. Чунки, у тарк қилиш ҳаром бўлган вожибни тарк қилган бўлиб, у саҳв саждаси билан тузалади.
Намознинг суннатлари

Намознинг сўз ва амалларидан юқорида айтиб ўтилган қисмлардан бошқа, учинчи қисми унинг суннатларидир. Суннатни тарк қилиш билан намоз ботил бўлмайди.

Намознинг суннатлари икки хил:

Биринчиси – қавлий суннатлар бўлиб, улар жуда кўп. Намозни бошлаш дуоси, аъувзу ва бисмиллаҳни айтиш, омийн дейиш, бамдод, жумъа, ийд, кун тутилиш намозларида ҳамда шом, хуфтон, пешин ва аср намозларининг аввалги икки ракъатида Фотиҳа сурасидан кейин истаганича қироат қилиш каби.

Булардан ташқари яна: «Роббана ва лакал ҳамд» дегандан кейин «милъас-самавати ва милъал-арз ва милъа ма шиъта мин шайъин баъд» дейиш, рукуъ ва сужуд тасбеҳларини бир мартадан ортиқроқ айтиш, икки сажда ўртасида «роббиғфир лий»ни бир мартадан ошиқ айтиш, охирги ташаҳҳудда «Аллоҳумма инний аъувзу бика мин азаби жаҳаннам ва мин азабил қобр ва мин фитнатил маҳя вал мамат ва мин фитнатил масийҳид-дажжал» ва бундан бошқа дуолар ўқиш ҳам суннатдир. (Бухорий (1377) ва Муслим (588) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Иккинчиси – феълий суннатлардир. Такбиратул-иҳромда, рукуъга бориш ва рукуъдан бош кўтаришда икки қўлни кўтариш, ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб туриш, қиёмда қўлларни кўкракка ёки киндик остига қўйиб туриш, сажда ўрнига қараб туриш, рукуъда қўлларни тиззаларга қўйиб туриш, саждада қоринни сонлардан, сонларни эса тиззалардан узоқ тутиш, рукуъда белни мўътадил чўзиб туриш ва бошни бели тўғрисида тутиш, ундан кўтариб ҳам, пастлатиб ҳам юбормаслик, саждада пешона, бурун ва бошқа аъзоларни ерга теккизиб туриш ва булардан бошқа фиқҳ китобларида батафсил санаб ўтиладиган қавлий ва феълий суннатлар бордир.

Ушбу суннатларни намозда бажариш лозим ва зарур саналмайди, балки уларни қилган одам зиёда ажрга эга бўлади, тарк қилган одамга зарари йўқдир.

Шундан келиб чиқиб, айрим ёшлар ҳозирги пайтда намознинг суннатлари борасида қилаётган ўта талабчанлик кўринишларига оқловчи сабабларни кўрмаймиз. Ҳатто, баъзиларини кўрасизки, ушбу суннатларни қилишда ҳаддан ташқари муболағага берилиб кетишади. Масалан, қиёмда турганда эгилиб, рукуъга яқин ҳолда туришади, қўлларини суннатда келганидек, кўкракка ёки киндик остига қўйиш ўрнига томоқлари яқинига қўйиб олишади. Ёки бўлмасам, сутра (намоз ўқувчининг олдини тўсиб турувчи тўсиқ) масаласида қаттиқ туришади ва айримлари нафл намози ўқиш учун сафни тарк қилиб, сутра қидириб, бошқа жойга кетишади. Саждада бошни олдинга, оёқларни эса орқага чўзиб, камалаксимон ёки салкам чўзилиб ётган ҳолатга тушишади. Баъзилари қиёмда турганда оёқларини ҳаддан ортиқ кериб олиб, ёнидагиларни қисиб қўйишгача боришади. Ушбулар жуда қизиқ кўринишлар бўлиб, кишини ғулувга олиб бориб қўйиши хавфи бор.

Аллоҳ таолодан барчаларимизни ҳаққа амал қилишга муваффақ қилишини сўраймиз.

[1] Таҳрими – яъни, намоз ичида қилиш ҳаром қилинган ишларнинг бошланиши такбир айтилиши биландир.

1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   30




Похожие:

Намоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] iconНамоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]
Жамоат намозини тарк қилган кишининг ҳукми ва жамоат намози неча кишидан ташкил топиши ҳақида
Намоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] iconТалоқ китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ]
Хулъ (ечиб ташлаш) деб аталишига сабаб, аёл бамисоли кийимни ечгандек ўзини эридан ечиб (ажратиб) олади. Чунки, эр-хотин бир-бирига...
Намоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] iconЗакот китоби [ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ] Таржимон: Ислом нури веб саифаси
Аллоҳ сизу бизни муваффақ қилсин, билингки, закотга доир аҳкомлар ва унинг шартлари тафсилотини ўрганиш, закот кимнинг зиммасига...
Намоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] icon[ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] Никоҳга доир ҳукмлар ҳақидаги боб
Бу мавзу ҳам ғоят муҳим мавзулардан бўлиб, фуқаҳолар ўз китобларида унга кенг ўрин ажратганлар, унинг ҳукмларини батафсил баён қилганлар,...
Намоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] iconИсро ва Меърож [ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ] الشيخ صالح المغامسي الإسراء والمعراج Шайх Солиҳ ал-Мағомисий Таржимон
Унинг шериги ва тенги йўқ, деб гувоҳлик бераман. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканига ҳам гувоҳлик...
Намоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] iconГийбат [ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ] Абдулмалик ал-Косим Таржимон: Абдурраззок Хамдам
Оламлар Парвардигори Аллохга хамду санолар, Пайгамбарлар хотами Мухаммад саллаллоху алайхи ва салламга рахмату саломлар бўлсин!
Намоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] iconҚасос ва Жиноятлар китоби
Шижож (бош ва юзнинг ёрилиши) ҳамда суякларнинг синдирилишига доир аҳкомлар ҳақидаги боб
Намоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] iconАвесто Авасто, қадимтарин асари адабиёти форс-тоҷик, китоби муқаддаси зардуштия оина халқҳои эронинажоди кадим

Намоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] iconҚасос ва Жиноятлар китоби
Шижож (бош ва юзнинг ёрилиши) ҳамда суякларнинг синдирилишига доир аҳкомлар ҳақидаги боб
Намоз китоби [ Ўзбекча Uzbek الأوزبكي ] iconҲадлар ва таъзирлар китоби
Аллоҳнинг ҳадлари (ёки ҳудудлари) – қилиниши ва поймол қилиниши ман қилинган ҳаромларидир
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©cl.rushkolnik.ru 2000-2013
При копировании материала обязательно указание активной ссылки открытой для индексации.
обратиться к администрации
Документы