Таржимон: Ислом нури www icon

Таржимон: Ислом нури www

НазваниеТаржимон: Ислом нури www
Дата конвертации07.11.2014
Размер339.59 Kb.
ТипДокументы

Зироат ва суғоришдаги шерикликлар ҳамда ижора китоби

[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]

Таржимон: Ислом нури

www.Islamnuri.com

2013 - 1434

c:\documents and settings\unf\mina dokument\загрузки\logo.png

1. Зироат ва суғориш ишларидаги шерикликка (музораъат ва мусоқотга) доир ҳукмлар ҳақидаги боб

2. Ижарага доир аҳкомлар ҳақидаги боб

3. Мусобақага доир ҳукмлар ҳақидаги боб

4. Орият (вақтинча бериб турилган нарса) аҳкомлари ҳақидаги боб

5. Талончиликка доир аҳкомлар ҳақидаги боб

6. Талафот етказишга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

7. Вадиъага (омонат қўйилган молга) доир аҳкомлар ҳақидаги боб

بسم الله الرحمن الرحيم

Зироат ва суғориш ишларидаги шерикликка (музораат ва мусоқотга) доир ҳукмлар ҳақидаги боб

Шерик бўлиб суғориш (мусоқот) ва деҳқончилик (музораат) қилиш одамлар қадим замонлардан бери шуғулланиб келадиган ва бунга эҳтиёжлари бор бўлган ишлар жумласига киради. Гоҳо бир одамнинг мулкида дарахтлари бўлади, лекин уларни парваришлаб, ҳосилини етиштиришга имконияти бўлмайди. Ёки экин-тикин қилинадиган ери бўлади-ю, уни ишлатиш ва фойдаланишга қодир бўлмайди. Бошқа бир одам эса ишлашга қодир, лекин на дарахтлари, на ери бор бўлади. Шунинг учун ҳар икки тарафнинг манфатларини ҳисобга олиб, зироат ва суғориш ишида шерикликка рухсат берилди. Ҳоказо, ҳар қандай шаръий муомалалар адолатга, манфаатларни рўёбга чиқариш ва мафсадаларни (ёмонликларни) даф қилиш устига қурилгандир.

1) Мусоқот:

Мусоқот – фуқаҳолар таърифига кўра, экилган дарахтларни ёки ҳали экилмаган дарахтларни ер билан бирга уни экадиган ва то ҳосили етилгунча суғориб, парваришлайдиган одамга беришдир. Шунда ушбу ҳосилдан бир қисмини ишчига ажратиб берилади, қолгани эгасиники бўлади.

Музораат – ерни унда ишлайдиган кишига ёки ер билан уруғликни уни экиб-тикиб, парваришлайдиган кишига беришдир. Ҳосилнинг бир қисмини ишчига берилиб, қолгани эгасига қолади.

Баъзан мусоқот ва музораатда шарт қилинган бўлак ер ва дарахт эгасига бўлиб, қолгани ишчига бўлади.

Мусоқот ва музораатнинг жоизлигига далил Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисдир: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар аҳлини ундан чиқадиган ҳосил ва зироатнинг ярми муқобилига муомала қилдилар (яъни, ишга олдилар)» (Бухорий (2328) ва Муслим (1551) ривоятлари).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар яҳудларига унинг хурмолари ва ерини унга ўз пул-молларидан ишлатишлари ва ҳосилнинг ярми уларга бўлиши эвазига бердилар» (Саҳиҳ Муслим: 1551).

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар аҳлига унинг ери ва хурмоларини (ҳосилни) тенг иккига тақсимлаш шарти билан бердилар» (Аҳмад (1/250, №2255) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хайбар воқеаси ҳикоясида ердан чиқадиган ҳосил ва экин-тикиннинг бир қисми эвазига ерни худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар аҳли билан қилганларидек мусоқот ва музораатга бериш жоизлигига далил бордир. Бу иш то у зотнинг вафотларигача давом этди ва мансух бўлмагани аниқдир. У зотдан сўнг хулафои рошидийнлар ҳам шу йўсинда иш олиб бордилар. Бу иш ўзаро ижарага бериш бобидан эмас, балки шерикчилик бобидандир ва бу музораба билан бир хил кўринишдадир» (Зодул-маъод: 3/345).

Муваффақ ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хулафои рошидийнлар ўз халифаликлари даврида мана шунга амал қилдилар, бу машҳур бўлди, уларга ҳеч ким инкор қилмади, демак ижмоъ бўлди».

«Ҳадис ва ижмоъга хилоф бўлган нарсага суяниш жоиз эмас, кўпгина хурмо ва бошқа дарахтлар эгалари уларни парваришлаш ва суғоришга ожизлик қиладилар, унга мардикор ёллашга имкониятлари бўлмайди, бошқа талайгина одамларнинг эса дарахтлари бўлмайди ва ўзлари ҳосилга муҳтож бўладилар. Бу ишнинг жоиз қилинишида ҳар иккала ҳожатни раво қилиш ва иккала гуруҳнинг ҳам манфаатларини ҳосил қилиш бордир» (Ал-муғний: 7/527, 529).

Фуқаҳолар – раҳимаҳумуллоҳ – сўзларига кўра, мусоқот саҳиҳ-яроқли бўлиши учун суғориладиган дарахтнинг меваси ейиладиган мевали дарахт бўлиши шарт қилинади, мевасиз дарахтда ёки меваси ейилмайдиган мевали дарахтда мусоқот саҳиҳ бўлмайди. Чунки, бунга далил келган эмас.

Мусоқот саҳиҳ бўлиши шартларидан яна бири – ишчининг ёки мулк эгасининг ҳосилдан оладиган улуши маълум бўлак билан белгиланган бўлиши, учдан бири ёки тўртдан бири ё шунча қисми деб аниқ қилиб қўйилиши лозим. Агар ҳосилнинг ҳаммасини фақат битталарига бўлиши шарт қилинса, дуруст бўлмайди.

Шунингдек, аввалдан фалон соъ (ёки кило) деб, масалан, ўн соъ ё йигирма соъни шарт қилинса, дуруст бўлмайди. Чунки, ўша йили бор-йўғи шунча соъ ҳосил қилиши ҳам мумкин, у ҳолда ҳосилнинг ҳаммаси шарт қилинган томонга берилиб, бошқаси ундан маҳрум бўлиб қолиши мумкин.

Шунингдек, мусоқот учун муайян бир пул шарт қилинса ҳам дуруст бўлмайди. Чунки, ўша пулга тенг келгудек ҳосил бўлмаслиги ҳам мумкин.

Шунингдек, бир ёки бир неча дарахтни аниқ қилиб кўрсатиб, ўшанинг ҳосилини шарт қилинса, дуруст бўлмайди. Чунки, фақат ўша тайин қилинган дарахтларгина ҳосил қилиб, бошқалари ҳосил қилмаслиги ҳам мумкин.

Жумҳур билдирган саҳиҳ фикр шуки, мусоқот лозим ақд бўлиб, уни фақат иккинчи томоннинг розилиги билангина бузиш мумкин.

Унинг муддатини, ҳар қанча узун бўлса ҳам, аниқлаб қўйиш зарур.

Ишчининг зиммасига экиш, суғориш, ишлов бериш, яъни зарарли шох-бутоқларни буташ, хурмони чанглатиш, мевасини қуритиш, шунингдек, сув йўлларини тузатиш ва сувни дарахт ва экинларга тараш каби ишлар юкланади.

Дарахт соҳибининг зиммасига эса аслни – яъни дарахтни – сақлайдиган ишлар, яъни, қудуқ қазиш (ёки оқар сув билан таъминлаш), қўрғонлаш, қудуқда сув бўлишини кафолатлаш ва ҳоказолар юкланади. Шунингдек, ўғит ва шу каби дарахтни кучлантирадиган нарсаларни етказиб бериш ҳам моликнинг зиммасида бўлади.

Музораатнинг саҳиҳ-яроқли бўлиши учун ерга қўшиб, уруғлик ҳам бериш шарт эмас. Фақат ернинг ўзини берса, ишчи ўзининг ёнидан экиб-тикса, бир жамоа саҳобалар фикрича, жоиздир ва одамлар шунга амал қилиб келганлар. Чунки, музораат ҳукми чиқариб олинган далил – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хайбар аҳлига унинг ярим ҳосили эвазига ерни беришлари ҳақидаги ҳадисдир, бу ҳадисда уруғлик дон мусулмонлар зиммасида бўлиши айтилмаган.

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уруғлик дон ер эгасидан бўлишини шарт қилганлар буни музорабага қиёс қилганлар... Бу қиёс саҳиҳ суннатга ва саҳобаларнинг сўзларига зид бўлиши билан бирга, энг фосид (нотўғри) қиёс ҳамдир. Чунки, музорабада пул ўз эгасига қайтади ва фойдани тақсимлайдилар. Бу музораатдаги ернинг назири (ўхшаши)дир. Аммо, назири (ўхшаши) ўз эгасига қайтмайдиган, балки ернинг нафи кетгани каби кетадиган уруғликни кетувчи нафга қўшиш қолувчи аслга қўшишдан кўра тўғрироқ бўлади» (Иъламул-муваққиъийн: 2/8).

2) Музораат:

Музораат зироат сўзидан олинган бўлиб, уни мухобара ва мувокара ҳам дейилади. Бунда ишловчи ишчини музориъ, мухобир, мувокир деб номланади.

Унинг жоизлигига далил, юқорида ўтганидек, саҳиҳ суннатдир. Ҳожат ҳам унинг жоиз бўлишини тақозо қилади. Чунки, баъзи одамлар бўладики, зироатгоҳ ери бўла туриб, унда ишлашга имконияти бўлмайди, бошқа баъзиларнинг деҳқончилик қилишга имкониятлари бўлгани ҳолда, зироат учун ерлари бўлмайди. Шундоқ экан, ташриъдаги ҳикмат ҳам музораатнинг жоиз қилинишини тақозо қилади. Токи, иккала томон ҳам, бири ери билан, иккинчиси иш-амали билан фойда қилсинлар ва ўртада ҳамкорлик вужудга келсин.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Музораат муожаратдан (яъни, ўзаро ижарага беришдан) кўра асли чуқурроқ ҳамда адолат ва усулга яқинроқдир. Чунки, ҳар иккалови фойдада ҳам, зарарда ҳам шерик бўладилар» (Мажмуъул-фатава: 28/85).

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «У ижорага қараганда зулм ва алдовдан узоқроқдир. Чунки, (ижорада) улардан бири албатта зиённи кўтаради. Аммо, музораатда эса ҳосил бўлса, ҳар иккалови унда шерик бўлади, бўлмаса, маҳрумликда иккалови ҳам шерик бўлади» (Иъламул-муваққиъийн: 2/7).

Музораат саҳиҳ бўлиши учун ишчига ёки ер эгасига тегадиган ғалла миқдори очиқ белгилаб олиниши ва учдан бир, тўртдан бир каби аниқ бир қисм белгиланиши шарт қилинади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар аҳли билан ҳосилнинг тенг ярми миқдорига келишганлар.

Икковларидан бирининг улуши аниқ бўлса, қолгани иккинчисига қолаверади. Чунки, ғалла икковларининг ҳаққи, бирининг улуши тайин бўлгач, иккинчисининг улуши ҳам маълум бўлади.

Агар икковидан бирига ўн соъ, йигирма соъ каби маълум ўлчовни шарт қилган бўлса, ёки ернинг маълум бир қисмини ажратиб, шунинг ҳосилини шарт қилган бўлсалар, саҳиҳ бўлмайди.

Шунингдек, ер эгаси уруғлик донини ажратиб олиб, қолганини тақсимлашни шарт қилса, дуруст бўлмайди. Чунки, ердан бор-йўғи шунча ҳосил чиқиши ҳам мумкин. Бу ҳолда шеригини маҳрум қилиб, фақат ўзига олишига тўғри келади.

Рофиъ ибн Хадиж розияллоҳу анҳудан ерни тилла ва кумушга кирага (ижарага) бериш ҳақида сўралганда у киши шундай деганлар: «Бунинг зарари йўқ, чунки одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида сувга яқин ерлар, ариқларнинг юқори тарафида (бўлган ерларнинг ҳосилини олиш шарти билан) ижарага беришар, шунда (экиннинг) униси ҳалок бўлиб, буниси саломат қолар ёки буниси ҳалок бўлиб, униси саломат қолар, одамларнинг шундан бошқача ижаралари бўлмас эди, шунинг учун бундан қайтарилди. Аммо, маълум ва кафолатли нарса бўлса, зарари йўқ» (Бухорий (2327) ва Муслим (1547) ривоятлари). Яъни, юқоридаги кўринишдаги ижара низога ва одамларнинг молини ноҳақ ейишга олиб келгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қайтарганлар.

Ҳадис далолатига кўра, мажҳуллик ва зарарга етказувчи ва одамлар ўртасида низо келтириб чиқарувчи бўлган музораат ҳаромдир.

Ибнул Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Рофеъдан ривоят қилинган хабарларда қайтариқ улар сабабли эканига далолат қилувчи бир неча иллатлар келган, улар одамлар одатланиб қолган ишлар эди. У: «Биз ерларни бу бизга, униси уларга, деган шарт билан кирага берардик, кўпинча бир ер ҳосил берар, бошқаси бермай қоларди», дейди» (Рофиъ ибн Хадиж ҳадисининг давоми, «Ал-ишроф»: 1/153).

^ Ижарага доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Бу ақд-битим одамларнинг турмушларида ва кундалик ҳаётларида доим учраб ва такрорланиб турадиган муомалотлар жумласига киради. Бинобарин, унинг ҳукмларини ўқиб-ўрганиш асло фойдадан холи бўлмайди.

Ижара ҳақ ва тўлов маъносидаги «ажр» сўзидан олинган. Аллоҳ таоло айтади: «(Мусо) деди: Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ажр (ҳақ) олишинг мумкин эди» (Каҳф: 77).

Шаръий истилоҳдаги маъноси – ўзи аниқ ёки сифати аниқ бўлган бирон шахс ё нарсадан маълум ишга ёки маълум муддатга маълум ҳақ эвазига мубоҳ фойдаланишга тузилган битимдир.

Бу таъриф ижаранинг дуруст бўлиши шартлари ва унинг турларини қарийб қамраб олган таърифдир.

«Фойдаланишга тузилган битим» деган ибора билан рақаба (қул) устидаги битим чиқиб кетади, чунки у ижара эмас, байъ бўлади.

«Мубоҳ фойдаланиш» деган сўз билан зино ва шу каби ҳаром фойдаланишга бўлган битим чиқиб кетади.

«Маълум» деган сўз билан номаълум фойдаланиш тури чиқиб кетади, ундай нарсага битим тузиш дуруст бўлмайди.

«Ўзи аниқ ёки сифати аниқ бўлган бирон шахс ё нарсадан маълум ишга» деган ибора билан ижаранинг икки хил бўлиши маълум бўлади:

Ижара ўзи аниқ ёки сифати аниқ бўлган бирон шахс ёки нарсадан фойдаланишда бўлиши. Ўзи аниқ бўлганга мисол: «Сенга шу ҳовлини ижарага бердим» деганга ўхшашдир. Сифати аниқ бўлганга мисол: «Сенга мана бундай сифатдаги туяни юк ташиш ёки миниш учун ижарага бердим» деганга ўхшашдир.

Ижара маълум бир ишни адо этишга бўлиши. Фалон жойга етказиб қўйиш ёки девор қуриб бериш каби.

«Маълум муддатга» деган иборадан маълум бўлишича, ижара чекланган муддатга, масалан, бир кунгами ё бир ойгами бўлиши шарт қилинади.

«Маълум ҳақ эвазига» деган иборадан ижара ҳақининг миқдори аниқ бўлиши билинади.

Шу билан ижаранинг ҳар икки турининг саҳиҳ бўлишининг қисқача шартлари ойдинлашади: ижара битими нарсанинг ўзига эмас, балки ундан фойдаланишга бўлиши, фойдаланиш мубоҳ (яъни, ҳаром эмас) бўлмоғи ва маълум бўлмоғи, агар ўзи аниқ бўлмаган нарса бўлса, унинг сифати аниқ бўлиши, ижара муддати аниқ бўлиши, ижара ҳақи аниқ бўлиши.

Ижара Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан жоиздир.

Аллоҳ таоло айтади: «Энди агар сизлар учун (бола) эмизсалар, у ҳолда уларнинг (эмизганликлари учун) ажр-ҳақларини беринглар!» (Талоқ: 6).

«Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ажр (ҳақ) олишинг мумкин эди» (Каҳф: 77).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат учун сафар қилганларида бир кишини йўлбошчиликка ижарага олганлар.

Ибнул Мунзир унинг жоизлигига ижмоъ борлигини зикр қилган (Ал-ижмаъ: 144-б).

Ҳожат ҳам уни тақозо қилади, чунки, фойдаланишларга бўлган ҳожат нарсаларнинг ўзига бўлган ҳожатга ўхшагандир.

Бирон кишини маълум бир иш учун, масалан, кийим тикиш, девор уриш ё йўл кўрсатувчилик қилиш учун ижарага олиш дурустдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрат сафарлари ҳақида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинганидек: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу биргаликда Абдуллоҳ ибн Урайқит ал-Лайсийни ижарага олдилар, у моҳир йўл кўрсатувчи эди» (Бухорий (2263-2264) ривояти).

Уй-жой, дўконлар ва савдо ўринларини маст қилувчи ичимлик сотиш каби маъсиятлар учун ёки сигарет сотиш ё суратхона қилиш каби ҳаром ишлар учун ижарага бериш жоиз эмас. Чунки, бундай қилиш маъсиятга ёрдам бериш бўлади.

Ижарачи ўзи ижарага олган нарсани бошқа бировга ижарага бериши ва ўзининг ўрнига ундан фойдаланишига имкон яратиб бериши жоиз бўлади. Чунки, у (ижара муддати ичида) унинг мулкига айланди, энди хоҳ ўзи, хоҳ ўрнига бошқа бир кишиси ундан фойдаланиши мумкин. Лекин шарти шуки, иккинчи ижарачи ундан фойдаланиш ҳуқуқларида биринчи ижарачидек ёки ундан камроқ бўлиши керак, ундан кўра зарари кўпроқ бўлмаслиги лозим. Яъни, масалан, бир уйни яшаш учун ижарага олган бўлса, уни бошқа бировга ҳам фақат яшаш учун ёки ундан пастроқ нарса учун ижарага бериши жоиз, устахона ёки корхона қилиниши учун ижарага бериши жоиз эмас.

Ҳаж, азон каби тоат-ибодат амалларига ижарачи олиш дуруст эмас. Чунки, булар Аллоҳга қурбат (яқинлик) ҳосил қилинадиган амаллардир, улар учун ҳақ олиш уларни қурбат бўлишдан чиқариб қўяди. Фойдаси бошқаларга ҳам тегадиган муаззинлик, имомлик, Қуръон ва фиқҳ таълим бериш, қозилик, муфтийлик каби ишларга байтулмолдан маош олиш жоиз бўлади. Чунки, бу улар учун эваз эмас, балки тоат учун ёрдамдир ва бу уни қурбат бўлишдан чиқариб қўймайди, ихлосга ҳам халал етказмайди.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фуқаҳолар қурбатлар учун ижарачи ёллаш билан қурбат аҳлининг маоши ўртасида фарқ борлигига иттифоқ қилганлар. Жангчилар, қозилар, муаззинлар ва имомларнинг маоши хилофсиз жоиздир. Аммо, ижарачи ёллаш кўплар наздида жоиз эмасдир» (Мажмуъул-фатава: (30/206).

Яна айтади: «Аммо, байтулмолдан олинадиган нарса эваз ҳам, иш ҳақи ҳам эмас, балки у тоат устида ёрдам бўлиши учун ризқдир. Улардан ким Аллоҳ учун амал қилса, савобга эга бўлади, олаётган нарсаси эса тоат устида ёрдам бўлиши учун ризқдир» (Ал-фатавал-кубро: 5/407).

Ижарага берувчига ва ижарага олувчига лозим бўладиган ишлар:

Ижарага берувчи ижарачига ижара берилаётган нарсадан фойдаланишга тўла имконият яратиб бериши, масалан, ижарага берилаётган автомашинани тузатиб бериши ва уни юриш ва юк ортишга яроқли қилиб бериши, ижарага берилаётган уй-жойни яшашга тайёрлаб, бузилган жойларини тузатиб, барча қулайликларини муҳайё қилиб бериши лозим.

Ижарачи ижара муддати ниҳоясига етганда ўзи сабабчи бўлган камчиликларни бартараф этиши лозим.

Ижара икки томондан – ижарага берувчи ва ижарага олувчидан – бўлган лозим битимдир. Чунки, у байънинг бир тури бўлиб, унинг ҳукмини олади. Икки тараф ҳам бир-бирининг розилигисиз уни бузишга ҳақли бўлмайдилар. Фақат, қачонки ижарачи битим тузиш пайтида билмаган бирон айб кейин маълум бўлса, у битимни бузишга ҳақли бўлади.

Ижарага берувчи ижарага олувчига ижарага берилаётган нарсани топшириши ва ундан фойдаланишга имконият қилиб бериши лозим. Агар бир нарсани ижарага берса-ю, тўла муддат ичида ёки унинг бир қисмида ундан фойдаланишга имкон бермаса, у умуман ижара ҳаққига ҳақли бўлмайди ёки уни тўла-тўкис олишга ҳақли бўлмайди. Чунки, у ижара битими ўз ичига олган нарсани ижарачига топширмади. Шундай экан, энди фақат ижарачига фойдаланишига имкон қилиб берган нарсаси учунгина ҳақ олишга ҳақли бўлади. Агар у ижарачига фойдаланишга имкон қилиб берган бўлса-ю, ижарачи уни тўла муддат ёки муддатнинг бир қисмида фойдаланмай ташлаб қўйса, у барча ижара ҳақини тўлаши лозим бўлади. Чунки, ижара лозим битимдир, унинг тақозоси – ижарага берувчи тўлов ҳақини олишга, ижарага олувчи олган нарсасидан фойдаланишга эга бўлишидир.

Ижара битими қуйидаги ҳолларда бузилади:

Биринчи: Агар ижарага берилган нарса талафотга учраса. Масалан, от-уловни ижарага берган бўлса-ю, у ўлиб қолса, ёки уй-жойни ижарага берган бўлса-ю, у вайрон бўлса, ёки ерни экиш учун ижарага берса-ю, сув узилиб қолса.

Иккинчи: Ижара битими тузилишидан қасд қилинган ғараз кетса ҳам ижара бузилади. Масалан, ўзини даволатиш учун бирон табибни ижарага олган бўлса-ю, кейин тузалиб қолса.

Бир киши бир иш учун ижарага олинган бўлса-ю, касал бўлиб қолса, ўрнига шу ишни қиладиган бирон кишини унинг ҳисобидан қўйилади. Илло, агар ўша ишни фақат ўзи амалга оширишини шарт қилган бўлса (ундай қилинмайди), чунки, ўша ишни бошқа одам қилиши билан мақсуд амалга ошмай қолиши мумкин. У ҳолда ижарага олувчи у ишни бошқа одам қилишини қабул қилиши лозим бўлмайди. Балки, ижарага олувчи то ижарага олинган шахс тузалиб кетгунича кутиб туриш ёки битимни бузиш ўртасида ихтиёрли бўлади.

Ажир (яъни, ижарага олинган шахс, ишчи, мардикор) икки хил: хос ва муштарак бўлади. Хос ажир маълум муддатга ижарага олинган бўлади ва ундан фақат бир киши фойдаланади, бошқа биров ундан фойдаланишда шерик бўлмайди. Муштарак ажирдан фойдаланиш унинг ишига қараб ўлчанган бўлади, ундан фойдаланиш фақат битта шахсга хос бўлмайди, балки у бир вақтнинг ўзида бир жамоатнинг ишини қабул қилиши ҳам мумкин бўлади.

Хос ажир янглиш содир қилиб қўйган жиноятига зомин (жавобгар) бўлмайди, яъни, масалан, у ишлатадиган асбоб-ускуна синиб қолса, (у тўламайди). Чунки, у эгадорнинг ноиби саналади ва вакилга ўхшаб у ҳам жавобгар бўлмайди. Борди-ю, бепарволик ё ҳаддан ошиш сабабли талафот етказса, жавобгар бўлади.

Аммо, муштарак ажир талафотига сабаб бўлган нарсага жавобгар бўлади. Чунки, у иш ҳақига фақат иши билан лойиқ бўлади. У ўз иши учун жавобгар экан, демак, ўзи жавобгар бўлган ишдан келиб чиққан нарсага ҳам жавобгар бўлади.

Ажирнинг иш ҳақи битим билан лозим бўлади. У қачонки, зиммасидаги ишни топширганидан кейин ёки ундан фойдаланиш тўла бўлганидан кейин ёки ижарага олинган нарсани муддати битгач, топширганидан кейингина иш ҳақини талаб қилишга ҳақли бўлади. Чунки, ажирнинг иш ҳақи фақат ишини адо этганидан кейингина берилади.

Ажир ишни пишиқ-пухта бажариши ва тўла-тўкис амалга ошириши лозим, ишида кўзбўямачилик қилиши ёки хиёнатга қўл уриши ҳаромдир. Шунингдек, у ўзи ижарага (ишга) олинган муддат давомида ишни давомий равишда, бир текис қилиши, вақтини бекор ўтказмаслиги, ўзига топширилган ишни адо этишда Аллоҳдан тақво қилиши лозим.

Ижарачи (иш эгаси) ажир ишини тугатганидан сўнг унинг иш ҳақини тўла-тўкис бериши лозим. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ажирга иш ҳақини тери қуримасидан туриб беринглар!», деганлар (Ибн Можа (2443) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло деди: Уч киши борки, қиёмат куни Мен уларнинг душмани бўламан: Менинг номим билан аҳд бериб, сўнг унга хиёнат қилган одам; ҳур-озод одамни қул қилиб сотиб, пулини еган одам; ажир (ишчи) ёллаб, ундан тўла фойдаланган, сўнг ҳаққини бермаган одам» (Бухорий (2227), Ибн Можа (2442) ривоятлари).

Ажирнинг иши унинг зиммасида омонатдир, ишини тўла-тўкис ва пишиқ-пухта бажариши ва унга холис муносабатда бўлиш билан омонатга риоя қилиши лозим. Ажирнинг иш ҳақи ижарачининг зиммасида қарз ва фарз бўлган ҳақдир, уни чўзиб юрмасдан ва камайтирмасдан бериши лозим, валлоҳу аълам.

^ Мусобақага доир ҳукмлар ҳақидаги боб

Мусобақа деганда ҳайвонларни ким ўзарга чоптириш, шунингдек, камондан отиш мусобақаси назарда тутилади.

У Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан жоиздир.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингиз» (Анфол: 60). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ушбу оятни ўқиб): «Билингизки, куч-қувват – (камон) отишдир», деганлар (Муслим (1917) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг оғалари тилидан ҳикоя қилади: «Бизлар қувлашиб кетган эдик» (Юсуф: 17).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: «Мусобақалашиш фақат панжа (яъни туя) ё туёқ (яъни от) ё камон ўқи (отиш)дадир» (Абу Довуд (2574), Термизий (1700), Насоий (3585), Аҳмад (2/474, №10138), Ибн Можа «камон ўқи»дан бошқасини (2878) ривоят қилганлар). Ҳадис мукофот эвазига мусобақада қатнашишнинг жоизлигига далолат қилади.

Мусобақа қилишнинг жоизлигига кўплаб аҳли илмлар ижмоъ қилган эканлари зикр қилинган.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «От чоптириш мусобақаси, камон ва бошқа жанговар қуроллар отиш бўйича мусобақа қилиш Аллоҳ ва Расули буюрган нарсалардан, Аллоҳ йўлидаги жиҳодга ёрдам берадиган ишлардандир» (Мухтасарул-фатавал-мисрия: 526).

Яна айтади: «Кураш, югуриш каби мусобақалар агар бу билан Исломга ёрдам бериш қасд қилинса, тоат-ибодат бўлади, бу мусобақаларда ютуқ (соврин) олиш (молни) ҳақ билан олиш бўлади, шунингдек, фойдали ва зарарсиз бўлган ўйинлар ҳам жоиздир» (Ал-фатавал-кубро: 5/415).

Шайх айтади: «Аллоҳ буюрган нарсадан тўсадиган ва машғул қиладиган байъ, тижорат ва шу каби баттол кимсалар машғул бўладиган беҳуда ишлар, гарчи аслида унинг жинси ҳаром бўлмаса ҳам, ундан қайтарилгандир, шаръий ҳақ-ҳуқуқ борасида ёрдами тегмайдиган ҳар қандай ўйин турлари ҳаромдир» (Ал-фатавал-кубро: 5/415).

Уламолар бу бобга алоҳида эътибор қаратганлар ва уни «фурусият (чавандозлик) боби» деб атаганлар, бу тўғрида машҳур китоблар тасниф қилганлар.

Фурусият тўрт хил бўлади:

Чавандозлик ва от чоптириш.

Камон отиш, шунингдек, ҳар даврнинг ўзига хос отиш қуролларидан отиш.

Найзабозлик (бир-бирига найза уриш).

Қиличбозлик.

Ким мана шу тўрт турнинг ҳаммасини мукаммал эгалласа, фурусиятни эгаллаган бўлади.

Югуриш, ҳайвонлар ва аравалар (авто-мотолар) ўртасида мусобақалар қилиш жоиз.

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «От ва бошқа ҳайвонлар билан, шунингдек, оёқлар билан чопиш мусобақаларининг жоизлигида, ундан ташқари, камон отиш ва бошқа қурол-аслаҳалар ишлатиш бўйича мусобақалашиш жоизлигида хилоф йўқ, чунки, булар билан жанговар тайёргарликлар вужудга келади» (Ал-муфҳим лима ашкала мин Саҳиҳ Муслим: 3/701).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўйнаганлар (Абу Довуд (2578), Ибн Можа (1979) ривоятлари), Рукона билан курашиб, уни енгганлар (Абу Довуд (4078) Термизий (1784) ривоятлари), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида Салама ибн Акваъ бир ансорий билан мусобақа ўйнаган (Муслим (4654) Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Туя, от чоптириш ва камондан отишдан бошқа мусобақаларда эваз-ҳақ олиш жоиз эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусобақалашиш фақат панжа (яъни туя) ё туёқ (яъни от) ё камон ўқи (отиш)дадир» (Абу Довуд (2574), Термизий (1700), Насоий (3585), Аҳмад (2/474, №10138), Ибн Можа «камон ўқи»дан бошқасини (2878) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Яъни, мусобақада ютуқ-соврин олиш фақат мазкур уч турли мусобақада жоиз бўлади. Чунки, булар ўрганиш ва пишиқ-пухта эгаллашга буюрилган жанг асбобларидандир. Ҳадиснинг мафҳуми шуки, шулардан бошқа мусобақаларда ҳақ олиш жоиз бўлмайди. Бироқ, баъзи уламолар сўзларига кўра, ушбу ҳадиснинг маъноси – ютуқ қўйилишга энг ҳақли мусобақалар фойдаси кўп, манфаати умумий бўлгани учун шу учовидир, демак бунинг ичига динда фойдаси тегадиган ҳар қандай жоиз мусобақалар киради, Абу Бакр ва Руконалар қиссаси бунга далил бўлади.

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аммо, Исломнинг белгилари, далиллари ва ҳужжатлари юқори бўладиган нарсада гаровлашиш – Сиддиқ розияллоҳу анҳу гаровлашганидек – ҳақларнинг энг ҳақлироғидир ва бу камон отишда гаровлашишдан кўра жоизликка лойиқроқдир, от ва туя мусобақаси бундан қуйироқдадир, бунинг диндаги асари кучлироқдир» (Ал-фурусия: 97-б).

Мусобақа саҳиҳ бўлишининг бешта шарти бор:

Мусобақада миниладиган нарсани кўз билан кўриб тайин қилиш.

Миниладиган нарсаларнинг тури бир хил бўлиши ва камончиларни тайин қилиниши. Чунки, мақсад – уларнинг отишдаги маҳоратларини аниқлашдир.

Ғолиб аниқланиши учун масофа аниқ бўлиши. Яъни, мусобақанинг бошланиш ва тугаш чегараси ихтилофсиз аниқ чегараланган бўлиши. Чунки, мақсад ғолибни аниқлашдир, бу эса марра тенг бўлган ҳолдагина билинади.

Соврин маълум ва мубоҳ бўлиши.

Қиморга ўхшаб қолмаслиги. Яъни, соврин мусобақа иштирокчиларидан бошқалар тарафидан ёки икки иштирокчининг фақат биттаси тарафидан қўйилиши. Агар соврин ҳар икки иштирокчи тарафидан қўйилса, бунинг жоиз бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф бор...

Юқорида ўтган гаплардан маълум бўладики, мубоҳ мусобақа икки хилдир:

Биринчиси: Жиҳод учун чиниқиш, илм масалаларида малака ҳосил қилиш каби шаръий манфаатга сабаб бўладиган мусобақа.

Иккинчиси: Ундан кўзланган мақсад зарарсиз ўйин бўлган мусобақа.

Биринчи турдаги мусобақа учун юқорида ўтган шартлар бўйича, соврин олиш жоиз.

Иккинчи турдаги мусобақа кишини ишдан қўймаслиги, Аллоҳнинг зикри ва намоздан чалғитмаслиги шарти билан жоиз. Бу турдаги мусобақага соврин олиш жоиз эмас. Бироқ, ҳозирги пайтга келиб, жуда кўпчилик инсонлар мана шу кейинги турдаги мусобақаларга қаттиқ берилишди, унга кўп вақт ва пул-молларини сарф қиладиган бўлиб кетишди. Бу эса мусулмонларга фойдаси тегмайдиган ишлардандир, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.

^ Орият (вақтинча бериб турилган нарса) аҳкомлари ҳақидаги боб

Фуқаҳолар таърифларига кўра, орият – фойдаланиш мубоҳ бўлган нарсадан фойдаланишга имкон бериш маъносидадир, фойдаланиб бўлингач, уни эгасига қайтариб берилади.

Бу таъриф билан фойдаланиш мубоҳ бўлмаган нарсалар орият жумласидан чиқиб кетади, уларни ориятга олиш дуруст бўлмайди. Яна, фойдаланиш фақат ўша нарсанинг тугаб-битиши (йўқ бўлиши) билангина мумкин бўладиган нарсалар ҳам, масалан, емак-ичмаклар чиқиб кетади.

Орият Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан машруъдир:

Аллоҳ таоло айтади: «Улар рўзғор буюмларини ҳам (кишилардан) ман қиладиган кимсалардир!» (Моуун: 7). Яъни, улар одатда одамлар ўзаро олди-берди қилиб турадиган буюмларни ман қиладилар. Аллоҳ таоло бу оятда ушбу буюмларни орият учун сўрашга муҳтож бўлган кишилардан ман қилиш ёмон иш эканини баён қилди. Ориятга бериш вожиблигини айтадиган кишилар мана шу оятни далил қиладилар. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг ҳам фикрига кўра, агар буюм эгаси бой бўлса, ориятга сўралган нарсани бериши фарз бўлади (Мажмуъул-фатава: 28/98).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Талҳанинг бир отини ориятга олганлар (Бухорий (2627), Муслим (2307) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар), Сафвон ибн Умайядан бир қанча совутларни ориятга олганлар (Абу Довуд (3562), Аҳмад (3/400, №15302) Сафвон ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ориятга сўраб келган муҳтож кишига сўраган нарсасини бериб туриш бериб турган одам бу билан кўп савобга эришадиган қурбат-ибодат саналади. Чунки, бу иш яхшилик ва тақво устида ҳамкорлик қилишга киради.

Ориятга бериш саҳиҳ бўлиши учун тўртта шарт шарт қилинади:

Ориятга берувчи киши табарруъга (яъни ихтиёрий бериб юборишга) лаёқатли киши бўлиши. Чунки, ориятга бериш ҳам қисман табарруънинг бир туридир, у ёш боладан, мажнун ва ақлсиз кимсадан дуруст бўлмайди.

Ориятга сўровчи киши унга табарруъ қилинишига лойиқ бўлиши, яъни, қабул қилиб олишга яроқли бўлиши.

Ориятга бериладиган нарсадан фойдаланиш мубоҳ бўлиши. Мусулмон қулни кофирга ориятга берилмайди, ов асбоби ва шу кабиларни эҳромдаги кишига ориятга берилмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «Гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2) дейди.

Ориятга бериладиган нарса ундан фойдаланиш оқибатида тугаб, йўқ бўлиб кетмаслиги, юқорида ўтган (емак-ичмаклар) каби.

Ориятга берган киши берган нарсасини ўзи истаган пайтда қайтариб олишга ҳақлидир. Аммо, қайтариб олиши билан уни сўраб олган кишига бирон зарар етмаслиги керак. Яъни, масалан, бировга юкларини ташиб олиши учун кемани ориятга берган бўлса, кема ҳали денгиздалик ҳолида уни қайтариб олиши мумкин эмас. Ёки бировга тўсинларини қўйиб тургани деворини ориятга берган бўлса, ҳали тўсинларини олмасидан туриб, девор ўзимга керак бўлиб қолди дейиши дуруст эмас.

Ориятга буюм олган киши олган нарсасини ўзининг мол-мулкидан кўра ҳам асраб-авайлаши ва уни эгасига бус-бутун қайтариб бериши лозим бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга буюради» (Нисо: 58). Ояти карима омонатларни ўз эгаларига қайтариш фарзлигига далолат қилади, орият ҳам омонатнинг бир туридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олган нарсаси то уни (эгасига) топширгунича қўл (соҳиби) зиммасида бўлади», деганлар (Абу Довуд (3561), Термизий (1269), Насоий (5783), Ибн Можа (2400), Аҳмад (5/8, №20086) Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар), «Сизга омонат қўйган одамга омонатини адо этинг», деганлар (Абу Довуд (3535), Термизий (1264) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Юқорида ўтган бу далил-ҳужжатлар инсон ўзига омонат қўйилган нарсани асраб-авайлаши ва уни эгасига соғ-саломат топшириши лозимлигига далолат қилади, орият ҳам ушбу айтилган умумий нарсалар қаторига киради. Чунки, ориятга олувчи киши ўз зиммасига омонатни олган бўлади ва ўша нарса ундан талаб қилинади. У ундан урфда жорий бўлган даражада фойдаланишига рухсат берилади, уни ишлатишда талафот етказадиган даражада ҳаддан ошиши, шунингдек, уни ишлатиш яроқли бўлмайдиган ўринда ишлатиши жоиз бўлмайди. Чунки, эгаси у учун бунга рухсат бермаганди. Аллоҳ таоло айтади: «Эҳсон-яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир» (Ар-раҳмон: 60).

Агар ишлатилиши керак бўлган ўриндан бошқа жойга ишлатиб, унга талафот етказса, тўлаши лозим бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олган нарсаси то уни (эгасига) топширгунича қўл (соҳиби) зиммасида бўлади», деганлар (Абу Довуд (3561), Термизий (1269), Насоий (5783), Ибн Можа (2400), Аҳмад (5/8, №20086) Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бу ҳадис киши олган нарсасини қайтариб бериши фарзлигига, у бировнинг мулки эканига, фақат эгасига етганидагина унинг зиммасидан хориж бўлишига далолат қилади.

Агар ўз ўрнида ишлатиб турганида синиб (бузилиб) қолса, ориятга олган одам унга зомин бўлмайди (тўламайди), чунки, ориятга берган киши унга шу нарсада ишлатишига рухсат берган эди. Изн берилган нарсада етган талафотга зомин бўлинмайди.

Бир киши бировдан ориятга олган нарсасини бошқа бировга ориятга бериши жоиз эмас. Чунки, бир кишига бир нарсага рухсат берилган бўлса, у энди бошқа бировга шу нарсага рухсат бериши мумкин эмас, чунки, бу ўша нарсани талафотга кўндаланг қилиш бўлади.

Уламолар ориятга олувчи киши ориятга олган нарсаси агар унинг қўлида ишлатиши керак бўлган ўриндан бошқа ўринда талафотга учраса (синса, бузилса), унга зомин бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф қилганлар. Бир жамоа уламолар хоҳ ҳаддидан ошган бўлсин, хоҳ ҳаддидан ошмаган бўлсин, барибир унга зомин бўлади, «Олган нарсаси то уни (эгасига) топширгунича қўл (соҳиби) зиммасида бўлади» ҳадиси шунга далолат қилади, деганлар. Масалан, ориятга олинган жонивор ўлиб қолса, ё кийим ёниб кетса, ё у нарсани ўғирлатиб қўйса, (тўлайди, дейишган). Бошқа бир жамоа уламолар эса агар у ҳаддидан ошмаган бўлса, зомин бўлмайди, чунки, фақат ҳаддан тажовуз қилинганда зомин бўлинади, деганлар. Мана шу сўз кучлироқ бўлса керак, чунки, ориятга олувчи уни эгасининг изни билан олган ва у унинг олдида омонатдек эди.

Ориятга олган киши олган нарсасини авайлаб-асраши, унга эътибор бериши, фойдаланиб бўлгач, уни эгасига топширишга шошилиши, бу ҳақда бепарволик қилмаслиги ё уни талафотга дучор қилмаслиги зарур. Чунки, у нарса унинг ҳузурида омонатдир. Унинг эгаси бу одамга яхшилик қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Эҳсон-яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир» (Ар-раҳмон: 60).

^ Талончиликка доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Талончилик – бир нарсани зулм билан олиш маъносидадир. Фуқаҳолар истилоҳида у – бировнинг ҳаққини ноҳақ, зўрлик билан қўлга киритиш маъносида қўлланилади.

Талончилик мусулмонлар ижмоъси билан ҳаромдир. Чунки, Аллоҳ таоло: «Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ — ҳаром йўллар билан емангиз!», деган (Бақара: 188). Талончилик бировнинг молини ноҳақ ейишнинг энг катта кўринишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта қонларингиз, молларингиз, обрўларингиз ораларингизда ҳаромдир», деганлар (Бухорий (105) ва Муслим (1679) Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Яна у зот: «Мусулмон кишининг моли унинг розилигисиз ҳалол бўлмайди», деганлар (Аҳмад (5/72, №20695), Абу Яъло (3/140, 1570) Абу Ҳурра ар-Рақошийнинг амакисидан ривоят қилганлар).

Таланган мол кўчмас мулк бўлиши ҳам мумкин, кўчадиган мулк бўлиши ҳам мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир қарич ерни зулм билан тортиб олса, (қиёмат куни) ўша бир қарич ерга (тагидаги) етти қават ерни (қўшиб) унинг бўйнига осиб қўйилади» (Бухорий (3198), Муслим (1610) Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Шундай экан, талончи Аллоҳ таолога тавба қилмоғи, талончилик билан қўлга киритилган нарсани ўз эгасига қайтармоғи ва ундан кечирим сўрамоғи лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг зиммасида биродарининг обрў-номусига нисбатан қилган зулм ё (моли ё жонига қилган зулм каби бошқа) бирон нарса бўлса, шу бугун, динор ва дирҳам бўлмайдиган кун келишидан олдин ундан қутулиб олсин. (У кунда) агар унинг солиҳ амали бўлса, зулми миқдорича ундан олинади, агар савоблари бўлмаса, биродарининг гуноҳларидан олиниб, унга юкланади», деганлар (Бухорий (249) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Таланган мол турган бўлса, ўзини қайтариб беради, агар йўқ бўлиб кетган бўлса, унинг ўрнини қайтаради.

Имом ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар талончилик билан қўлга киритилган мол агар ўз ҳолича, ўзгармай турган бўлса, уни қайтариш лозимлигига ижмоъ қилганлар» (Ал-муғний: 5/374).

Шунингдек, таланган молни унга кейин қўшилган қўшимчаси билан қайтариш лозим бўлади. Чунки, у ўша таланган молнинг ўсиб-кўпайишидан ҳосил бўлган бўлиб, мол эгаси учун унинг асл-асоси билан бир хилдадир.

Агар талончи таланган ерга бино қурган ёки дарахт эккан бўлса, эгаси талаб қилганида ўша бинони бузиши ва дарахтни қўпориши лозим бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Золим томир учун ҳақ йўқдир», деганлар Термизий (1378), Абу Довуд (3073) Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Агар бу ерга таъсир қиладиган бўлса, унга етган зарарни тўлаши лозим бўлади. Шунингдек, бузилган бино ва қўпорилган дарахт қолдиқларини тозалаб, ерни эгасига саломат қайтариши лозим бўлади.

Ундан ташқари, уни талаб олганидан то қайтариб бергунига қадар ўтган муддатдаги ҳаққини, яъни, айни унга ўхшаган нарсага бериладиган ҳақни тўлаши лозим бўлади. Чунки, у ўша нарсанинг эгасини шунча вақт ундан фойдаланишдан ноҳақ маҳрум қилди.

Агар бир нарсани талончилик билан қўлга киритиб, ушлаб турса ва кейин унинг нархи тушиб кетган бўлса, саҳиҳ сўзга кўра, унинг зарарини тўлайди.

Агар талаб олган нарсани бошқа нарсага аралаштириб юборган бўлса ва уни ажратиш мумкин бўлса, масалан, буғдойни арпага аралаштириб юборган бўлса, талончи уни ажратиб, қайтариши лозим бўлади. Агар ажратиш мумкин бўлмайдиган нарсага аралаштириб юборган бўлса, масалан, буғдойни буғдойга аралаштирган бўлса, ўшанча кило ёки кайл-миқдорда аралашмаган буғдойни қайтариши лозим бўлади. Агар уни пастроқ навига ёки яхшироқ навига аралаштириб юборган бўлса, ёки бутунлай ажратиб бўлмайдиган даражада бошқа жинсига аралаштириб юборган бўлса, аралашмани сотилади ва ҳар бирига ўзига тегишли баҳосини берилади. Агар бу суратда таланган мол ўзининг ёлғиз ҳолатидаги нархидан камайса, талончи камини тўлайди.

Ушбу бобдаги масалалардан яна бири шуки, уламолар: «Талончидан кейинги қўллар ҳаммаси зомин бўлувчи (тўловчи) қўллардир», дейишган. Бунинг маъноси шуки, талончилик билан олинган нарса талончининг қўлидан бошқа бировларнинг қўлларига ўтиб кетган бўлса, ўша нарсага етган талафотни уларнинг ҳаммаси тўлайди.

Бундай қўллар ўнтадир: сотиб олувчининг қўли, ижарага олувчининг қўли, ҳеч қандай тўловсиз эга бўлувчининг (масалан, ҳадя йўли билан эга бўлувчининг) қўли, берувчининг манфаати учун олганнинг (масалан, вакилнинг) қўли, ориятга олувчининг қўли, талончининг қўли, ўша молда тасарруф қилувчининг (масалан, музорабага ишловчининг) қўли, талончилик билан қўлга киритилган (аёл)га уйланганнинг қўли, байъдан бошқа бирон эваз билан олувчининг қўли, таланган нарсани талончининг ўрнига талафотга дучор этувчининг қўли.

Ушбу кўринишларнинг ҳар бирида: агар иккинчи киши ишнинг ҳақиқатини билса ва нарсани унга бераётган киши уни талончилик билан олганидан хабардор бўлса, зоминлик унинг зиммасида бўлади. Чунки, у ўша нарсани эгаси тарафидан изн берилмаганини била туриб олди. Агар у ишнинг ҳақиқатидан хабардор бўлмаган бўлса, зоминлик биринчи талончи зиммасида бўлади.

Агар таланган нарса одатда ижарага бериладиган нарсалар жумласидан бўлса, талончининг қўлида қанча муддат турса, ўшанча муддат ижара ҳақини тўлаши лозим бўлади.

Талончининг барча ҳукмий тасарруфлари моликнинг изнисиз бўлгани учун ботилдир.

Агар бир нарсани талон қилган бўлса-ю, унинг эгасини билмаса ва эгасига қайтариш имкони бўлмаса, уни керакли, тўғри ўринга ишлатадиган ҳокимга топширади, ёки уни эгасининг номидан садақа қилади. агар садақа қилиб юборса, савоби унинг эгасига бўлади ва талончи ундан халос бўлади.

Молларни талон қилиш уни зўрлик билан эгаллаб олишга чекланмайди. Балки, уни ботил хусумат билан, ёлғон қасамлар билан қўлга киритиш ҳам талончиликка киради. Аллоҳ таоло айтади: «Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ — ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!» (Бақара: 188).

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат Кунида Аллоҳ уларга сўз қотмайди, раҳмат назари билан боқмайди ва гуноҳларидан покламайди. Улар учун аламли азоб бордир» (Оли Имрон: 77). Иш жуда оғир, ҳисоб-китоб ўта қаттиқдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир қарич ерни зулм билан тортиб олса, (қиёмат куни) ўша бир қарич ерга (тагидаги) етти қават ерни (қўшиб) унинг бўйнига осиб қўйилади» (Бухорий (3198), Муслим (1610) Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Яна айтганлар: «Мен бировга биродарининг ҳаққини ҳукм қилган бўлсам, уни олмасин, чунки унга дўзах оловининг бир парчасини берган бўламан» (Бухорий (2680) ва Муслим (1713) Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

^ Талафот етказишга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Аллоҳ таоло одамларнинг молларига тажовуз қилишни ва уларни ноҳақ ўзлаштириб олишни ҳаром қилган, ноҳақ талафот етказилган нарсага, агарчи қасддан қилинмаган бўлса ҳам, зомин бўлишни (тўлашни) шаръий қилган.

Ким бировнинг молига талафот етказса (яъни, синдирса, бузиб қўйса, ўлдирса ва ҳоказо) ва бу мол муҳтарам (қадр-қийматли) бўлса, эгасининг изнисиз талафот етказган бўлса, ўша нарсани тўлаб бериши лозим бўлади.

Имом Ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳақда бирон хилоф борлигини билмаймиз» («Ҳошиятур-равзил-мурбиъ» соҳиби ундан нақл қилган: 5/413). Бунда қасддан ё бехос қилган бўладими, мукаллафми ё мукаллаф эмасми, фарқсиздир.

Шунингдек, ким бир молнинг талафотига сабабчи бўлса, яъни, масалан, эшикни очиб қўйгани сабабли хона ичидаги нарса йўқолса, ёки идишнинг қопқоғини очиқ қолдиргани туфайли унинг ичидаги нарса тўкилиб, йўқ бўлса, ўша одам бунга зомин бўлади. Ёки бўлмасам, бир ҳайвоннинг арқонини ё тушовини ечиб қўйса ва ўша ҳайвон қочиб кетиб, йўқолиб қолса, унга зомин бўлади. Шунингдек, бир ҳайвонни тор йўлакка боғлаб қўйса, оқибатда бирон киши унга қоқилиб, зиён тортса, ўша зиённи тўлайди. Шунингдек, биров йўл устига автоуловини тўхтатиб қўйган бўлса ва бирон машина ё шахс келиб, унга урилса, бундан келиб чиққан зарар ва зиён-заҳматга зомин бўлади. Чунки, Дорақутний ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Ким бир ҳайвонни мусулмонларнинг йўлларидан бир йўлда ёки бозорларидан бир бозорда тўхтатиб қўйса ва у бировнинг қўл-оёғини босиб олса, ўша одам зомин бўлади» (Дорақутний (3/179, №285), Байҳақий (1/344) Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Шунингдек, йўлга лой, ёғоч, тош ё бошқа бирон нарса тўкиб қўйса ёки йўлни қазиб қўйса, оқибатда бирон йўловчига бундан зиён-заҳмат етса, ё бўлмасам йўлга тарвуз, банан каби мевалар пўчоғини ташласа ё сув сепиб қўйса, бирон кимса тойилиб йиқилса ва зиён тортса, мана шу ишларни қилган одам зомин бўлади.

Бизнинг давримизда бу каби ишларга нақадар енгил-елпи қарайдиган бўлиб кетишган! Йўлларни қазиб қўйишлар, уларни ҳар хил нарсалар билан тўсиб қўйишлар нақадар авж олган! Бу каби тасарруфлар ортидан келиб чиқадиган кўплаб зарарларга зомин бўлиш тушларига ҳам кирмайди! Ҳатто, баъзилар кўчаларни ўзлариники қилиб олиб, хусусий мақсадлари учун ишлатишади ва бундан йўловчилар зарар тортишади, бунинг ортидан келадиган гуноҳларга парво қиладиган одамнинг ўзи бўлмайди.

Агар бировнинг қопағон ити бўлса ва у йўловчиларга тажовуз қилиб, бирон кишини қопиб олса, ўша итнинг эгаси бунга зомин бўлади.

Агар уйининг орқасига бирон мақсадда фойдаланиш учун ўра қазиб қўйган бўлса, шу сабабли етган талафотга зомин бўлади. Чунки, йўловчиларга зарар етказмаслик чораларини кўриб қўйиши лозим эди, устини очиқ қолдириши тажовуз саналади.

Агар бировнинг чорва ҳайвонлари бўлса, уларни тунда бировларнинг экин-тикинини пайхон қилишдан сақлаши лозим бўлади. Агар қаровсиз қолдириши туфайли улар пайхон қилишса, эгаси бунга зомин бўлади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мол-мулк эгалари кундуз куни уларни ўзлари қўриқлашларига ҳукм қилганлар, тунда етказилган талафот тўланади (Абу Довуд (3569), Ибн Можа (2332), Аҳмад (5/436, №23691) Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Демак, кундузи куни бировнинг экинини пайхон қилган ҳайвоннинг эгаси бунга зомин бўлмайди, фақат ўша жойнинг яқинига ўзи ҳайдаб юборган бўлса, бунга зомин бўлади.

Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламоларга кўра, кундузида қўйиб юборилган чорва ҳайвони бировнинг мол-мулкига зиён етказса, ҳайвон эгаси бунга зомин бўлмайди, тунда етказган зиёнига зомин бўлади. Чунки, урф-одатга кўра, экин эгалари кундузида уни қўриқлайдилар, чорва ҳайвонлари эса кундузи қўйиб юборилиб, оқшом пайти қамаб қўйилади» (Тафсирул-Бағавий: 3/253). Ким бунга хилоф иш қилса, урф-одатдан чиққан бўлади. Бу ҳукм, қачонки, ҳайвоннинг эгаси у билан бирга бўлмаган ҳолатга хосдир, агар эгаси бирга бўлса, етказган зиёнга зомин бўлади муқаррар.

Аллоҳ таоло Довуд ва Сулаймон алайҳимассаломнинг шу борада қилган ҳукмларини ҳикоя қилади: «Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини (эсланг). Ўшанда унга қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб (уни пайҳон қилиб юборган) эди. Биз улар (чиқарган) ҳукмга шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз ҳар иккисига ҳикмат-пайғамбарлик ва илм ато этдик». (И з о ҳ . Ривоят қилишларича, Довуд ва Сулаймон пайғамбарларнинг олдиларига икки киши бир можаро хусусида ҳукм сўраб келади. Улардан бирининг қўйлари иккинчисининг экинзорига кириб кетиб бирон нарсани соғ қолдирмай пайҳон қилиб чиқиб кетган эди, Довуд алайҳис-салом қўйлар экинзор эгасига берилсин, деб ҳукм чиқарадилар. Буни эшитган ўғиллари Сулаймон алайҳис-салом эса «ерни қўйларнинг эгасига, қўйларни эса экинзор соҳибига берилса-ю, қўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач, қўйларини қайтиб олса. Шу муддат ичида экинзор соҳиби у қўйларнинг юнги, сутидан фойдаланиб, шу даврда туғилган қўзиларини ҳам ўзига олиб қолса», дейдилар. Шунда Довуд Сулаймонга қараб: «Ўғилчам, сенинг ҳукминг тўғрироқдир», деб ўз чиқарган ҳукмларини бекор қилади...) (Анбиё: 78, 79).

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қуръонда Сулаймон алайҳиссаломни унга бил-мисл (яъни, тенгма-тенг, икки томонлама) зоминлик ҳақидаги ҳукмни англатилгани билан мақталди. «Нафш» (نفش) тунда қўй боқиш маъносидадир. Ҳодиса узумзор боғда бўлганди. Довуд алайҳиссалом талафот етказилган нарсанинг қийматини беришга ҳукм қилди, қўйларнинг баҳосини ўшанинг қийматига тенг деб топди ва уларни экин эгаларига берди. Сулаймон алайҳиссалом ҳам қўйларнинг эгаларига зоминлик (зиённи тўлаш) ҳукмини чиқарди ва бунинг муқобилида боғ эгалари учун ҳам тенгма-тенг зоминлик бўлишини ҳукм қилди. Яъни, улар (яъни, қўйларнинг эгалари) боғни обод қилиб, аввалги ҳолатга қайтарадилар. Пайхон бўлган вақтдан то эски ҳолига қайтгунича унинг ҳосилидан баҳраманд бўладилар. Боғ эгаларига эса уларнинг чорваларини берди ва улар боғдан оладиган фойдалари миқдорида чорвадан келадиган фойдадан фойдаланадилар. Сулаймон алайҳиссалом ҳар иккисидан келадиган фойдани баробар деб эътибор қилди. Аллоҳ таоло унга берган ва уни бу билан мақтаган илм шу эди» (Иъламул-муваққиъийн: 1/326).

Агар чорва ҳайвони (арқони) отлиқнинг ё етаклаб борувчининг ё ҳайдаб бораётган кишининг қўлида бўлса, унинг қўли ва оғзи каби олдинги аъзолари билан қилган жиноятига зомин бўлади, оёғи каби орқа аъзоси билан қилган жиноятга зомин бўлмайди. Чунки, ҳадис борки: «Оёқ бекордир» (яъни, ҳайвоннинг орқа оёғидан етган зиён учун зоминлик йўқдир) (Абу Довуд (4592), Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Бир ривоятда: «Чорва ҳайвонининг оёғи бекордир» (Бухорий (1499), Муслим (1710) ривоят қилганлар).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мол, қўй ва бошқа чорва ҳайвонларининг жинояти ўзича (тасодифий) бўлса, унга зоминлик йўқдир. Мисол учун, бировнинг қўлидан қочиб кетиб, бирон жойни пайхон қилса, модомики, қутурган бўлмаса ёки эгаси тунда ё мусулмонларнинг бозори ё жамоат жойларида уни қамаб ё боғлаб қўйишга эътиборсизлик қилган бўлмаса, унга ҳеч ким зомин бўлмайди» («Ҳошиятур-равзил-мурбиъ» соҳиби ундан нақл қилган: 5/422). Бошқа бир қанча уламоларнинг сўзларига қараганда ҳам, агар чорва ҳайвони етакловчисиз ва ҳайдовчисиз ўзи қочиб кетган бўлса, қутурган ва қопағон бўлмаса, унга зоминлик йўқдир.

Агар бир кишига бир одам ё ҳайвон ҳужум қилса, ўзини ҳимоя қилиш учун ўлдиришдан бошқа чора топмаса ва уни ўлдирса, унга зомин бўлмайди. Чунки, у ўзини ҳимоя қилиш учун ўлдирди, ўзини ҳимоя қилиш жоиз ва унинг ортидан келадиган оқибатга зомин бўлмайди, уни ўлдириш унинг ёмонлигидан сақланиш учун бўлди, агар ёмонлигидан сақланиш учун ўлдирган бўлса, ҳужум қилган кимса ўзини ўзи ўлдиргандек бўлади.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Киши ҳамла қилган одамдан ўзини ҳимоя қилиши лозим. Агар ўлдиришдан бошқа йўл билан ҳимоялана олмаса, уламолар иттифоқига кўра, бу унга жоиз бўлади» (Ал-фатавал-кубро: 4/595).

Лаҳв (яъни, беҳуда ўйин ва мусиқа) асбоблари, салиб (хоч), маст қилувчи ичимлик идишлари, залолат, хурофот, фаҳш ва бузуқлик ҳақидаги китобларга етказилган талафотлар учун ҳам зоминлик бўлмайди. Чунки, Имом Аҳмад Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тиғ олишга буюрдилар, сўнг Мадина бозорларига чиқдилар, бозорларда Шомдан келтирилган хамр солинадиган мешлар бор эди, уларни у зотнинг олдиларида йиртиб ташланди, асҳобларига ҳам шундай қилишни буюрдилар (Муснад Аҳмад: 2/132, №6165).

Ушбу ҳадис уларга талафот етказишни талаб қилишга ва бунинг учун зоминлик йўқлигига далолат қилади. Лекин, бу иш, фойдаси кафолатланган ва зараридан омонликда бўлиш учун, албатта ҳукуматнинг буйруғи ва назорати билан бўлиши даркор.

^ Вадиъага (омонат қўйилган молга) доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Вадиъа (омонат) қўйиш – табарруъан (ихтиёрий) сақлашга топширишдир.

Шаръий истилоҳда вадиъа деб ҳақсиз-тўловсиз сақлаб берадиган одамга топширилган молга айтилади.

Омонат қўйилиш яроқли бўлиши учун вакил қилинишда эътиборли бўлган шартлар – балоғатга етган бўлиш, оқиллик, эс-ҳуши жойида бўлиш шарт қилинади. Чунки, омонат қўйиш – сақлаб бериш учун вакил қилишдир.

Ўзини ишончли ва асраб-авайлашга қодир деб билган киши учун омонатни қабул қилиш мустаҳабдир. Чунки, бу ишда кўп ажр-савоблар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Модомики, банда биродарига ёрдам бериб тураркан, Аллоҳ таоло унга ёрдам бериб туради» (Муслим (2699) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Қолаверса, одамларнинг ҳам бунга ҳожатлари бордир. Аммо, ким ўзида омонатни асрашга қудрат бор деб билмаса, уни қабул қилиши макруҳдир.

Омонатга доир ҳукмлардан бири шуки, агар омонат омонатга қўйилган кишининг қўлида унинг айбисиз, масалан, унинг моллари орасида талафотга учраса, унга зомин бўлмайди. Чунки, у омонатдир, омонатдор киши агар тажовуз қилмаган бўлса, зомин бўлмайди. Заифроқ бир ҳадис борки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимга омонат қўйилган бўлса, унга зоминлик йўқ», деганлар (Ибн Можа (2401) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Дорақутний ривоятида: «Хиёнат қилмайдиган ориятга олган киши зиммасида зоминлик йўқ, хиёнат қилмайдиган омонатга қўйилган киши зиммасида зоминлик йўқ» (Дорақутний (3/14, №168) ривояти). Бир ривоятда: «Омонат қўйилган киши зиммасида зоминлик йўқ» (Дорақутний (3/14, №168), Байҳақий (6/289) ривояти). Чунки, омонат қўйилган одам уни табарруъан (ихтиёрий, ҳеч қандай ҳақсиз-муқобилсиз) сақлаб беради. Агар унга зомин бўладиган бўлса, одамлар омонатни қабул қилишга кўнмай қўядилар ва бунинг ортидан одамларга зарар етади.

Аммо, омонатга тажовуз қилган ёки уни сақлашда бепарволик қилган одам агар унга талафот етса, зомин бўлади. Чунки, у бировнинг молига талафот етказган бўлади.

Омонатга доир ҳукмлардан яна бири шуки, омонат қўйилган одам уни худди ўзининг молини асрагандек асраши лозим бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло омонатни адо қилишга буюради: «Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга ... буюради» (Нисо: 58). Омонатларни топшириш эса уларни асраб-авайлаш билан бўлади. Омонат қўйилган одам уни қабул қилаётганида уни сақлашни ўз зиммасига олган бўлади, энди зиммасига олган ишни бажариши лозим.

Агар омонатга қўйилган нарса жонивор бўлса, омонат қўйилган киши уни боқиб туриши лозим. Агар эгасининг амрисиз уни озуқасиз қўйиб, зиён етказса, унга зомин бўлади. Чунки, ҳайвонни боқишга буюрилган. Унга зомин бўлишидан ташқари, овқатсиз ва сувсиз ташлаб қўйиб, ўлимига сабаб бўлгани учун гуноҳкор ҳам бўлади. Чунки, Аллоҳ ҳаққи учун унга ем-сувини бериб туриши лозим эди, унинг ҳурмати бор эди.

Омонат қўйилган одам омонатни одатда ўзининг молини сақлаб берадиган кишига, масалан, аёлига, қулига, хизматчисига, ғазначисига бериши мумкин. Агар омонатга улардан биронтасининг қўлида унинг айбисиз ва тажовузисиз талафот етса, унга зомин бўлмайди. Чунки, омонатга унинг ўзи ёки унинг бирон ўринбосари қараб туриши жоиздир. Шунингдек, уни одатда ўша омонат эгасининг молини сақловчи кишининг қўлига топширса, ундан хориж бўлади.

Аммо, агар уни ўзига ҳам, мол эгасига ҳам бегона бўлган кишининг қўлига берса ва унга талафот етса, омонат қўйилган киши зомин бўлади. Чунки, у уни узрсиз бошқа бировга омонат қўйиши мумкин эмас эди. Агар мажбурлик юзасидан уни бир бегона қўлига топширган бўлса, яъни, масалан, ўлим ҳозир бўлгани ё сафарга чиқмоқчи бўлиб, уни ўзи билан бирга олишдан хавф қилгани учун берган бўлса, зарари йўқ ва агар талафот етса зомин бўлмайди.

Агар хавф юзага келса ёки омонат қўйилган киши сафарга чиқадиган бўлиб қолса, омонатни эгасига ё унинг вакилига топшириши лозим бўлади. Агар эгасини ҳам, унинг вакилини ҳам тополмаса, имкони бўлса, уни ўзи билан бирга сафарга олиб кетади. Агар сафарда олиб юриши хавфли бўлса, ҳокимга топширади. Чунки, ҳоким молнинг эгаси йўқ бўлган ҳолда унинг ўрнига ўринбосар бўлади. Агар ҳокимга бериш имкони бўлмаса, уни бирон ишончли киши қўлида қолдиради. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратга кетишлари олдидан ўзларида бўлган омонатларни Умму Айман розияллоҳу анҳога омонат топширганлар ва Алий розияллоҳу анҳуга уларни ўз эгаларига топширишни буюрганлар (Байҳақий (6/289) Оиша розияллоҳу анҳодан ривояти). Шунингдек, ўлими ҳозир бўлган одам ҳам агар олдида бировларнинг омонатлари бўлса, уларни эгаларига топшириши, агар бунинг имкони бўлмаса, ҳокимга ёки бирон ишончли кишига омонат қолдириши лозим бўлади.

Омонатга тажовуз қилиш туфайли унга талафот етса, унга зомин бўлади. Яъни, масалан, (от, туя каби) бирон ҳайвонни омонат қўйилган бўлса, боқиш ё суғоришдан бошқа мақсад учун минса ёки бирон кийимни омонат қўйилган бўлса ва уни куя тушиш хавфи бўлмаган ҳолда кийса, ёки оғзи маҳкамланган ҳамёнда пул омонат қўйилган бўлса, унинг оғзини ечиб юборса, мана шу ҳолатларда агар омонатга талафот этса, унга зомин бўлади.

Омонатдор киши амин-ишончлидир, унинг омонатни ўз эгасига ёки унинг вакилига топширгани ҳақидаги даъвоси қабул қилинади. Шунингдек, унинг омонат унинг бепарволигисиз талафотга учрагани ҳақидаги даъвоси қасами билан қабул қилинади. Чунки, у омонатдордир. Аллоҳ таоло вадиъани омонат деб номлади: «Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради» (Нисо: 58). Аслида, агар унинг ёлғонлаётганига қарина-белги бўлмаса, у пок саналади. Шунингдек, агар бирон ҳодиса туфайли, яъни масалан, ёнғин сабабли омонатга талафот етганини даъво қилса, ўша ҳодисанинг ҳақиқатда бўлганига далил келтирсагина унинг даъвоси қабул қилинади.

Агар омонатнинг эгаси уни қайтариб беришини талаб қилса-ю, қайтаришни узрсиз кечиктирса ва оқибатда унга талафот етса, бунга зомин бўлади. Чунки, эгаси талаб қилганидан кейин ҳам ушлаб туриш билан ҳаром ишни қилган бўлади, валлоҳу аълам.




Похожие:

Таржимон: Ислом нури www iconТаржимон: Ислом нури www. Islamnuri
Аёл кишига ҳажнинг вожиб бўлиши шартлари ва бировнинг ўрнига ҳаж қилишга доир аҳкомлар ҳақидаги боб
Таржимон: Ислом нури www iconТаржимон: Ислом Нури
Дунёнинг қадр-қиммат ва шараф сояси остида барқарор ҳаётга интилувчи барча аёлларга. Муҳаммад Аҳмад Муаббар ал-Қаҳтаний
Таржимон: Ислом нури www iconТаржимон: Ислом нури веб саифаси
Бу мавзу ҳам ғоят муҳим мавзулардан бўлиб, фуқаҳолар ўз китобларида унга кенг ўрин ажратганлар, унинг ҳукмларини батафсил баён қилганлар,...
Таржимон: Ислом нури www iconЗакот китоби [ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ] Таржимон: Ислом нури веб саифаси
Аллоҳ сизу бизни муваффақ қилсин, билингки, закотга доир аҳкомлар ва унинг шартлари тафсилотини ўрганиш, закот кимнинг зиммасига...
Таржимон: Ислом нури www iconНашир килди: Ислом Нури
Сир эмаски, бугунги кунда кўпгина Ислом диёрларида аёлларнинг ҳижоб масаласида сусткашликларга йўл қўйиб, ясан-тусан қилиб юришлари...
Таржимон: Ислом нури www iconНашир килди: Ислом Нури
Аллох таъолога хамду санолар, Пайгамбаримиз Мухаммад саллаллоху алайхи ва салламга салоту саломлар бўлсин!
Таржимон: Ислом нури www iconНашир килди : Ислом Нури
Аллохга хамдлар, пайгамбаримизга, унинг оиласи ва уларга яхшилик билан эргашган кишиларга салавот ва саломлар бўлсин
Таржимон: Ислом нури www iconНашир килди: Ислом Нури
...
Таржимон: Ислом нури www iconНашир килди : Ислом Нури
Барча оламларнинг хукмдори, мехрибон ва рахмли, киёмат кунининг подшоси бўлмиш Аллох таъолога хамду санолар бўлсин, яхши окибат такво...
Таржимон: Ислом нури www iconHttp://www koob ru
Центр игро. 2005 год. При использовании ссылка на сайт www ritorika igro ru обязательна
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©cl.rushkolnik.ru 2000-2013
При копировании материала обязательно указание активной ссылки открытой для индексации.
обратиться к администрации
Документы