Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий icon

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

НазваниеМутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
страница1/5
Дата конвертации07.11.2014
Размер0.63 Mb.
ТипДокументы
  1   2   3   4   5
1. /Rasululloh sevgisi va uning alomatlari.docМутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий



Муаллиф: Шайх Фазл Илоҳий

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Расулуллоҳ севгиси ва унинг аломатлари
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
КИРИШ
Шубҳасиз барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамдлар айтиб, Ундан ёрдам ва мағфират сўраймиз. Нафсимизнинг ёмонликлари ва ёмон амалларимиздан Унга сиғинамиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилгувчи зот йўқдир. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Унинг шериги ҳамда тенги йўқ эканига, Муҳаммад Унинг бандаси ва пайғамбари эканига гувоҳлик бераман. Унга, унинг оиласи, саҳобалари ва унга яхшиилк билан эргашган барчага салавоту саломлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни барча махлуқлардан кўра кўпроқ суюш, бандаларнинг бурчи эканлигида ҳеч шубҳа йўқдир. Бунинг дунё ва охират ҳаётида катта ижобий самаралари бор. Бироқ, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам севгисини даъво қилган айрим шахслар меъёрдан ошаётган бўлсалар, айримлари бу муҳаббатнинг маъносини ўта тор олмоқдалар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшнинг аҳамияти, самаралари ва ҳақиқий маъноси ҳақида аввало ўзимни, сўнгра дўстларимни огоҳ қилиш ҳамда шуурларининг очилишида ёрдамчи бўлиши учун, Буюк Аллоҳнинг мадади билан, қуйидаги саволларга жавоб изламоқчи ҳамда бу мавзуни муфассалроқ очмоқчи бўлдим:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшнинг ҳукми нима?

Бу севгининг дунё ва охиратдаги самаралари нима?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюш аломатлари нима?

Саҳобалар –Аллоҳ улардан рози бўлсин- ҳаётида бу аломатлар қандай зоҳир бўлар эди?

Ва биз қандай ҳолатдамиз?

Бу мавзуни уч баҳсда, қуйидагича қаламга олдим:

Биринчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун махлуқлардан ортиқ суюшнинг зарур экани.

Иккинчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюш самаралари.

Учунчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюш аломатлари.

Ушбу рисола аслида, Қудратли Аллоҳнинг лутфи билан, илк Саудия Арабистони Умумхавфсизлик Бўлими қошидаги Диний Ишлар Доираси тарафидан ҳафтаномада босилиб чиққан, уни баъзи нашриётлар нақл этиб босган эдилар. Шунинг учун мен, уни қайта кўриб чиқдим: янги қўшимчалар қўшдим, тузатишлар киритдим.

Буюк ва қудрати чексиз бўлган Аллоҳ таолодан ушбу қилган ишимни Ўз ризолигига етиш учун васила, менга ва буни ўқиган китобхонларга молу дунё ва фарзандлар наф бермайдиган бир кунда фойдали қилишини, барчамизга Ўзини ҳамда пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшни насиб этиши ҳамда мангу неъматлари бўлган жаннатига у билан бирга киритиб, марҳаматлар қилишини сўраймиз. У Аллоҳ – барча нарсани эшитувчи ва дуоларни қабул қилувчи Зотдир!

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз, Унинг оиласи, саҳобалари Унга яхшилик билан эргашган барчага салавоту саломлар ва баракотлар йўлласин!
БИРИНЧИ БАҲС:

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИ БАРЧА МАХЛУҚОТДАН ОРТИҚ СУЮШНИНГ ЗАРУРАТИ

Табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюш иймоннинг бир парчаси эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жон, ота-она, фарзанд, оила аъзолар, молу дунё ва барча инсонларни севгандан кўра кўпроқ суюш зарур эканини ифода этган жуда кўп насс – оят ва ҳадислар бор. Уни бундай суймаган банда ўзини дунё ва охиратда Аллоҳнинг азобига гирифтор қилади. Қуйида бу нассларнинг баъзиларини эслатиб ўтмоқчимиз:

А – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жонимиздан ҳам ортиқ суюшимизнинг зарурати

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Ҳишом розияллоҳу анҳудан нақл қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша пайтда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қўлларини ушладилар. Умар розияллоҳу анҳу: "Эй Аллоҳнинг расули! Мен сизни ўз жонимдан бошқа барча нарсадан кўра яхши кўраман!"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Жоним қўлида бўлган Зот номига қасам ичиб айтаманки, мени ўз жонингиздан ҳам ортиқ суймагунингизча бўлмайди!"- дедилар.

Шу заҳоти Умар розияллоҳу анҳу: "Мана ҳозир Аллоҳга онт ичиб айтаманки, Сизни ўз жонимдан ҳам ортиқ суймоқдаман" деганида расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мана энди бўлди, эй Умар!"- дедилар (Имом Бухорий ривояти: 6632, 11 / 523).

Машҳур олим Авний раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:"Жоним қўлида бўлган Зот номига онт ичиб айтаманки, мени ўз жонингиздан ҳам ортиқ суймагунингизча бўлмас!" сўзларини "Иймони комил бўлмас", "Мана энди бўлди" деган сўзларини эса: "Иймонингиз камолига етди" дея тафсир қилди ("Умдатул-қорий", 23 / 169).

"Жоним қўлида бўлган Зот номига онт ичиб айтаманки" жумласининг диққатни жалб этган томони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қасам ичишларидир. Зотан, қасам ичмаса ҳам айтган барча сўзлари тўғри бўлган зотнинг сўзлари, қасам ичганидан сўнг қандай бўлиши мумкин?! Чунки қасам, айтилган сўзнинг маъноларини яна ҳам таъкидлаш учун истеъмол қилинади ("Умдатул-Қорий", 1 / 143).

Б - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ота-она ва фарзанддан ҳам ортиқ суюшнинг зарурати

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Жоним қўлида бўлган зотга онт ичиб айтаманки, сизлардан бирингиз мени отаси ва фарзандидан ортиқроқ суймагунича тўла иймон келтирган бўлмас" (Имом Бухорий: 14; 1 / 58).

Кўриниб турганидек, ростгўйлиги тасдиқланган Зот қасам ичмоқда (Унга салавоту саломлар бўлсин).

Ажабо, она ҳам (ҳадисда зикри келган) "ота" сўзининг маънолари остига кирадими ёки йўқми? Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ бу саволга қуйидагича жавоб берган: "Агар "волид" сўзи билан фарзанди бўлган кимсани қасд қилинаётган бўлса, маъно умумийдир. Бошқача қилиб айтсак, икки зиддан бирини зикр қилиш билан кифояланилганидек, бу ерда ҳам мисол ўлароқ келтирилган бир исмдан, бутун севимли инсонлар назарда тутилгандир. Яъни, барча қийматли махлуқлардан ҳам ортиқ суймагунча...", демакдир" (Фатҳул-Борий, 1 / 59).

В – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз жуфти, мол-дунёси ва бутун махлуқлардан ҳам ортиқ суюшнинг зарурати

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларини ривоят қилди: "Банда Мени жуфти, мол-дунёси ва барча инсонлардан кўра ортиқ суймагунча комил мўъмин бўлмас!" (Имом Муслим ривояти: 69, 1 / 67. Ушбу ҳадисни айни шаклда Ҳофиз Абу Яъло ўз "Муснад"ида ривоят қилди: 3895; 7 / 8).

Г – Бирон бир махлуқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ортиқ суйган кимсага таҳдид

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ота, фарзанд, жуфт ёки қариндош-уруғидан биронтаси, тижорати ёки турар-жойларини Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилишдан кўра ортиқ севган кимсани илоҳий жазо билан қўрқитмоқда: "Айтинг: Агар оталаринигз, фарзандларингиз, қариндошларингиз, жуфтларингиз, уруғингиз, эришган бойлигингиз, инқирозга юз тутишидан қўрққан тижоратингиз ва рози бўлган турар-жойларингиз Аллоҳ, Расулуллоҳ ва Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан кўра севимлироқ бўлса, Аллоҳ амри (азоби)ни олиб келгунича кутинг! Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас!" (Тавба: 24).

Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оятни: "Яъни, Аллоҳ, Расулуллоҳ ва Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан севимлироқ бўлса, бунинг бошингизга келтирадиган жазосини кутинг!"- дея тафсир қилди (Рофиъий "Мухтасару ибн Касир", 2 / 324).

Мужоҳид ва Ҳасан раҳимаҳуллоҳлар Аллоҳ таолонинг "Аллоҳ ўз амри (азоби)ни олиб келгунича" оятини: "Дунё ёки охиратда унинг жазосини кутингиз!" дея тафсир қилдилар (Қуртубий, 8 / 95-96).

Буюк аллома Замахшарий раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида: "Бу ояти карима жуда ҳам оғир ҳукмни ўз ичига олган. Бундан кўра оғирроқ ҳукмни ўз ичига олган бошқа бир оятни кўрмайсиз"- деди (Кашшоф, 2 / 181).

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ эса: "Ояти каримада Аллоҳ ва Унинг расулини суюшнинг фарз эканига ҳужжат бор. Бу хукмга барча уламолар якдил фикр билдирганлар. Ўзига хос бу муҳаббат, севилган барча нарсадан олдин келиши шартдир"- деди (Қуртубий, 8 / 95. Шайх Абу Бакр Жазоирий "Айсарут-Тафасир"2 / 177).
ИККИНЧИ БАҲС:

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИ СУЮШНИНГ САМАРАЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг севгимизга эҳтиёжи йўқ эканини айтишга ҳожат бўлмаса керак. Бизнинг севгимиз унинг мақомини кўтармаганидек, севмаслигимиз унинг мақоми ва шарафини пасайтирмайди. Қандай ҳам пасайтирсин? Ахир у - Оламлар Роббиси суйган банда-ку!!

Бундан ташқари, ундан ўрнак олиб эргашган кимсани Аллоҳ яхши кўради ва гуноҳларини кечиради: . «Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Оллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Оллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Оллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир». (Оли Имрон: 31).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатидан уни суйганларгина фойдаланиб, дунё ва охиратдаги бахт-саодатни қўлга киритадилар. Шу ерда бу бахтиёрликни тафсилоти билан баён қилиш учун мисоллар келтирсак фойдадан холи бўлмаса керак.

1. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни суюш, иймон лаззатини қўлга киритиш сабабларидан биридир.

Қудратли Роббимиз иймон лоззатини қўлга киритиш учун сабаблар шодасини териб қўйди. Улардан бири - Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни Борлиқдаги барча мавжудотдан кўра ортиқроқ суюшдир. Имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Уч хислат борки, улардан биронтаси кимда бўлса, у одам иймон лаззатини топади: Аллоҳ ва расулини бошқалардан кўра кўпроқ суймоқ, севган кишисини Аллоҳ учун севмоқ ва оловга ташланишини ёқтирмаганидек куфрга қайтишни ёқтирмаслик" (Имом Бухорий, 16; 1 / 60; Имом Муслим: 43; 1 / 66. Бу ерда келтирилган лафз Имом Бухорийникидир).

Уламолар айтган сўзларга қараганда, иймон ҳаловатини топишнинг маъноси – ибодатлардан лаззат олиш, дин йўлидаги машаққатларга сабр қилиш ва буни дунё манфаатларидан устун кўриш, демакдир (Нававий шарҳи, "Фатҳул-Борий": 1 / 61).

Аллоҳим! Эй Оламлар Роббиси, бизни бу ширин меванинг тотидан маҳрум этма!
2. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни суйган у билан охиратда бирга бўлади

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни суйган банда охиратда, албатта, у билан бирга бўлади.

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳудан нақл қилган ривоятда шундай дейилади: "Бир одам расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: "Эй Аллоҳнинг расули, Қиёмат қачон бўлади?", деб сўради. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: "Қиёмат учун нимани ҳозирладинг?"- дедилар. Ҳалиги одам: "Аллоҳ ва расулига бўлган севгини!"- деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳеч шубҳа йўқки, сен суйганларинг билан бирга бўласан"- дедилар". Анас розияллоҳу анҳу: "Ислом динини қабул қилган кунимиздан буён Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг "Ҳеч шубҳа йўқки, сен суйганларинг билан бирга бўласан" деб айтган сўзларидан севинганимиздек севинмаган эдик", деди.

Анас розияллоҳу анҳу: "Мен Аллоҳ, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларни яхши кўраман. Менинг қилган амалларим уларнинг қилган амаллари олдида арзимас бўлсада, улар билан бирга бўлишни орзу қиламан"- деди (Имом Муслим, 2639; 4 / 2032 – 2033. Бунга ўхшаган бир ҳадисни имом Бухорий ҳам ривоят қилди. Қаранг: 6167; 10 / 553).

Имом Бухорий ва имом Муслим келтирган бошқа бир ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деди: "Бир одам Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: "Эй Аллоҳнинг расули, бир жамоани яхши кўришига қарамай улардек яхши амалларни қила олмаган одам ҳақида нима дейсиз?"- деб савол берди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: "Киши ўзи суйган одамлар билан бирга бўлади", деб жавоб бердилар" (Имом Бухорий: 6169; 10 / 557; Имом Муслим: 2640; 4 / 2034. Ҳадис лафзи имом Бухорийникидир).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: "Киши ўзи суйган одамлар билан бирга бўлади" дейишларидан мақсад: "У билан жаннатда бирга бўлади", демакдир (Умдатул-Қорий, 22 / 197).

Аллоҳу Акбар! Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни суйган кимсанинг мукофоти нақадар катта экан-а!!
УЧИНЧИ БАҲС:

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА

САЛЛАМНИ СУЮШ АЛОМАТЛАРИ
КИРИШ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшнинг бир неча аломатлари бор. Уламолар ушбу мавзу ҳақида баъзи фикрларни билдирганлар. Масалан, Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ шундай деган: "(Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатига ёрдамчи бўлиш, шариатини ҳимоя қилиш, унинг ҳаётлик даврида ҳузурига шошилиб, унинг йўлида жонини фидо ва бойликларини сарф қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшликдандир." (Нававий шарҳи: 11/16).

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ шундай деди: "Мазкур муҳаббатнинг аломатларидан бири қуйидаги ҳолатда маълум бўлади. Имконида бўлган бир мақсади билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришдан маҳрум қолиш ўртасида танлов ихтиёри берилган одам, агар Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришдан маҳрум қолмасликни танласа, унинг муҳаббати самимийдир. Йўқса, самимий эмасдир. Бу топиш билан йўқотиш (маҳрум бўлиш)гагина чекланган эмас. Балки бунинг мисоли Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига ёрдамчи бўлиш, шариатини ҳимоя қилиш, унга мухолиф бўлганларни бартараф қилишда ҳам кўринади. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳам, шу жумладандир" ("Фатҳул-Борий", 1 / 59).

Аллома Авний раҳимаҳуллоҳ шундай деди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишни ҳоҳлаш ва Унга хилоф бўлган ишларни тарк этиш - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюш аломати эканини унутманг. Ҳолбуки бу, Ислом фарзларидан биридир" ("Умдатул-Қорий": 1 / 144).

Уламоларнинг мазкур сўзларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат аломатларининг баъзилари қуйидагилар эканининг хулосасига боришимиз мумкин:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш, унинг суҳбатидан баҳраманд бўлишни севиш ва ундан маҳрум қолишни ўзи учун севимли энг қимматли нарсани йўқотишдан кўра оғирроқ мусибат деб билиш.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун жони ва молини фидо этиш учун доимо тайёр туриш.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат қилиб,таъқиқларидан узоқ бўлиш.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини амалга оширишда ёрдамчи бўлиш ва Унинг шариатини ҳимоя қилиш.

Ўзида ушбу аломатларни кўрган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатга муваффақ қилган Аллоҳга ҳамд айтсин ва ундан бу муҳаббатда мудом қолиш учун сабот беришини сўрасин. Бу муҳаббатдан бутунлай ёки қисман маҳрум бўлган инсонлар эса, на фарзанд ва на мол-дунё фойда бермайдиган ўзгача бир кунга етиб келишдан аввал, ўзини ҳисоб-китоб қилсин! Зеро, у кунда банданинг қилган ҳар бир амали ошкор бўлади. Шундай экан, у Аллоҳ ва мўъминларни алдаш у ёқда турсин, алдашни хаёлига ҳам келтирмасин! Чунки, Аллоҳ таолони алдамоқчи бўлган кимсалар ўзларинигина алдайдилар. «Улар Оллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар.» "Аллоҳ ва мўъминларни алдамоқчи бўладилар, бироқ, ўзларидан бошқасини алдамаслар. (Шундай бўлсада) буни билмайдилар" (Бақара: 9).

Қудратли Аллоҳнинг мадади билан саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатларини қоғозга тушурар эканман, биз мусулмонларнинг ҳозирги ҳолимизга ҳам бир назар ташлаб ўтмоқчиман. Шояд Аллоҳ таоло ҳолимизни ислоҳ этиб, бизни тўғри йўлга йўлласа. Ҳар бир аломатни алоҳида бир сарлавҳа остида келтиришга ҳаракат қиламан.
Биринчи аломат:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш ва унга суҳбатдош бўлишни орзу қилиш ҳамда булардан маҳрум бўлишни дунёдаги энг қимматли нарсадан маҳрум қолишдан кўра оғирроқ мусибат деб билиш

Маълумки, инсоннинг орзу қилиб, севиши мумкин бўлган катта нарса – суйган кимсасини кўриш ва унинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш бахтига муяссар бўлишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйган ҳар бир одам, шубҳасиз, Уни кўриш ва Унинг суҳбатида иштирок этишни орзу қилади. Дунё ва охиратда У билан бирга бўлишни умид қилади. Бундай бахтга эришишни бутун иштиёқи билан кутади. Агар бу бахтиёрлигига дунё неъматларининг барчасини қиёсланса, у бу бахтни танлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғурурли юзига боқиб севинса, суҳбатдош бўлиш билан саодат шуурини ҳис этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш ва унга суҳбатдошликдан маҳрум қолиш қўрқуви уни қайғуга солади, Ундан узоқда қолиш, унинг кўзларидан ёшларни оқизади.

Қуйида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни самимий суйган кимсаларнинг лол қолдирувчи баъзи ишларини қаламга оламиз:
1.Абу Бакр ас-Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳижрат қилишини эшитгани он, кўз ёши тўккани

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан ушбу ривоятни келтирди: "Кунларнинг бирида пешин иссиғи куйдирган бир пайтда бир киши Абу Бакрга: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошини ўраб келмоқдалар", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай вақтда бизникига келмас эдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу: "Ота-онам Унга фидо бўлсин! Аллоҳга қасамки, Уни бу вақтда келишга ўта муҳим бир иш мажбур қилган бўлса керак"- деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етиб келиб, кириш учун изн сўрадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу унга изн берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: "Ёнингизда ким бўлса, ташқарига чиқаринг!"- дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: "Отам Сизга фидо бўлсин, ёнимда бўлганларнинг барчаси Сизнинг оилангиздир"- деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳижрат қилиш учун менга рухсат берилди", дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг: "Отам Сизга фидо бўлсин! Мен ҳам сиз билан бирга бўламанми?", деб берган саволига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳа"- деб жавоб бердилар" (Имом Бухорий: 3905; 7 / 231).

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ушбу сафарнинг машаққат ва таҳликаларини жуда яхши биларди. Бироқ, бу унинг Расулуллоҳ оллаллоҳу алайқи ва саллам билан ҳамроҳликка на заррача таъсир кўрсатди ва на унга бўлган муҳаббатини камайтира олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг истагига ижобий жавоб берганини эшитган пайтда, кўзларидан севинч ёшлари оқа бошлади.

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ деди: "Ибн Исҳоқ ривоятида шундай зиёда бор: "Оиша розияллоҳу анҳо: "Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг йиғлаганини кўрдим. Мен шу пайтга қадар севинчдан одам йиғлайди деб ўйламас эдим"- деди" ("Фатҳул-Борий", 7 / 235. Ибн Ҳишом, "ас-Сийратун-набавийя", 2 / 93).
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиши сабабли ансор-мадиналикларнинг севиниши

Ансор киром Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юртларига ҳижрат қилгани ва у зотни кутиб олиш хабарини шавқ билан эшитдилар. Сунан-ҳадис ва сийрат китоблари уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олиш шавқлари ва улар ҳузурига келишлари сабабли севинчларини тасвир этган ифодаларни бизга қадар етказди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан Расул Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни Мадинанинг ташқарисидаги Ҳаррада қандай кутганларини нақл қилмоқда. Унинг ривоятида шу жумлалар бор:

"Мадинадаги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан чиққанликларини эшитган эдилар. Шунинг учун ҳам улар, ҳар куни Ҳаррага чиқишар ва чошгоҳ ҳарорати қовурмагунича у ердан жилмас эдилар. Кунларнинг бирида узоқ кутганларидан кейин уйларига қайтдилар. Улар уйларига кириб бўлишгач, бир яҳудий яҳуд қалъаларидан бирининг устига нимагадир қараш учун чиқди ва олисдан саробларда гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай келаётган оппоқ кийимдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ҳамроҳини кўрди-да: "Эй араблар, сиз кутган соҳибингиз келмоқда!",- деб бор овози билан ҳайқиришдан ўзини тута олмади.

Мусулмонлар зудлик билан қуролларини қўлга олдилар ва Ҳарранинг ортида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан бирга ўнг тарафга қараб йўл олдилар ва Амр ибн Авф қабиласида қўноқладилар" (Имом Бухорий: 3906; 7 / 239).

Аллоҳу Акбар! Мадиналиклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олиш учун нақадар шавқли ва самимий эдилар! Ҳар куни эрталаб Ҳаррага чиқишар ва чошгоҳ ҳарорати қовургандагина уйларига қайтар эдилар!

Ибн Саъд раҳимаҳуллоҳнинг ривоятида: "чошгоҳ иссиқлари куйдирганидагина уйларига қайтар эдилар" жумласи ("ат-Табақотул-кубро", 1 / 233), Ҳокимнинг ривоятида эса: "Пешин иссиғи безовта қилмагунича кутиб турар эдилар" жумласи бор ("ал-Мустадрак", 3 / 11).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансорлар тарафидан Мадинада қуйидагича кутиб олинганини ҳам ривоят қилди. Анас розияллоҳу анҳу деди: " Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳарранинг ён тарафида қўноқладилар. Сўнгра, ансорларга келганлари ҳақида хабар юбордилар. Хабарни эшитган ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, салом бердилар ва: "Ҳар икковингиз омонликда ва итоат қилинган ҳолда уловларингизга мининглар!"- дедилар.

Шундан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу уловларига миндилар. Қуролланган одамлар уларни орқа томонларидан ўраб олдилар. Мадина аҳли "Набиюллоҳ (Аллоҳнинг пайғамбари) келдилар! Набиюллоҳ келдилар!" дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлга чиқдилар ва Абу Айюб розияллоҳу анҳу хонадонининг яқинига етганларида тўҳтадилар" (Имом Бухорий: 3911; 7 / 250).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятга қараганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуни кутиб олиш учун беш юзга яқин мадиналик чиққан эди. Уларнинг ёнига етиб келган ансорлар: "Икковингиз ҳам омонлик ва итоат қилинган ҳолингизда юрингиз!"- дедилар ("ал-Фатҳур-Роббаний ли тартиби Муснадил-имам Аҳмад ибн Ҳанбал": 155; 20 / 291. Ушбу ҳадисни имом Бухорий ҳам "ат-Тарихус-сағир"да ривоят қилди. Қаранг: "Фатҳул-Борий", 7 / 250. Шайх Аҳмад Банно имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадис саҳиҳ эканини баён қилди. Қаранг: "Булуғул-амоний", 20 / 292).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуни мадиналиклар қандай кутиб олганларини Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг тилидан қуйидагича ривоят қилди: " Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ва мен) йўлда давом этдик ва Мадинага етиб келдик. Одамлар Расулуллоҳни кутиб олиш учун йўл ёқаси ва томлар устига чиққан эдилар. Чўрилар ва болалар югуришиб: "Аллоҳу Акбар! Расулуллоҳ келдилар" Муҳаммад келдилар!"- деб қичқирар эдилар. Мадина аҳлининг ҳар бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз уйда меҳмон қилиш учун бир-бири билан талашар эди... ("ал-Муснад": 3; 1 / 155. Шайх Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг санади саҳиҳ эканини айтди).

Анас розияллоҳу анҳу ушбу муборак кунда кўрганларини қуйидагича эслади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Мадинага кириб келганларидек бошқа нурафшон ва гўзал кунни ҳеч ҳам кўрмадим" (Имом Аҳмад ривояти. "ал-Фатҳур-Роббаний": 152; 20 / 290).

Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳу мадиналикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакрнинг келиши муносабати билан кўрган севинчларини қуйидагича баён қилди: "Мадиналикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли севинганларидек, бошқа бир нарса сабабли севинганларини ҳеч ҳам кўрмадим" (Имом Бухорий: 3925; 7 / 260).
  1   2   3   4   5




Похожие:

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий iconТаржимон: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Авлодларни тарбия килиш эса, ўлимдан кейинги хаёт учун колидирилган сармоядир. Шунинг учун хам, авлодларни тарбия килиш, саройлар...
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий iconМутаржим: Вадуд Ахмад Нашир килди
Анас розияллоху анху ривоят киладилар: “Расулуллох соллаллоху алайхи васаллам шундай мархамат килдилар: “Сизлардан бирортангиз, токи,...
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий iconШейх Омар Хайям Хронологическая канва жизни и творчества Гийас ад-Дина Абу-л-Фатха Омара Ибн Ибрахима ал-Хайями ан-Найсабури. Повесть о жизни Омара Хайяма, рассказ
Жизнь Абу-л-Хасана Али ибн Османа ибн Абу Али ал-Джуллаби ал-Худжвири ал-Газневи
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий iconДокументи
1. /Сунан Абу Дауд/Послание к верующим.txt
2. /Сунан...

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий icon] Абу Али АбдуЛлах أبو علي عبد الله عجاري Проверка: Абу Абдурахман Дагестани
Аллаху, готовиться к миру вечному и остерегаться того, что вызывает гнев Аллаха и неизбежно влечёт за собой гибель, и приведя их...
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий iconАбу воспитателя (вожатого) (выдержки из студенческих работ)
Делать неодобрительные замечания по поводу внешних и внутренних недостатков человека в присутствии других
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий iconАвтор: Мухаммад ибн ъабдуль-Уаххаб
Абу Саид рассказывал, что посланник Аллаха, да благословит его Аллах и приветствует, сказал
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий icon2013 1434 MyIslamicBooks tk Салафлар дурдоналаридан
Имом Аҳмад «Муснад»да саҳиҳ санад билан келтирган ҳадисда Абу Зар розияллоҳу анҳу шундай дейдилар
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий iconКадр кечаси Абу Закарийя ал-Маданий Бисмиллахир Рохманир Рохим
...
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий iconХукм того кто Намерелся сделать куфр Акбар
По свидетельству Абу Бакра (да будет Аллах благосклонен к нему!), который поведал нам о том, что Пророк (да благословит его Аллах...
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий iconДостоинства сподвижника Абу Бакра ас-Сиддика,да будет доволен им Аллах
Хвала Аллаху, Который выделил кого пожелал из Своих рабов, и возвысил в раю тех, кого возлюбил. Молитва и мир лучшему из пророков...
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©cl.rushkolnik.ru 2000-2013
При копировании материала обязательно указание активной ссылки открытой для индексации.
обратиться к администрации
Документы